Усмон Азим ижоди


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Blogs


Ўзбекистон ҳалқ шоири Усмон Азим ижодидан баҳраманд бўламиз

Related channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Blogs
Statistics
Posts filter


* * *

Ҳавода ҳаёт сийрак –
учса бўлади.

Ерда ҳаёт тиғиз –
Юрса бўлади.

Ернинг тагида ҳаёт зич –
Қўзғолиб бўлмайди шу сабаб.

Шу сабаб
Ҳеч ким қайтолмайди ер юзига –

Биз қанча соғинсак ҳам.


Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi

913 0 17 6 52

* * *
Сен тарафга фақат учиб борилади.
Ёки қаро ерга кириб.
Учарканман,
юрагим ёрилади,
Вужудим учартошдай ёқилади -
Соғинчнинг
даҳшатли
тезлигин кўриб.


Фалакнинг тошлигида қисирлаб учаман,
Ер тагидан ўтаман -
зичликлари кенг...
Бор-йўғи
бир”уф”дай
кўксингга тушаман...
Мендан рози бўлгин...
Ҳа, ҳа!.. Ўшаман -
Ўша – нохос “уф”нинг
ҳаётига тенг....

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi

1k 0 13 1 30

* * *
Туманлар тарқалди.
Ёришди ҳаво.

Очиқ деразага
Пардалар сурдим.

Ортиқ керак эмас
Жонимга жафо –

Узоққа қарасам,
Келар ”оҳ” ургим.

Усмон АЗИМ

https://t.me/dilgamaktublar


* * *

Майса каби ўсди юрак,
Туман каби тўзди юрак.
Ўсди Руҳнинг шамолида –
Вужудимдан ўзди юрак.

Тангрим! Менга бергин тўзим:
Танда – рўзим, руҳда сўзим.
Шамолларда кетган менман,
Шамолларсиз қолган ўзим.

Ўзим – нуқта – заволдирман,
Балки ўзим саволдирман.
Балки ўзим тошдирман, тош
Балки ўзим шамолдирман...

Усмон АЗИМ

https://t.me/UsmonAzimijodi


ЮРАККА

Жон чиққанча тўлғонавер,
Кўнгил зорича тўлғониш.
Уйғонавер, уйғонавер –
Умр борича уйғониш.

Толдим, деган туйғу кўпдир,
Роҳатларга чўлғониш кўп.
Қават-қават уйқу кўпдир,
Қават-қават уйғониш кўп.

Беморликдан ҳам уйғонгин,
Бекорликдан ҳам уйғонгин.
Бедорман, деб ғофил бўлма,
Бедорликдан ҳам уйғонгин.

Ҳар уйғониш янги орзу –
Ҳаётдан ўзмак, демакдир.
Ҳар уйғониш янги ёҳу –
Қурганни бузмак, демакдир.

Ҳар уйғониш – улуғ тилак,
Ҳар уйғониш жасоратдир.
Уйғонишдан, қўрқма, юрак,
Инсон умри матонатдир.

Тошиб тургин, сачраниб тур –
Мудроқ ичра сўниб кетма,
Ҳар он уйғон! Ҳар дам уйғон!
Тирик туриб ўлиб кетма.

06-07. 2020
Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


ФАЛАККА МАКТУБ

Само, фикратларинг кўнглимга қўнди.
Миям қатларини тўлдирди юрак.
Магарким, заминда яшашга кўндим,
Магарким, зах залвор жисмимга тўлди –
Барибир йўқлайсан, меҳрибон фалак.

Руҳимга парвозлар этасан зоҳир...
Аммо менга аён бу ҳол матлаби:
Меҳрибоним, мендан олма хавотир.
Ерда яшаяпман осмондай, ахир -
Фалакнинг бир парча юраги каби.

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


***
Деразада боғ шовуллар.
“Менсиз қуриб кетади,
ўйлади тўшакдаги чол.
Мен ўлсам қуриб кетади.
Ким қарайди,
Бу дарахтларга.
Ким сувлайди?
Ким тагини чопар?
Ким меҳр беради?”

Деразада дарахтлар шовуллар.
“Бизсиз ўлиб кетади бу чол,- шивирлайди дарахтлар.
Қаридик – илдизларимиз сув ичишдан ҳам қолган,
Аммо чидаш керак,
Қуримаслигимиз лозим,
Ахир, бизсиз ўлиб кетади бу чол...”.

Чол ўлади.
Дарахтлар қурийди.
Фақат шу меҳр қолади бу дунёда –
Янги инсонлар ва янги дарахтларнинг кўнглини яратгани!.

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi




***
Жоним-а,
Жаҳоним-а,
Сени бир кўрсам эди,
Ҳуш кетиб турсам эди.
Ҳуснингга тоқат қилолмай,
Ҳўнграниб юрсам эди.

Жоним-а,
Жаҳоним-а,
Ой юзинг армоним-а,
Тоғларга исминг айтсам,
Тошлари бўстоним-а.

Жоним-а,
Жаҳоним-а,
Дилимда пинҳоним-а,
Ерга туш,кўкларга учма,
Сўнгги йўқ достоним-а.

Жоним-а,
Жаҳоним-а,
Қайдасан,афғоним-а?
Сени йўқлаб йиғлаюрман,
Энг гўзал ёлғоним-а…

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


Сен ҳам кетсанг, ҳеч нима қолмайди –
Фақат арзимас бир дунё!..

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


***
Атрофимда дунё ваҳшат солар,
Юрагимда эса аждарҳо – оҳанг...
Азизим, энди фақат фожеа қолар –
Сен ҳам кетсанг.

Дунёни “ёлғончи” де – тонмайди
Унда қалбим топган ёруғ чин – ўзинг.
Сен ҳам кетсанг, ҳеч нарса қолмайди –
Фақат сўзим!.. Беомон сўзим.

Жонимдан айирган ҳақиқатсан айни,
Сенсан – Момо Ҳаводан қолган гуноҳ.
Сен ҳам кетсанг, ҳеч нима қолмайди –
Фақат арзимас бир дунё!..

Усмон Азим
“Юрак” китобидан

https://t.me/UsmonAzimijodi


* * *
Беҳаракат қотди изғирин.
Аёз – фалакка қадар.
Нозиккина муз гуллари
Деразага чирмашар.

Ер тагида эгри-бугри
Токлар ухлар маст-аласт.
Дарахтлари сочилганча,
Тик қотган боғлар - бесас.

Аросатда. Гўё йўл йўқ -
Бу дунёда фақат қиш.
Фақат менинг юрагимда
Титрайди шеър – ёнғин иш.

У гулхандай ловуллайди,
Қиш режаси бузилар…
Дунё келиб, юрагимга
Қўлин тутар – исинар.

Усмон Азим


https://t.me/UsmonAzimijodi


***
Юрак тортилди таранг –
Етишиб келар нола.
Тиғнинг устида яланг
Яшаш-бизга ҳавола.

Руҳим – дардвашлик кўйда...
Яшамоқнинг чораси...
Узилар юрак бўйлаб
Тўқималар толаси.

Узилар бир-бир, нохос –
Узилган каби чақмоқ.
Ёришиб кетар мумтоз,
Тўрт фасл қоришган боғ.

Дунё.
Айқашиб ётар,
Қанча куз, қанча баҳор,
Минг ҳаёт тонгдай отар,
Минг ҳаёт бўлар бекор.

Кўксимни кирар йириб,
Бу ваҳшатли жараён...
Мендан қолар қичқириқ –
Ва ҳаяжон...
Ҳаяжон.

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


* * *
Неча кун яшайсан,
Айтгил, неча кун?
Кўп гўзал очилдинг,
Жоним атиргул...

Ғамимни – тушунтир!
Айтайин десам,
Беш кунлик умрингда
Ўйнайсан – шўхсан.

Келгин, бир ҳидлайин
Лабларим қўйиб...
Сен гуллаб ўтасан,
Мен эса куйиб...

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


* * *

Дунёга киради – бамайлихотир –
Одамлар кўрмаган нотаниш ҳоллар.
Дилларга тушади ногоҳ хавотир,
Мияга чекинар қўрқинч хаёллар.

Аммо топилади бир журъаткор мард –
Қаддини эгмасдан,
Рўйи рост,
Тикка,
Ўзин ўйламасдан,
Қўзғолару шахт –
Юзма-юз чиқади нотанишликка.

Тошли туманларда ноаён ҳоллар
Чексиз синовларга солади уни.
Нотаниш гулханда –
Тириклай –
Ёнар,
Одамнинг бурқсимай чиқар тутуни.

Фожеа зўриқиб мияга ўтар,
Жонсарак юракка узатади қўл.
У одам йиқилар,
У одам ўтар...
У одам бор-йўғи энди йўлдир, йўл.

Жангларда елкадош бўлмаган оғам,
Боравер!
Ана, йўл – текис, беташвиш.
Энди ўлдирмайди – синашта олам,
Энди олам таниш,
Нақадар таниш...

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


МАСЛАҲАТ

Сеҳргар!
Сеҳрларинг – мўъжиза.
Шабнамга айландинг гул узра.

Бир қалқиб, осмонга айландинг,
Юлдузли хазонга айландинг.

Бир “оҳ”инг лаҳзада тош бўлди.
Шу тош ҳам кўзингда ёш бўлди.

Чарх урдинг – фироққа айландинг,
Чорладинг – чироққа айландинг.

Сеҳргар!
Сеҳрингнинг – қадри йўқ,
Воҳ дариғ, не учун дарди йўқ?
................
Сеҳргар!
Сеҳрларинг овора!
Сен мендан йироқсан тобора!
Минг жоду айлама сен мени,
Кўнгилга айлангин бир бора!

Кўнгилга айлангин бир бора!..

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


***

Шимол тоғларида совуқ ел эсди,
Қировлар тўкилди ўту ўланга.
Менинг юрагимни соғинчинг эзди,
Боғларни тутаркан кузги аланга.

Кузакка юрагим келолмайди тенг-
Совуган руҳимни тутаман кунга.
Оҳ, мени ҳеч кимга ишонмадинг сен-
Фақат ёлғизликка...
Бошқа ҳеч кимга...

Усмон Азим


https://t.me/UsmonAzimijodi


***
Ёмғирга чўмилган
Шабода келди.
Бўйнимга осилди – нақадар хушли.
Озода танидан
Жон руҳи инди –
Тушлар диёрига етказди ҳушни.

Дунёда дарахтдай турдим –
Суяниб,
Шаффоф шаббоданинг тиниқ кифтига:
Юракка айланди ҳатто суягим,
Ҳатто кўйлакларим –
Ҳарир йиғига.

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


* * *

Одамлар айтганига юрмадим,
Тақдирда турмоқни уқтирдим ўзимга:
Дарахт ўстирмадим, уй қурмадим,
Шеър қурдим,
дарахтлар ўстирдим сўзимдан.

Даврлар тўфони теграмда бешафқат,
Қанча тошларини бошимга урди.
“Мен ҳам одамман”, деб, такрорладим фақат –
Сўздан тақдир қурдим.

Оламга қарадим:
дунё қават-қават –
Ана, юрак дунё, ана, қорин дун…
Мен оёқ тирадим:
ор-номус ҳам бир давлат –
Шаън талашдим инсонлар учун.

Тупроққа чўктирдим ҳар бир сўзимни,
Ҳар сатримни азобга таратдим…
“Биз ҳам одаммиз”, деб,
тўрт тараф урдим ўзимни –
Дунёда кўнгил яратдим.

Тангрига интилдим такрору такрор –
Ҳар илҳомда янгича танишув.
Сўздан тақдир қурдим,
кечир, парвардигор,
Қўлимдан келгани шу,
қўлимдан келгани шу…

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


***
Ваъда бер! Ваъда бер,
Дунёга қарашга –
Ҳатто ўлмасам ҳам,
Бемалол яшашга.

Ваъда бер! Ваъда бер,
Ёнишга, ёнишга!..
Мабодо ўлсам ҳам,
Яшашда қолишга.

Ваъда бер! Ваъда бер,
Армонни кўмишга,
Менсиз ҳам, менсиз ҳам
Ҳаётга кўнишга.

Кетишнинг қайтиши
Борми, билмадим...
Йиғла! – Қайтмаслигим
Тилаб йиғлагин.

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi

20 last posts shown.