Қандай тоифадаги беморлар имтиёзли даволаниш ҳуқуқига эга?Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиладиган 20 та имтиёзли тоифадаги шахслар рўйхати келтирилган.
Сир эмас, яқин йилларгача эҳтиёжманд беморларнинг вилоят ёки республика тиббиёт муассасаларида даволанишлари учун қоғоз шаклидаги “ордер” тизимидан фойдаланиб келинган.
Бироқ бундай имтиёзларни беришда кўпинча коррупцион ҳолатларга йўл қўйилган. Оқибатда фуқаролар турли қийинчиликларга дуч келган. Бу эса ҳақиқий эҳтиёжи бор аҳолининг даволаниш учун йиллаб навбатда туришига ёки “ордер” ололмай, сарсон бўлишига сабаб бўлган.
Айтиш лозимки, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 28 июлдаги ПҚ-5199-сон қарорига мувофиқ бундай амалиётдан бутунлай воз кечилди. Натижада Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида "ордер" бериш тартиби бекор қилиниб, уларни электрон тизим орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тизими жорий этилди.
— Бу орқали соҳада шаффоф механизмлар амалиётга татбиқ қилинди, — дейди Тиббий ёрдамни ташкиллаштириш департаменти бўлим бошлиғи Азизбек Ҳамроқулов. — Натижада аҳолига Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ўзининг мурожаати ҳамда навбати ҳақидаги ахборотни олиш имконияти яратилди.
Бу йўлланма электрон ахборот тизимида автоматик равишда шакллантирилиб, бемор давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотида тиббий хизматлардан фойдаланишни ихтиёрий танлайди.
Хўш, ушбу тоифага қандай шахслар киради?
Президентимизнинг 2003 йил 26 февралдаги ПФ-3214-сон фармонида юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатувчи тиббиёт ташкилотлари томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиладиган 20 та имтиёзли тоифадаги шахслар рўйхати келтирилган.
Жумладан,
- етим болалар;
- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган;
- ёшга оид пенсияга чиққан ва ишламайдиган;
- 1941–1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар;
- байналмилалчи-жангчилар;
- “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларнинг болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи аъзолари;
- Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг аъзолари;
ойлик даромади оила аъзоларининг ҳар бирига минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 2 бараваридан кўп бўлмаган оилаларнинг аъзолари имтиёзли даволаниш ҳуқуқига эга.
Бемор даволанганидан сўнг Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ушбу муассасага базавий нархлар доирасида кўрсатилган тиббий хизматларни асословчи ҳужжатларга мувофиқ, сарфланган маблағларни Давлат бюджети ҳисобидан ўтказиб беради.
Мазкур имтиёз асосида шифохонада даволанаётган шахсларга ўз ҳисобидан дори воситалари ва тиббий буюмлар буюрилиши асло мумкин эмас.
Шифохонада беморлар томонидан олиб келинган дори воситалар ва тиббий буюмларни ишлатишга рухсат бериш тартиби Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган.
Бу борадаги ҳуқуқий асос Президентимизнинг 2022 йил 26 октябрдаги ПҚ-411-сон қарорида белгилаб қўйилган. Унга кўра, беморларни даволаш учун талаб этиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар тўлиқ шифохона томонидан харид қилинади.
Манба:
yuz.uz👉
Врачи Узбекистана каналига аъзо бўлинг!