“Сен гўзал ўғрисан, энг олғир ўғри”Классик шоирлар ёрни гулга ўхшатдилар, ўхшади. Ойга ўхшатдилар, ўхшади. Қобоғини бодомга, сочини сумбулга, бошдин оёқ гулга менгзадилар. Гоҳ қаддини сарвга, гоҳи шамшодга ўхшатдилар, лабларини хандон пистага, хаттини майсага, кулгичини найзага менгзадилар. Кўзларини оҳудан олиб, кипригини ёй, қошларини қилич қилдилар. Мабодо мумтоз шеъриятдаги Ёрнинг портретини Сунъий интеллектда тикламоқчи бўлсангиз, зоҳирий маъносидан келиб чиқиб, тасвирда қурол-аслаҳа омборини кўрсатса, ажабмас.
Лекин шеърият тилида дарахтлар ҳам, гуллар ҳам, ҳатто тиғлар ҳам нақадар нафосат ва назокатга йўғрилганини кўриб, лириканинг кучидан ҳайратланади одам.
Мумтоз ташбеҳлар бир ёнда қолди. Шунда бир шоир Ёрни “ўғри”га ўхшатди. “Сен гўзал ўғрисан”, деди. Шеъриятнинг тили нақадар сирли. Бир қизга бориб дабдурустдан сен ўғрисан десангиз, бу туҳмат бўлади, нақ қиёмат қойим қўпади. Лекин шу “туҳмат”нинг олдига битта сифат қўшиб қўйсангиз, воқелик бошқача тус олади, масалан, “гўзал ўғри”. Ана энди бу сўзга эътироз қилишга қизнинг кучи етмайди.
Бу шеър муаллифи –
Дилмурод Дўст. Жуда кам ёзади, охирги пайтлар деярли ёзмай қўйгандай таассурот уйғотади. Аммо Дилмурод аканинг ижодида оҳорли ташбеҳларга тўла, севги кечинмаларига бой, муҳаббат ҳақида ёниқ шеърлар кўп. “Васлинг билмадим, аммо Ҳижронинг ҳам чиройли”, дейди шоир.
“Балки севмасдирсан жон қадар, аммо
Биламан, сен мени ёмон кўрмайсан...”
Шу билан бирга чуқур мушоҳадага йўғрилган дунёни англаш ҳақидаги лирик-фалсафий шеърлари ҳам кўп. “Фақат ҳайрат берар менга, майдонда Эшагин тулпор деб ўйлаётганлар”, “Ва шунда билдимки, мен озод бир руҳ,
Тан — шунчаки, йўлда урф бўлган кийим“...
Дарвоқе, “гўзал ва олғир ўғри”га мурожаат ва бу ўғриликнинг ечими ҳам ажойиб. Бир қадар аламли ҳам:
“Сен гўзал ўғрисан, нетай, энди ҳеч
Кўнгилни ўғридан тозалаб бўлмас.
Энг алам қилгани сендек ўғрини,
Ҳеч бир қонун билан жазолаб бўлмас!”
Ёзишдан ҳеч қачон тўхтаманг, Дилмурод ака!
👉
@xurshidabdurashid