Ҳар йили баҳорнинг илк кунлари юртимиз бўйлаб гулдек нозик ҳилқат вакилалари бўлмиш аёлларнинг байрами – 8 март нишонланади. Бу сана – меҳрибон онамиз, севимли опа-сингилларимиз, садоқатли аёлимиз, азиз устозларимиз ва ҳамкасбларимизни яна бир бор қадрлаш, уларга чексиз миннатдорчилик билдириш учун айни фурсатдир. Аёллар – нафақат оила таянчи, балки жамият тараққиёти ва келажагини белгилаб берувчи буюк кучдир. Шу боис бу кун ҳар бир юракка илиқлик улашадиган, муҳаббат ва ҳурмат баралла тараннум этиладиган айёмдир.
Мазкур айём аёлларнинг жамият ҳаётидаги бебаҳо ўрни ва улкан ҳиссасини яна бир бор эътироф этиш, уларга чуқур ҳурмат ва миннатдорлик изҳор этиш учун муҳим санадир. Хотин-қизлар нафақат оила мустаҳкамлиги, балки ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, маънавий юксалиш ва келажак авлод тарбиясида ҳам беқиёс ўринга эгадир.
Бугунги кунда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида хотин-қизлар фаолияти алоҳида эътирофга лойиқдир. Адолат, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлашдек мураккаб ва масъулиятли вазифаларни сидқидилдан бажараётган аёл судья ва ходималар нафақат касбий маҳорати, балки юксак инсоний фазилатлари билан ҳам юртдошларимиз ҳурматини қозонмоқдалар. Улар ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, жамиятда адолатга бўлган ишончни мустаҳкамлаш йўлида ибрат бўлиб келаётган фидойи ва ташаббускор инсонлардир.
Суд тизимида фаолият юритаётган аёллар нафақат ўз касбига садоқати, балки теран фикрлаши, ҳаётий тажрибаси ва инсонийлик фазилатлари билан ҳам юксак ҳурматга сазовордир. Шу боис, уларнинг сермазмун фаолиятини эътироф этиш, меҳнатларига муносиб баҳо бериш жамиятимиз учун ҳам ўта муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу сана муносабати билан аёл судья ва ходималарни тақдирлаш, уларнинг фидокорона меҳнатларини муносиб эътироф этиш мақсадида Бухоро вилоят маъмурий судида тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Маросимни Бухоро вилоят маъмурий суди раиси А.Ахмедов очиб, адолат ва инсоф, олий маънавият ва юксак масъулият тамойилларини ҳаёт тарзига айлантираётган, қонунчилик мезонларини сўзсиз таъминлаш билан бирга, ҳар бир фуқаронинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ўзига хос жасорат кўрсатиб, жамиятда тенглик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётган аёл судья ва ходималарни самимий қутлаб, уларнинг келгусидаги фаолиятида улкан зафарлар тилади.
Шундан сўнг, вилоят маъмурий суди раиси А.Ахмедов суд тизимида кўп йиллардан буён меҳнат қилиб келаётган Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси Г.Муллабаева Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Маҳкамова томонидан “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланганини эътироф этиб, судья Г.Муллабаевани ушбу юксак мукофот билан яна бир бор муборакбод этди.
Шунингдек, тадбирда вилоят маъмурий судининг архив мудираси Ю.Абдугаффорова, судья катта ёрдамчилари Ф.Умарова ва М.Тошева ҳамда тозаликка масъул бўлган ходималар М.Шарипова, М.Файзиева, Х.Раупова ва Ш.Абдиевалар вилоят маъмурий суди жамоасининг қимматбаҳо совғалари билан тақдиланди.
Тадбирда тадбир иштирокчилари, хусусан судьялар томонидан мунис ва мўътабар аёлларимизни байрам билан табриклаб, самимий тилаклар билдирилди.
БУХОРО ВИЛОЯТ МАЪМУРИЙ СУДИ
Сайт I
Telegram I
Facebook