Меҳнат муносабатлари: қонунчилик назарияси ва суд амалиёти
Айнан шу долзарб мавзу бугун Олий судда бўлиб ўтган конференцияда кенг муҳокама этилди.
Олий суд раиси Бахтиёр Исломов конференцияни кириш сўзи билан очар экан, сўнгги йилларда мамлакатимизда меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни халқаро принциплар ва андозалар асосида такомиллаштириш бўйича салмоқли чора-тадбирлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлади.
Хусусан, 2022 йил 28 октябрда янги Меҳнат кодекси қабул қилинди. Кодексда ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мувозанатини таъминлаш ҳамда уларни мувофиқлаштириш асосида якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий асослар белгиланди.
Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Конституцияда ходимнинг меҳнат ҳуқуқларига оид муҳим қоидалар ўз аксини топди. Жумладан, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, меҳнати учун камситишларга йўл қўймаслик, ҳар бир ходимга меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, энг асосийси, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги янгиланган Конституцияда қатъий муҳрланди.
Ўз навбатида, 2023 йил 20 ноябрда Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда меҳнат низоларини кўришда судлар амалиётида вужудга келадиган масалаларга алоҳида тушунтириш бериб ўтилди.
Олий суд раисининг ўринбосари О. Исмаилов, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ф. Эшматова, Бош прокурор ўринбосари С. Артикова, Адвокатлар палатаси раиси Ш Садиков, Судьялар олий мактаби директори Ҳ.-М. Исоқов, фуқаролик ишлари бўйича судьялар, ҳуқуқшунос олимлар ва адвокатлар, қатор вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари иштирок этган бугунги анжуманда маълум қилинганидек,
ўтган йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан меҳнат низоларига оид 13 065 та фуқаролик иши кўриб тамомланган бўлиб, шундан даъво аризаларининг 7 913 таси ёки 60,6 фоизи қаноатлантирилган. 91,8 млрд. сўмлик иш ҳақини ундириш юзасидан 6 965 та суд буйруғи чиқарилган.
Меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилишда, ишдан ғайриқонуний равишда четлаштиришда ёки ходимни ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказишда айбдор бўлган мансабдор шахсларга нисбатан прокуратура органлари томонидан моддий зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида судларга 2024 йилда 94 та даъво ариза киритилган бўлиб, уларнинг 88 таси қаноатлантирилган.
Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан ўтган йилда кўрилиб, тамомланган меҳнат шартномасини бекор қилиш ва ишга тиклашга оид ишлар умумлаштирилди. Умумлаштириш натижаси бўйича Фуқаролик процессуал қонунчилигига меҳнат низолари билан боғлиқ ишларни умумий тарзда бир ой муддатда кўриб чиқилиши юзасидан таклиф берилди.
Бугунги тадбирда йиғилган тажрибали мутахассис ва экспертлар меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни судда кўриш амалиёти, мехнат қонунчилигига риоя қилинишида прокурорнинг роли, меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари ва тартиби, давлат ташкилотларини қайта ташкил этиш ва уларнинг бўйсунувини ўзгартиришда меҳнат қонунчилигини тўғри қўллаш билан боғлиқ масалаларни атрофлича муҳокама қилди.
Шунингдек, анжуманда Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, меҳнат шартномасини бекор қилишда ходим ҳуқуқларининг кафолатлари, меҳнат-ҳуқуқий муносабатларда иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хизмат текширувларини ўтказиш ва ходимларга интизомий жазоларни қўллаш тартиби ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш асослари, кафолатли тўловлар ва компенсация тўловларига оид масалалар ҳам кўтарилиб, ўзаро тажриба алмашилди.
Тадбир иштирокчилари томонидан меҳнат қонунларини қўллашда учраётган муаммолар, уларни ҳал қилиш йўллари ва бу борадаги янгича назарий қарашлар, меҳнат соҳасида қонунчиликни таъминлаш, амалиётда юзага келадиган масалаларни ҳал этиш билан боғлиқ фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Конференция якуни бўйича хулосалар, амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Сайт I
Telegram I
Facebook I
YouTube I
Instagram