Муслима аёллар
"Йиғлаб ёзилган шеърлар" туркумидан
Қамашгандан бери намозхон эрин,
Тансиқ неъматларга қорни тўймади.
Мудом меҳнат қилиб манглайдан терин-
Артдию, тоатни асло қўймади.
Суянайин деса қилишиб туҳмат,
Ёлғиз акасин ҳам қўйдилар қамаб.
Шўрлик сингил эса чекканча заҳмат,
Яшар бир кўйлакда, қирқ ямоқ ямаб.
Укаси бедарак йўқолди четда,
Тақводор отасин кетдилар отиб.
Аёл кечалари қоврилди ўтда,
Дардлар юрагига ханжардай ботиб...
Отасиз, акаю укасиз эрсиз,
Бу аёл яшади омаддан жудо.
Қандай қилиб ахир чидади дерсиз,
Дер эди: "Укажон бор ахир Худо".
Эри билан ўн йил, йигирма йиллаб,
Жудоликда яшаб қовушолмасдан.
Кечалар ёстиққа йиғлаб изиллаб,
Танда харорати совушолмасдан,
Яшаётган не-не ҳалол аёл бор,
Йиғиси тиқилиб ҳар дам томоққа.
Номусини сотмай, қайтар дея ёр,
Ўн беш йиллаб қатнаб совуқ қамоққа.
Мен эркак бўлсам ҳам шунча ғурбатни-
Кўрсам ёриларди чидолмай юрак.
Менимча бир куни ўшал жаннатни,
Муслима аёллар тўлдирса керак.
©Абдураҳмон Мешаян
@siyohdonuz