#xabar #muftiy #quron
"АММОН" ВЕБ-НАШРИ: МУФТИЙ ШАЙХ НУРИДДИН ХОЛИҚНАЗАР ҲАЗРАТЛАРИ КАТТА ЛАНГАР ҚУРЪОНИ ҲАҚИДА!🖥 Иорданиянинг нуфузли “Аммон” веб-нашрида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг "Ўзбекистондаги муқаддас мерос: Катта Лангар Қуръони ҳақида” номли мақоласи чоп этилди.
📖
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида сақланаётган “Катта Лангар Қуръони” номи билан аталадиган Қуръони каримнинг нусхаси дунёдаги энг қадимий ва нодир қўлёзма асарлардан ҳисобланади.
2025 йилнинг 25 январидан 25 майига қадар Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида ўтказилаётган “II Халқаро Ислом санъати биенналеси”да ушбу ноёб дурдонанинг икки саҳифаси намойиш этилмоқда.📃 Мақолада келтирилганидек, Ўзбекистонда мазкур қўлёзманинг жами 16 саҳифаси мавжуд бўлиб, биттаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Шарқ қўлёзмалари институтида 11604 рақами остида сақланаётган саҳифада Бақара сурасининг 26-61-оятлари кўчирилган.
Мазкур институтда 2460 рақами остида сақланаётган Садир Зиё кутубхонасининг каталогида мазкур саҳифа ҳақида маълумот берилган бўлиб, унда саҳифанинг Учинчи халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу замонасида кўчирилган китобга тегишли экани айтилади.🪶
Мазкур қўлёзма матни сайқалланган ҳайвон териси – пергаментга битилган. Саҳифаларнинг ўртача ҳажми 53х35 см.ни ташкил этади. Матнлар арабий ёзув усулларининг энг қадимий турларидан бўлган кўфий-ҳижозий хатида битилган. Қўлёзманинг чарм муқоваси XIV асрга тегишли. XVII аср ўрталарида у қайта таъмирланган.
🗣Мақолада таъкидланганидек, Катта Лангар Қуръонининг тарихий аҳамияти, мусулмон дунёсидаги қадр-қиммати жуда юқори бўлиб, Мусҳаф кўп асрлар нафақат юртимиз, балки дунё аҳли, бутун инсониятнинг маънавий бойлиги бўлиб хизмат қилади.
📌 Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Катта Лангар Қуръони Франциянинг Лувр музейи реставраторлари ва маҳаллий мутахассислар иштирокида 2019-2021 йилларда реставрация қилинган.➖➖➖
🖥
"Ўзбекистондаги муқаддас мерос: Катта Лангар Қуръони ҳақида” номли мақоланинг ўзбек тилидагисини muslim.uz сайтидан ўқишингиз мумкин.➖➖➖
✅ Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати🌘
MUSLIM.UZ GA 📲
OBUNA BO'LING ✅ VA ULASHING🗣
▶️
YouTube | 📷
Instagram | 🔵
Facebook