Ўзингизни эҳтиёт қилинг!Замон оғир, дунё мураккаб,
Яшаяпмиз, юракни алдаб,
Ташвишлар ҳам бўларда, бир гап,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг!
Майли ҳаёт азобга солсин,
Дард дегани домига олсин,
Дунёлари бошидан қолсин,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг!
Одамларга боқасиз, қуюқ,
Дейсиз: "Унинг зарра гарди йўқ",
Қўйинг дўстим, кимнинг дарди йўқ,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг!
Мана яшаб юрибмиз биз ҳам,
Босилгайдир, изтироб, из ҳам,
Туғилгансиз бир марта, сиз ҳам,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг!
Қаранг, кўкда ой кўзин сузар,
Умр тотли, яшамоқ гўзал,
Ҳар неда бир ҳикмат бор, азал,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг!
Ҳар умрнинг бордир ёз-қиши,
Тугамайди ҳаёт ташвиши,
Жуда яқин ойнинг ўн беши,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг!
Гоҳ дўстлардан кўнглингиз оғрир,
Ҳамма сиздан тортгандай бағир,
Оилангизга кераксиз ахир,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг!
Фарзандлар ҳам борар улғайиб,
Яшаманг ҳеч маюс-мунғайиб,
Қани дўст, бир қўйинг жилмайиб,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг!
✍
Ўлмасбек Самарқандий
https://t.me/AOKA_Surxondaryo