ДАРВОЗАГА ОТНИНГ ТАҚАСИНИ ОСИБ ҚЎЙИШ ЖОИЗМИ?
#ақида
❓530-CАВОЛ: Диққат қилиб кузатсак кўп хонадонларнинг дарвозаларига отнинг тақасини илинганини ёки қоқиб қўйилганини кўрамиз. Бунинг бирор бир маъноси борми?
💬
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Агар бирор киши тақа, исириқ, кўзтикан, кўзмунчоқ каби нарсалар ҳақида “Шу нарсаларнинг ўзи кўздан ва балолардан асрайди” деса, қалбида шу гапни тасдиқласа, Аллоҳ асрасин, ширк амални қилган бўлади. Чунки у бу гапи билан “Аллоҳ таолодан ташқари яна фалон нарсаларда ҳам асровчилик қуввати бор” деган ақидани қилган бўлади. Ваҳолангки асраш, паноҳ бериш, қутқариш Аллоҳ таолонинг феълларидандир. Аллоҳнинг феълларида унга махлуқларни тенг қилиш ширк амалдир.
Аллоҳ таоло Аҳқоф сурасининг 5-оятида шундай марҳамат қилади:
وَمَنْ أَضَلُّ مِمَّنْ يَدْعُو مِنْ دُونِ اللَّهِ مَنْ لَا يَسْتَجِيبُ لَهُ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ وَهُمْ عَنْ دُعَائِهِمْ غَافِلُونَ
“Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигача ҳам (дуони)
мустажоб қила олмайдиганларга илтижо қиладиган кимсадан кўра ким ҳам адашганроқдир?! Ҳолбуки, у (жонсиз нарса)
лар ўша (мушрик)
ларнинг дуоларидан ғофил (бехабар)
дирлар”.
Агар инсон юқорида санаб ўтилган тақа, исириқ, кўзтикан, кўзмунчоқ каби нарсалар ҳақида “Шу нарсаларнинг ўзи кўздан ва балолардан асрамайди, бу нарсалар шунчаки ҳасадчиларнинг ёмон кўзидан сақланиш учун восита, ҳақиқий сақловчи Аллоҳ” деган эътиқодда бўлса, бу ширк ҳисобланмайди.
Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ “Раддул муҳтор” китобида:
لا بأس بوضع الجماجم في الزرع والمبطخة لدفع ضرر العين ، لأن العين حق تصيب المال ، والآدمي والحيوان ويظهر أثره في ذلك عرف بالآثار فإذا نظر الناظر إلى الزرع يقع نظره أولا على الجماجم ، لارتفاعها فنظره بعد ذلك إلى الحرث لا يضره روي " { أن امرأة جاءت إلى النبي صلى الله تعالى عليه وسلم وقالت نحن من أهل الحرث وإنا نخاف عليه العين فأمر النبي صلى الله عليه وسلم أن يجعل فيه الجماجم}.
яъни: “Экин ва полизга кўзнинг зарарини даф қилиш учун ҳайвоннинг калла суягини илиб қўйишнинг зарари йўқ. Чунки кўз тегиши ҳақдир, молга ва ҳайвонга унинг зарари етади. Бу нарсаларнинг таъсири кўплаб мушоҳада қилинган. Ҳадислар орқали ҳам билинган. Кўзи ўткир киши экинга назар солганида ҳайвон калла суяги баландда тургани учун аввалги ёмон назар унга тушади. Кўзи ўткир кишининг иккинчи бор экинга қилган назари зарар қилмайди".
Ҳадисда ривоят қилинишича:
“Бир аёл Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хузурларига келиб: “Биз деҳқончилик аҳлиданмиз, унга кўз тегиб қолишидан хавф қиламиз” деди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам экин орасига жаможим (ҳайвоннинг калла суяги) қўйиб қўйишни амр қилдилар” дейилган (Имом Абу Довуд ривоят қилган)”.
Аммо, ҳозирги кунимизда баъзи кишиларнинг исломий ақида борасидаги билимлари саёзлиги сабаб уламоларимиз омма халқнинг бундай нарсаларни ҳам тарк қилишга буюрадилар. Чунки одамлар бошига келаётган турли балоларни Аллоҳ таолодан билиб Ўзидангини ёрдам сўраш ўрнига, буткул сабабларга осилиб оладиган бўлишди, ўша сабабни ҳам сабаб қиладиган зот Аллоҳ таоло эканлигини ҳам унутиб қўйишди. Шу сабабдан ҳам ширк ва бузуқ эътиқодга олиб бориш эҳтимоли бўлган ишларни тарк қилиш афзал.
Зеро Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ширкни инсонлар орасига махфий ҳолатда кириб кетишидан огоҳлантирганлар ва ундан сақланиш дуосини ўргатганлар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Эй одамлар, ушбу ширкдан сақланинглар, чунки, у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқдир”, – дедилар. У зотга Аллоҳнинг иродаси ила бир киши: “Эй, Аллоҳнинг расули! Агар у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқ бўлса, қандай қилиб ундан сақланамиз?”, – деди. Шунда у зот саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Эй Аллоҳ, биз билиб туриб, сенга ширк келтиришимиздан паноҳ сўраймиз, билмаганимизга истиғфор айтамиз, денглар”, деб жавоб берганлар (Имом Аҳмад ва Имом Табароний ривоят қилишган). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.
@diniysavollarСавол йўллаш
📲
@SavollarMuslimUzBot ▫️ Каналга уланиш▫️