ИККИ ҲИКОЯ
У боламас, чол экан-ку!
Ўғлим ўсмир ёшда эди. Мактабдан қайтгач, маҳалладаги тенгдош болалар билан мол боққани далага борарди. Бир куни йиғидан кўзлари қизарган, уст-бошлари бир аҳволда уйга қайтди. Ўчоқ бошида куймаланиб юрганимни кўриб йиғлаб юборди: “Ая, иккинчи бу мишиқ молизи боққани обормийман. Ўзи Борининг молини тиззасидан келади-ку, жинниси қўзиганда кучим етмайди. Йўлда бир боғнинг ёнидан ўтаётганда ўзини боққа урди. Арқон қўлимни қонатгунча тортдим, кучим етмади. Бечора бир кекса бобонинг боғи экан. Мевали дарахтнинг шохини синдириб, пайҳон қилди. Мени роса қарғаган бўлса керак, эплолмаса нега мол боққани боради, деган бўлса керак...” Уни бағримга босиб юпатмоқчи бўлдим, “Ўғлим, сен атай қилмагансан бу ишни. Ҳайвонни қилган ишига бунча қақшама. Дарахтнинг шохи синса, яна кўкаради. Келаси йил яна мева беради...” Шунда ўғлим менга қараб: “Аяжон, каналга чўкиб ўлсам йиғлайсизми? Яна ўғил туғсангиз у Элёр бўладими? Дарахтнинг мевали шохларини синдириб, пайҳон қилди деяпман, онасиз-куууу”, деб додлаб юборди. Ундай дема, яхши ният қил, деб мен ҳам йиғладим. Эрталаб дадаси иккаламиз ўша боғбон отанинг ёнига бордик. Хафа экан. Кўнглини кўтариб узримизни айтдик. Ўғлимни гапини айтиб бердим. Бобо кўзларига ёш олди, кейин жилмайиб шундай деди: “Эҳ, у боламас чол экан-ку! Эртадан молини шу боққа обкелиб бойласин. Ёлғизман, ёнимда юрса эрмак бўлади...”
Қўшнимизнинг товуғи.
Марҳамат туман ҳокимлигида ишлаётган пайтимда қўшимча тарзда 7-гимназияда “Одобнома”дан дарс берардим. Бошланғич синфда ўқийдиган ўғлим дарс пайтида менга устоз, деб мурожаат қиларди. Унга нега устоз дейсан, ўғлим эканингни ҳамма билади, ая деявергин, десам, синфда мен ҳам ўқувчиман, деганди.
Бир куни ҳовлимиз ичкарисидаги сомонхонада бир уюм тухум турганидан ҳайрон бўлиб, этагимга солиб олиб чиқдим. Ўғлим кўриб: “Аяжон, Маҳбуба опанинг бир товуғи доим бизникига кириб донлаб юради-ку, ўша товуқнинг тухумлари бўлса керак, келинг мен обчиқиб бераман”, деди. Менинг шумлигим тутиб, ўғлимга: “Ўзинг бизникида донлаб юради, дединг. Тухумларни тенг бўламиз”, дедим. Шунда ўғлимнинг ранги ўзгариб, юзларида норозилик ифодаси пайдо бўлди: “Аяжон, ўзингиз кечаги дарсимизда тухум ўғирлаган ҳам, сигир ўғирлаган ҳам бирдек ўғри”, дедингиз. “Қўшнининг ҳақи икки дунёнинг орасида бўйнимизда туради”, деб ёздирдингиз. Энди ўзингиз... Айтган гапимдан уялиб титраб кетдим. “Ҳазиллашдим”... дедим қизариб. Кейин хурсанд бўлган ўғлим чопқиллаб қўшнига омонатини бериб чиқди. Бироздан кейин қўшни аёл хурсанд бўлиб тоғорачага солинган тухумларни кўтариб чиқди. “Опа, мен у дайди товуқ қурмағурни тухумдан қолди, деб юрибман. Етти хазинани бири деганлари шу бўлса керак-да! Санадим. Тенг ярмини сизларга обчиқдим”, деди.
Тухум қовуриб еб ўтирган дўмбоққинам менга қараб жилмайиб, ҳалол бўлди, олинг аяжон, деди...