Кичкина шаҳзода"Кичкина Шаҳзода" асарини абитуриентлик вақтимда тестга тайёрланиш учун ўқигандим.
Бугун маза қилиб қайта ўқиб чиқдим. Фалсафий қисмини энди тушундим.
Асарнинг мен учун энг «ширали» бўлган иқтибосларини улашигим келди:
1. — Биласанми, саҳро нима учун яхши? — деди у. — Чунки унинг бағрида, кўз илғамас аллақаерларда булоқлар яширинган бўлади…
— Ҳаа, — дедим оҳиста. — Юлдузми, уйми, саҳроми, нимаики бўлмасин, ундаги энг гўзал нарса, кўзга кўринмайдиган нарсадир… Энг асосий нарсани кўз илғамайди, у сийратда, ботинда пинҳон…
2. Одамлар бир ҳақиқатни унутди, – деди Тулки, – аммо ҳеч қачон ёдингдан чиқарма: кимники қўлга ўргатган бўлсанг, унинг тақдирига ҳамиша жавобгарсан.
3. Аввалига барча катталар бола эди, кўпчилиги буни эслай олмайди;
4. Сен танада эмас, ҳаракатларингда яшайсан. Сен – бу сенинг ҳаракатларинг. Бошқа сен йўқ;
5. Катталар ҳеч қачон бирор нарсани ўзларича тушуна олмайдилар. Уларга ҳадеб ҳижжалаб тушунтириб беравериш эса охир-оқибат болаларнинг ҳам жонига тегиб кетади.
6. Мабодо катталарга: “Мен қизғиш ғиштли бир чиройли уйни кўрдим, деразасида ёронгул очилиб турибди, томида каптари бор”, — деб айтсангиз, улар бу иморатни сира ҳам кўз ўнгларига келтира олмайдилар. Уларга: “Мен юз минг франкли уйни кўрдим”, — деб айтиш лозим — шунда улар: “Ана гўзаллигу мана гўзаллик!”, дея хитоб қиладилар…
7. Дўстим қўзичоғи билан бирга мени тарк этганидан буён орадан олти йил ўтди. Уни унутиб юбормаслик учун ҳам у ҳақда сўйламоқчиман. Чунки дунёда дўстларни унутиб юборишдан ҳам қайғулироқ нарса йўқ. Ахир дўст бўлиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайдида. Қолаверса, мен ёруғ оламда рақамдан бошқа нарсага қизиқмайдиган катталарга ўхшаб қолишни сира-сира истамайман.
8. — Бир сафар мен бир кунда қирқ уч марта қуёш ботишини томоша қилганман!
Орадан сал ўтгач, хиёл андуҳ билан яна шундай дединг:
— Биласанми… баъзан юрагинг нимадандир ғуссага тўлиб кетганда, ботаётган қуёшга бирпас термулиб ўтирсанг борми…
— Демак, ғурубни қирқ уч марта томоша қилган кунинг жудаям хафа бўлган экансанда?
Аммо Кичкина шаҳзода бунга жавобан индамади.
9. — Одамлар қаёқда, одамлар? — деб тағин сўради Кичкина шаҳзода. — Саҳрода ҳарқалай ўзингни ёлғиз сезаркансан киши.
— Одамлар орасида ҳам ёлғиз сезаверасан, — деб қўйди илон.
10. — Мен дўст излаб юрибман. Хўш, “қўлга ўргатиш” дегани нима?
— Бу аллақачонлар унут бўлиб кетган тушунча, — деб тушунтирди Тулки. — Бу дегани — ришталарни боғламоқ демакдир.
— Ришта боғламоқ?
— Худди шундай, — деди Тулки. — Ҳозир сен мен учун дунёдаги ўзингга ўхшаган юз минг боланинг бирисан, холос. Ҳозирча сен менга керак эмассан. Мен ҳам сенга ҳозир дунёдаги юз минглаб тулкининг бириман, холос. Аммо бордию сен мени қўлга ўргатсанг, иккимиз бир-биримизга керак бўлиб қоламиз. Сен мен учун дунёдаги ягона одамга айланасан. Мен ҳам сенинг учун дунёдаги ягонага айланаман…
11. — Яхшиси, ҳар куни бир пайтда кела қолгин, — деб илтимос қилди Тулки. — Масалан, агар соат тўртда келадиган бўлсанг, мен соат учдан ўзимни бахтиёр ҳис қила бошлайман. Муддат яқинлашган сари бу қувонч орта боради. Соат тўртда эса юрагим ҳаяжонга тўлиб, шодумонлик билан тепа бошлайди. Ана шундагина мен бахт-саодатнинг қадрини сезаман. бордию, сен ҳар куни ҳар хил вақтда келадиган бўлсанг, мени бу бахтиёрлик туйғусидан маҳрум қиласан…
12. — Сенинг сайёрангда, — деди Кичкина шаҳзода, — одамлар бир чаманзорда беш мингта гул ўстирар экану, излаганини тополмас экан…
— Тополмайди, — деб маъқулладим мен.
— Ҳолбуки, улар излаган нарсани бир дона гулдан, бир қултум сувдан ҳам топиш мумкин.
— Тўғри айтасан, — деб тасдиқладим яна.
Кичкина шаҳзода тағин ўйга чўмди:
— Афсуски, кўзлар басир, кўнгил кўзи билан излаш лозим.
@Ustoz_kundaligi