📚 #мутолаа
КАБОБ
Қоҳира. Ижарада турадиган мусофир талабалар эртага нима овқат ейишни муҳокама қилиб ҳеч муросага келишолмаскан, Жасур “шашлик ейлик” деган таклиф билан чиқди яна. Шериклар эса “келганингдан бери ҳеч кўрмаган одамдай “шашлик”лаб жонга тегдинг, бу ерда қиммат”, деб бу таклифни буткул кесиб ташлашди. Бу орада Жасурга уйидан, ватанидан қўнғироқ бўлди:
— Ўғлим, у ердаям шашлигу сомсалар борми? Сен пулини ўйлама, тўйиб-тўйиб егин, ҳар ҳолда талабасан, болам, қувват бўлади — яхши ўқийсан... — умид билан гапиради бирламчи эҳтиёжлардан-да ортолмайдиган ота, синиқ овозидан билинади шундоққина. Ўғил эса соғинчданми ё нималарнидир ўйлабми, кўзлари ёшга тўлиб бир нуқтага тикилганча жавоб беради:
— Хўп, дада, хавотир олманг, ҳамма нарса бор... — суҳбат шу ерга етгач, ота-бола ҳеч нарсалар ҳақида узоқ суҳбатлашади. Уларнинг суҳбатини қоғозга туширганда уч нуқтадан иборат узун диалог бўлади. “Суҳбат” тугагач, Жасур телефонини бир четга секингина ирғитиб, гиламга чўзилиб, юзига дўпписини босиб бироз ётди. Нималарни ўйлади бу пайтда (балки, болалигида шўхлик қилгани учун ота-онаси танбеҳ берган пайтда уларнинг ўлиб қолишини орзу қилганини ўйлаб уялаётгандир, афсусланаётгандир; балки клипларда, киноларда кўргани каби севган қизи касал бўлиб ўлиб қолишини, кейин уни ўйлаб сиқилиб юришни, бироз муддат ўтгач, худди унга ўхшаган қиз учраб, у билан бахтли бўлиб кетиб, ўлиб қолган севгилисини эслаб сиқилиб туришни орзу қилганини ўйлаётгандир), фақат ўзига аён. Деярли ҳар куни шу суҳбат такрорланади.
Жасур ўн-ўн беш йиллар орқага қайтиб болалигини хотирлайди: отаси бировнинг қўлида сомса сотувчи бўлиб ишлайди. Фарзандлари кўп, уларни боқиши керак, туну кун ишлайди. Топгани еган-ичгандан бошқасига етмайди (шу сабаб Жасурнинг илмга бўлган рағбатини кўрган бир ихлосманд киши унга ҳомийлик қилиб чет элга ўқишга юбориб, имкон қадар таъминлаб турганди айни пайтда), кенжаси — етти ёшли Жасур ҳам буни билади, тушунади: отасининг олдига ўйнаб борса, “ўғлим, қорнинг очми, сомса берайми?” деса ҳам рад этади. Хаёлида сомса еса, отасининг маоши камаядию рўзғорни боқолмай қолади. Лекин аслида сомса егиси келиб боради бозорга, аммо шароитни тушунгани учун сомсаларни шунчаки томоша қилибгина қаноатланиб қайтади... Сомсанинг олдида кўпроқ турган куни ундан бахтли одам йўқ гўё...
Шуларни хотирлаб еб-ичардан маълум миқдорда тийилиб, пул орттириб, шерикларини “шашлик” билан меҳмон қилишни дилига тугаркан, ўзидан-да бахтли одам — акасини, яна болалигини, энг аламли ҳамда энг ширин воқеани эслайди.
Ўша пайтлар, яъни Жасур тахминан етти-саккиз ёш пайтлари бувиси қанақадир касал бўлиб шифохонага тушиб қолди. Бир куни акаси шифохонада даволанаётган бувисига овқат олиб борди. Келгач, мақтанди:
— Эй, Жасур! — мағрур қарайди укасига. — Биласанми, бугун нима бўлди? — Жасур ҳайрон қарайди, “акам сомса едимикан?” деб ўйлайди ва акасига саволомуз қарайди, акаси бўлса янаям мағрурланиб, укасига ғолибона қараб, қўлини кўтариб кўрсаткич бармоғини осмонга қаратиб силтаб-силтаб гапида давом этади. — Бугун дадам бувим учун “шашлик” обердилар (набирасига бувилик қилиб унга ризқидан илинса-да, уялганидан ва отаси тайинлагани учун рад қилганини айтмади), олиб боргунимча ёғи оқиб, сизиб қўлимга тушган экан, бувимни кўриб, қайтишда қўлимни маза қилиб ҳидлаб келдим!
© Умархонов Ғиёсхон
📆 2020
🌍 Қоҳира