4-қисмҚасрмонанд уйнинг кенг, салқин ҳовлисидаги ҳашаматли сўрида чой ичиб ўтирган Аслиддин отасига гап қотди.
—Дада, ТТЗдаги домга квартирант қўйсак дегандим.
Эркак бироз ўйлаб, секин гап бошлади.
—Сенга ҳалақит беряпдими?
—Йўқ, нега ҳалақит беради? Шунчаки ойимларга берардик ўша пулни. Ҳар ойда ўзлари учун ишлатардилар.
—Вой ўзим ўргилай сендан. Аёлнинг кўзлари порлаб кетди.
—Тўғри айтяпди дадаси, нима кўп қишлоқдан келганлар уйсизлар кўп. Ижарачи қўйсак, ойига 400-500 кўкида кеп турса ёмонми?
—Билганингни қил! Тўхтамурод гапни калта қилди.
Аслиддин ўрнидан туриб ҳовли адоғига қараб юрди. Телефонни қулоғига маҳкам босиб гапирди.
—Бўлди, бугун домимизга кўчираман сизларни!
Кибора қизлари билан янги уйга кириб келди. Аслиддин унга ким сўраса, ижарачимиз деб айтишни тайинлаб, жўнаб кетди.
Янги уйда ҳам ҳамма нарса муҳайё эди. Аммо қизлари хайрон бўлди.
—Нимага уйимиздан чиқиб кетдик ойи?
—Бу кимнинг уйи ойи?
—Энди шу ерда турамизми?
—Бу йигит ким?
Кибора ҳамма саволларга бирдан жавоб беришни истади.
—Ўтир,-деди катта қизига, сўнг кичигига ишора қилди
—Сен ҳам ўтир!
—Даданг қамоқлан қайтмас экан. Амакинг уйни биздан тортиб олди. Бу йигит энди сизларга оталик қилади. У бизга мана шу уйини берди! Энди шу ерда яшаймиз.
—Ойиии, —деди анча эси кириб қолган Малика, қанақасига у бизга оталик қилади, дадам қайтади, ойи, керакмас, келмасин, мен амаким билан гаплашаман, бизни ҳайдамайдилар, уйимизга кетайлик. Менга ёқмаяпди, ойи, илтимос, ойижон.
—Йўқ, уларга уй керак, сенинг керагинг йўқ! Мен Аслиддинга тегяпман. Энди отанг шу йигит!
Қиз бечора изиллаб йиғлар, кўнглини алам, ҳасрат, рашк, яна аллақандай тушунарсиз ҳислар эгаллаб борар, аммо унинг ҳолати онасининг тош юрагини зарра қадар юмшатолмасди.
Йиғлай-йиғлай кўнди Малика. Жавдираб-жавдираб кўнди Паризода ҳам...
Аслиддин энди истаган пайти бу хонадонга кириб келар, онанинг битта имоси билан қизлар кўчага чиқиб кетарди. Баъзан ётиб қоларди йигит...
Ижара пулини онасига берди йигит. Ўз уйига пул тўларди у.
Орадан олти ойлар ўтиб Киборанинг қистови билан домла топиб келди. Иккита мардикор йигит бир кунлик иш ҳақи эвазига гувоҳликка келтирилди. Никоҳ ўқилди.
Кибора бугунги кун учун бошқача тайёргарлик кўрди. Ётоғини атиргул барглари билан безатди. Юрак нусхали шамлар келтирди...
Ўша куни у Аслиддинга ота бўлишини эълон қилди...
—Болам, ёшинг 25 дан ўтиб, 26 га қараб кетяпсан, кўз остингга олганинг бўлса айт, совчиликка борай, бўлмаса, ўзим ҳаракат қилаверай. Сен тенгилар битта-иккита болалик бўлди...
Аслиддин, "Шошманг, ойи", —деди гапни қисқа қилиб. Кейин ҳам неча бор шу мавзуда гап очилмасин, ортга сураверди йигит.
Зинонинг бу қадар урчиб кетишида, бўз йигитларнинг эрдан чиққан жувонларга илакишиб кетишида миллат оналарининг ҳам айби каттадир. Орзу-ҳавасни камайтириб, ўнта одам сақириб бўлса-да ўғилларни уйлаб қўймоқ лозим. Бу оилада эса ҳамма нарса етарли эди. Агар Манфаат сал жидду жаҳд қилганида эҳтимол....
Ҳа майли, биз воқеалар ривожини бирга кузатамиз...
Кибора ўғил туғди. Ўз фамилиясини берди ўғлига. Отаси деган жойга эса " Аслиддин ўғли" деб ёздирдилар. Энди йигит тамомила боғланиб қолди аёлга.
—Йигирма саккиз ёшга киряпсан, қачон уйланасан ахир! Манфаат опа энди росмана ташвишга тушиб қолганди.
Онасининг саволларидан қочарди йигит.
Манфаат опанинг тушлари алоқ-чалоқ эди. Бомдодни ўқигач узоқ дуо қилди. Ўғли келмабди. Қўнғироқ қилди, кўтармади, кўнгли ғаш тортди. Кейинги пайтларда уйга кам келаётган ўғлидан сабабини сўраганда
—Буюртмалар кўпайиб кетди, икки сменлаб ишлаяпмиз,-деган жавобни олганди.
Демак, чарчаб, ишхонада ухлаб қолган.
Тушга яқин йўлга тушди. Синглиси билан гаплашмаса, бу ғашлик уни еб битиради. Ўғлига яхши қиз топиши керак. Тагли зотли, ўқимишли, қория, солиҳа бўлса яна яхши. Уй-жойи рисоладагидек бўлса, ўзи чаққон, ширинсўз бўлса. Ҳар кеч Манфаатнинг оёғини уқалаб қўйса!
#Давоми_Бор
Муаллиф: Феруза Салходжаева
https://t.me/joinchat/AAAAAEcRcrST_NoPV5zlyA