Байрамингиз муборак бўлсин азиз аёллар!Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва партиямизнинг парламентдаги фракцияси
ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган опа-сингилларимиз, нуроний онахонларимизни 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни – гўзаллик ва нафосат байрами билан самимий муборакбод этади.Мамлакатимизда хотин-қизлар тобора кўпроқ эъзозланаётгани, қўллаб-қувватланаётгани, уларнинг ҳаёт ва меҳнат шароитларини яхшилаш, уларга дахлдор ижтимоий муаммоларни ҳал этишга устувор аҳамият қаратилаётгани алоҳида эътиборга лойиқ.
Куни кеча давлатимиз раҳбарининг Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан яна бир гуруҳ фаол хотин-қизларимиз давлат мукофоти билан тақдирландилар. Юксак эътирофга сазовор бўлганлар орасида партиямизнинг ташаббускор хотин-қизлари борлиги бизга юксак фахр ва ифтихор туйғуларини бағишламоқда.
O‘zLiDeP ҳам ана шу юксак эътирофга ҳамоҳанг равишда ўз дастурий вазифаларида аёлларимизнинг жамиятда тутган ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш ва улар учун янги иш ўринлари яратиш борасида қатор ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиб келмоқда. Партиямизнинг ўнга яқин лойиҳаларида хотин-қизларимиз фаол иштирок этишмоқда. Партиямиз аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган лойиҳаларни бундан кейин ҳам давом эттиради.
Партиямиз номидан ушбу қутлуғ айёмда опа-сингилларимизга самимий тилакларимизни изҳор этамиз.
Тилагимиз — оилангиз, фарзандларингиз, эл-юртимиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинг! Нафосат ва гўзаллик, лобарлик, зеболик Сизларни ҳеч қачон тарк этмасин!@a_xaitov