Қалбга зардоб бўлиб тўлганинг алам,
Гоҳи очилмасдан сўлганинг алам.
Муҳаббат, муҳаббат, ҳаммасидан ҳам,
Сочга оқ тушганда келганинг алам!..
Келсанг, кетгил дебон ҳайдолмаганинг,
Ортга қайтай десанг, қайтолмаганинг,
Армонинг ҳеч кимга айтолмаганинг –
Буни битта ўзинг билганинг алам.
Гоҳи хотир, гоҳи хаёлни ёллаб,
Гоҳ юлдуз, гоҳида ой каби порлаб,
Ширин жилмайиш-ла ёнингга чорлаб,
Олисдан ғамзалар қилганинг алам.
Кўнглингга етти ёт уйда ёйиб сеп,
Кечагина ўзинг мени унут, деб,
Энди бахтлимисан, шоир йигит, деб,
Кунда бир устимдан кулганинг алам.
Қалбга зардоб бўлиб тўлганинг алам,
Гоҳи очилмасдан сўлганинг алам.
Муҳаббат, муҳаббат, ҳаммасидан ҳам,
Сочга оқ тушганда келганинг алам.
Муҳаммад ЮСУФ
@shomuz - Yo‘limiz bir!