Қатар ва БМТ расмийлари Афғонистон бўйича тўртинчи Доҳа учрашувига тайёргарлик масалаларини муҳокама қилди2025 йил 2 май куни Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Доҳа шаҳрида Афғонистон масалалари бўйича тўртинчи халқаро учрашувга тайёргарлик доирасида олиб борилган музокаралар ҳақида расмий баёнот эълон қилди.
Қатарнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Файсал бин Абдулла Ал-Ҳанзаб БМТ Бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили ўринбосари Жоржетт Ганьон ва БМТнинг Афғонистондаги махсус миссияси (UNAMA) сиёсий ишлар бўйича масъули Скотт Смит билан учрашди.
Музокаралар чоғида тўртинчи Доҳа учрашуви учун тайёргарлик ишлари, Афғонистондаги сўнгги вазият ва Қатар ҳукумати билан БМТ ҳамкорлигининг давомий йўналишлари муҳокама қилинди. Томонлар ушбу юқори даражали йиғилиш олдидан ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш муҳимлигини алоҳида таъкидлашди.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистон бўйича учинчи Доҳа учрашуви 2024 йил 1 июль куни бўлиб ўтган ва унда 22 та мамлакатнинг махсус вакиллари ҳамда 8 га яқин халқаро ташкилотлар иштирок этган. Учрашув минтақавий мувозанат ва Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун муҳим дипломатик майдон бўлиб хизмат қилган эди.
Шу билан бирга, ўтган учрашувда Афғонистон фуқаролик жамияти ва сиёсий партияларининг иштирок этмагани инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқидга учраган эди. Бироқ унда "Толибон" ҳаракатининг делегацияси, жумладан, ҳаракат расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид бошчилигида қатнашган, бу Қатарнинг ушбу гуруҳ билан мулоқотини давом эттираётганидан далолат беради.
Маълумки, Қатар "Толибон"нинг сиёсий офисини жойлаштирган ва бу гуруҳ билан яқин алоқаларни сақлаб келаётган давлат ҳисобланади. 2021 йил августида Афғонистондаги сиёсйи ўзгаришлардан сўнг бир қатор Ғарб давлатлари ўз элчихоналарини Доҳага кўчирди, бу эса Қатарнинг ушбу мамлакат бўйича ролини янада мустаҳкамлади.
Жаҳон ҳамжамияти томонидан Афғонистондаги гуманитар инқироз ва сиёсий беқарорликни бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар давом этар экан, тўртинчи Доҳа учрашуви мамлакатдаги мавжуд муаммолар юзасидан халқаро мулоқот учун муҳим имконият сифатида кўрилмоқда.
Кузатувчилар фикрича, Доҳа жараёни самарали бўлиши учун у кенг қамровли ва инклюзив мулоқотни таъминлаши лозим — жумладан, фуқаролик жамияти ва аёллар гуруҳларининг фаол иштирокини таъминлаш муҳим. Янги даврада ушбу инклюзивлик таъминланадими — бу муҳим ва очиқ қолган саволлардан бири бўлиб қолмоқда.
🔍
@suhrob_buranov