SHODMONQUL SALOM


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Books


Ушбу каналда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳиби Шодмонқул САЛОМнинг адабиёт, ижод ва ҳаёт ҳақида фикрлари, хулосалари, иқрорлари ва албатта оташин шеърлари ўрин олган!
Murojaat: @ShodmonqulSALOMbot

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Books
Statistics
Posts filter


АЁЛ ШАЪНИ

Баъзи "инқилобчи"ларга!

1.
Энг аввал Онага – аёлга таъзим,
Таъзимдир муштипар опа-сингилга.
Босган изи асли – юрт харитаси,
Таъзим бўлсин ёрга, дарддош кўнгилга.

“Ватанни севаман” деган изҳорни
Айтмасдан, жим юриш мумкиндир, илло.
Лек азиз аёлга бир даста гулдай,
“Севаман!” сўзини айтмаслик гуноҳ!

Ана шу аёлнинг кўксидаги нур,
Бу совуқ оламни сирга ўраган.
Ўзидан зериккан, кулгуси салқи,
Бемурод дунёнинг лабин бўяган.

Аёлнинг қудрати бир уюм тошдан
Борлиққа Тожмаҳал ҳадялар этган.
Шу азиз сиймонинг ўт нигоҳидан
Замин қитъаларга бўлиниб кетган.

Ўзи-чун яшашни унутиб гоҳо,
Муҳаббат тонгида ойдай балққаним.
Ўзбек аёли ҳам бордир шу сафда
Ўлмасин болам, деб туғдай қалққаним.

Қиёмат кунида, Маҳшар тонгида
Оналар фарзанддан тонаётган дам.
“Воҳ, болам!” деб биров бўзласа ногоҳ,
Бу ўзбек онаси, бешак, муҳтарам.

Ўзи бир штат иш – ўзбек бўлмоқлик,
Ўзбек аёли бу – икки бор яшаш.
Бу номни кўтармоқ учун қанча куч,
Қанчалар улуғлик, матонат, кураш...

Ва буюк муҳаббат керак бўлади,
Бу улуғ шарафни пок тутмоқ учун.
Меҳр тиланмайди, қозонилади,
Куч керак! Сабрни жим ютмоқ учун!

Эй, сиз азиз аёл номидан сўзлаб,
Энг гўзал боғимга тегаётганлар.
Бир бор келинчакдай эгилмай туриб,
Менинг ҳам бошимни эгаётганлар.

Номус матосини кўчага ёйиб,
Қуёш юзига кул сочаётганлар.
Худо билан аёл ўртасидаги
Энг пинҳон дарчани очаётганлар.

Эй, аҳли гумонлар, билинг оламда
Ҳалиям ошиқлар ва ҳижрон бордир.
Ҳалиям кимгадир висол ҳурмати
Титраб турган гулнинг жамоли ёрдир.

Ҳа! Недир сир бўлиб қолиши керак!
Неларнингдир пинҳон тургани зебо.
Кимдир ҳаё тутган парда ортида
Нозик энтикканда портласин дунё.

2.
Ватан ҳақидаги нутқдир, шубҳасиз,
Аёлнинг номига айтар ҳар сўзим.
Шу сабаб бу қутлуғ калом олдидан,
Таъзим, дейман фақат, пойига таъзим!

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


БОСГАН ИЗИ – ЮРТ ХАРИТАСИ...
Азиз онажонлар! Меҳрибон опа-сингилларим, кўзимизни қувнатган қизларимиз! Барчангизга 8-март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами муборак бўлсин! Дунёнинг шодлиги учун, ҳаётнинг муқаддас бўлиб қолиши учун бахтимизга доимо соғ бўлингизлар!

Энг аввал Онага – аёлга таъзим,
Таъзимдир муштипар опа-сингилга.
Босган изи асли – юрт харитаси,
Таъзим бўлсин ёрга, дарддош кўнгилга.

Аёлнинг қудрати бир уюм тошдан
Борлиққа Тожмаҳал ҳадялар этган.
Шу азиз сиймонинг ўт нигоҳидан
Замин қитъаларга бўлиниб кетган.

Ватан ҳақидаги нутқдир, шубҳасиз,
Аёлнинг номига айтар ҳар сўзим.
Шу сабаб бу қутлуғ калом олдидан,
Таъзим, дейман фақат, пойига таъзим!

Ҳурмат ва меҳр билан, Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

2k 0 27 3 17





“МАЙДАКАШ” ШОИРНИНГ ШЕЪРИ

Тўлиб келдим уйга бу оқшом,
Туфлаб кўрдим – қип-қизарди қор.
Болам ҳайрон, аёлим вайрон:
“Айтинг, ахир не дардингиз бор?

Мана, сизда фаровон ҳаёт,
Обрўлисиз, уй-жойингиз бор.
Кимлардир зўр шоир, деб билар,
Нима сизни ўртади бекор?”

Сал паришон боқиб уларга,
Бир зум тургач тилим эшилди:
Мен ҳаёти чаманзор шоир,
Ўзи недан кўксим тешилди..?

Мен шоирмас, даласидаги
Ҳосили хор бўлган бир жонман.
Пайкалдаги тарвуз, пиёзин
Сотолмасдан куйган деҳқонман.

Мен шоирмас, Ўрисга кетиб,
Томдан қулаб қайтган майитман.
Уйидаги етимчаларнинг
Фарёдига жўр бўлган итман.

Мен шоирмас, илм йўлида
Тер тўккан-у иши унмаган.
Бўйинбоғли ўлаксахўрга
Йиғиб қўйган зари бўлмаган.

Мен шоирмас, ўз бойлигига
Қўли етмай, ҳавас этгувчи.
Газга навбат кутган шофёрдай
Тушунмасдан гангиб ўтгувчи.

Мен шоирмас, бир нотовонман,
Кўринмас бир занжирда қўлим.
Ичим тўла савол бўлса ҳам,
Хушомаддан бўшамас тилим.

...Рўпарамда пайдо бўласиз,
Сўзларингиз вазмин, сермаъно.
Бир лаҳзада кимлигим айтиб,
Беражаксиз танбеҳлар – сипо:

“Майда гаплар сизга ярашмас,
Келажакдан, ҳикматдан сўйланг!
Ахир, оддий, майда одамлар
Тушунмайди шеърингиз... ўйланг...”

Эй, тиллари бозингар элдош,
Аврамагин, бунда турмайман.
Сен алқаган шу қутлуғ юртни
Мен ҳам унча ёмон кўрмайман.

Майда гапли бўлсам ҳам, гарчи,
Дуо учун кимга қўл тутдим?
Масжиддаги пиримдан эмас,
Тезак терган бевадан кутдим.

Бир замонлар халқим пахтакор,
Ватан эса пахтазор эди.
Нени орзу қилдим – етишдим,
Чиндан иқбол кулсин-да, энди!

Адашмагин: бу азим юртнинг
Тоғ-у дашти, сойи бизники!
Бир-биридан айирмай севдим –
Камбағал-у бойи бизники!

Барчамизга тегишдир бу эл,
Ҳаммамизга тенгдир бу ҳаёт.
Суҳбатимиз англаб турибди
Ҳамма тилни тушунгувчи Зот.

Туҳмат қилмам – қўрққум Худодан!
Ҳар бандага бир хил шартлари.
Нима қилай – мени майдалар
Катта халқнинг майда дардлари.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


ТАВБАСИ

Бисмиллоҳир Раҳмони Раҳийм!
Шавқидин титраётир сўнгак-этим.
Қирқ ёшдин ошғоннинг даъвоси бу,
Қирқ бирга етганнинг нидоси бу!
Илки бўш сайёднинг жазоси бу,
Майпараст дарвешнинг иддаоси бу!

1
Гуноҳ қилдим, ёронларга ибрат учун,
Куч топмадим Яратганга қурбат учун,
Ҳозирмасман, кўзёшлар сел фурсат учун,
Қирққа кирмай ерга кирсам - соз бўларди,
Қилмишларим, ёзмишларим оз бўларди.

Фарёдимдан зириллайди тунлар ҳилол,
Ўзим билан қирғинларим кўп ноҳалол,
Ғофил бўлдим овозингдан, ҳазрат Билол!
Қирққа кирмай ерга кирсам ҳам бўларди,
Оғриқларим неча пайса кам бўларди?!

Бешикдаги гўдак каби исёним мўл,
Тобутдаги муслим каби ёноғим ҳўл,
Бадмаст каби учта бўлиб кўринар йўл,
Қирққа кирмай ерга кирсам не бўларди,
Умидимки, бад бўлмасди, беҳ бўларди.

Бари қилган ибодатим таҳоратсиз,
Масжидларда мунофиқман, саодатсиз,
Шул ёшимда ҳасадгўйдек ҳаловатсиз,
Қирққа кирмай ерга кирсам чин бўларди,
Чап елкамда малоик ҳам жим бўларди.

Эй, ёронлар, эшитмадик, билмадик, денг,
У жойларда Шодмонқулни кўрмадик, денг,
Унинг билан ёмон гиёҳ термадик, денг,
Қирққа кирмай ерга кирсам бўлмасмиди,
Майхоналар! Майинг сабил қолмасмиди?!

Қадаҳ тўлди қирқ бир йиллик армон билан,
Бир-бирига рост келмаган фармон билан.
Ёнаяпман қиёматсиз ҳижрон билан,
Қирққа кирмай ерга кирсам соз эмасми,
Қилмишим мўл, қилмаганим оз эмасми?!

Эй, ёронлар, эшитмадик, билмадик, денг,
Рамазонда ифторлигин емадик, денг,
Садақасин, садоқатин кўрмадик, денг,
Қирққа кирмай ерга кирсам яхши эди,
Нидолари кўкни қучган бахши эдим.

Тур тоғида Мусо кўрган сирдай эдим,
Масиҳони чулғаб олган нурдай эдим,
Муҳаммадни мафтун қилган шеърдай эдим,
Қирққа кирмай ерга кирсам соз эди-я,
Гуноҳим ҳам, савобим ҳам оз эди-я?!

Гоҳ-гоҳида мен ҳам ҳаё қиладирман,
Тирикликни гоҳи рўё биладирман,
Куймайдиган сўнгагим бор, биладирман,
Қирққа кирмай ерни қучсам бўлар эди,
Умр жоми маъно билан тўлар эди.

Эй, ёронлар, сўрасалар, яхши, денглар,
Дарвеш эди, мулло эди, бахши денглар.
Юрагимни калхат еди, едик, денглар,
Қирққа кирмай ерни макон этмадим-а,
Савобингиз кўпайтириб кетмадим-а?!

Савдо қурдим майхонада жонон билан,
Тужжор бўлдим бир қайиқда нодон билан,
Арзонгина сотилганман жаҳон билан,
Қирққа кирмай ерга кирсам, қандай соз-а,
Уёғини сўрамайди мендан боз-а?!

Қандоқ тутай қаламимни қабр аро,
Мункир-Накир келганида айлаб сўроқ,
Шом ва аср орасинда кўкда ўроқ,
Қирққа кирмай ерга кирсам осон эди,
Менинг кўнглим бир замонлар пасон эди.

Пиёламни тўлдиргандир менинг алам,
Кўзёш билан ёзаётир қўлда қалам,
Ғарибингни дуо қилгил, мулло болам,
Қирққа кирмай ердан рутба изламадим,
Эси борлар бўзлаганда бўзламадим.

Тавба, дейман, ёноғим ҳўл, тавба дейман,
Фарзанд ҳаққи, эл-юрт ҳаққи тавба дейман,
"Айнал яқийн, Айнал яқийн!" Тавба дейман,
Қирққа кирмай ерга бормай турибман мен,
Билиб-билмай ерга бошим урибман мен.

Тавба дейман, тавба дейман, тавба дейман..!

Шодмонқул САЛОМ
@shodmonqul_SALOM

865 0 19 4 33

КЕЧИККАН ХАТ

Ўткир, Московда ҳам эридими қор,
Кўзёшдек жимирлаб, кетдими музлар?
Ўткир, Московга ҳам бордими баҳор,
Московда ҳам гўзал бўлдими қизлар?

Ўткир, биз томонда майсалар кулди,
Изларинг кўзёшдир – халқобли йўллар.
Сендан вафо истаб, сенинг йўғингда, 
Ўзгадан гул олиб титради қўллар.

Ҳув, ўша сен кезган рус ўрмонидай,
Бир қизнинг сочлари шовуллаяпти.
Унинг юрагида, юрак тубида,
Бир асир туйғулар увуллаяпти.

Тингла, сезяпсанми, эшитяпсанми,
Тақдир яшин каби ташлади фармон.
Яшил майсаларнинг бошини эгди,
Есенин қабридай гўзал бир армон.

Бу «оҳ»ни томоша қилмоққа ҳад йўқ,
Изоҳ сўрамагин таржимонлардан.
У кўнгил дардларин айтолмаётир,
Антеннаси чиқмас телефонлардан.

Мана, борлиқ аро яшнади баҳор,
Бугун тўй бўляпти, келиндир бир қиз.
Унинг юрагида изғирин ва қор,
Сенинг юрагингда эримайди муз.

Шодмонқул САЛОМ
@shodmonqul_SALOM

1.4k 0 21 10 34

Forward from: SHODMONQUL SALOM
БАҲОРНИНГ КЕЛИШИ

Тушнинг давомидай бир кеча эди,
Туннинг саволидай ҳур эди кўнглим.
Дераза, нима у шитирлаётган?
Баҳорми, ёмғирми, вой, жоним синглим.

Кўнглим эриб кетди эскирган қордай,
Юзимга урилди соғинчнинг ели.
Кўнгли кўкламларга кетган бемордай,
Чопгиларим келди, ҳайқиргим келди.

Соғинч – отам қишда кураган қорлар,
Бойчечак лабига кулгулар тошди.
Қўзи боқиб юрган болалагим ҳам,
Баҳор, ташрифингдан энтикди, шошди.

Баҳор, сен бордингми Сурхондарёга,
Кўрдингми турнадай сингилларимни?
Боқдингми, онамнинг достон кўзига,
Ўрикка илдингми кўнгилларимни?

Бойсунга узатган қизи келгандай,
Бодомгул рўмоли ҳилпираб, шошиб,
Ялангоёқ чопган қизалоқлардай,
Қирларга қўзигул кетгандир тошиб.

Жўралар, мен бугун ишга чиқмайман,
Бўзсувга қаранглар, у – менинг кўнглим.
Тошкентда туриб ҳам бормайми, ахир,
Бойсундан келибди баҳорим, синглим.

Тушнинг давомидай бир кеча бўлди...

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


Баҳор келди!
Барчамизга муборак бўлсин!
@Shodmonqul_SALOM


#Рамазон_илҳоми
***
Дедики, "Рамазон ойлар султони,
Бу ойда занжирбанд этилган шайтон!"
Бешак қабул этгум ушбу нидони,
Аммо не сабабдан қон ютар жаҳон?

Қилмишин бир умр бировга тўнкаб,
Таскин тополмаган қуруқ исёнмиз.
Асли кимлигимиз билурсан, Эгам,
Қачондир покдомон бўлган инсонмиз.

Ва билдим, қўлидан бир иш келмаган,
Бизлар – бировларга мудом ташвишмиз.
Ўзгаларни айблаб турибмиз, гарчи,
Шайтон кишанланган, биз эса бўшмиз.

Шодмонқул СAЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


Forward from: SHODMONQUL SALOM
СЕН БАҲОРНИ СОҒИНМАДИНГМИ?..

Султонбой ДЕҲҚОНОВ фотоси




***
Дашт каби ётардим, бепоён эдим,
Осмон гувоҳ эди – бир жаҳон эдим.
Устимдан телбалар тепиб ўтдилар,
Мен ҳам ўзни телба – беморга солдим.

Кўнгли ўксимасин ҳасадда куйган,
Бир кун шу хор кўнгил обод бўлар-да...
Умидим – умиди узилмасин, деб,
Ўзимни ноилож, ночорга солдим.

Мендан нима кетди, қўлларим сахо,
Камайиб қолмайман – берган-ку Худо.
Ё, Раббим! Шу банданг кир кўнгли учун
Ўзимни шу бугун беорга солдим.

Юрак топганини тутади менга,
Бир ғамгин шод бўлса – етади менга.
Онажон! Қайғурма, қисмат бичилган,
Шу боис бу дилни бозорга солдим.

Барқарор не бордир, таслим бўлгали,
Сафарим тупроқдан сопол қилгали,
Собит бир имон бор – силжитолмаслар,
Бу дилни шу сабаб бедорга солдим.

Дашт каби ётардим, бепоён эдим,
Ўзимни тугунлаб бир ғорга солдим.
Билмасликка олди – шуниси хушдир,
Ўзимни бемор-у ночорга солдим.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


Қачон бошлангансан, эй оғир қўшиқ,
Руҳимда овозсиз, тинмай оқасан.
Соғинчинг емирди соҳилларимни,
Лаби шаккар илон, қачон чақасан?

Аврайсан, тушингга олиб кирасан,
Исмсиз одамдай қолар ҳаётим.
Бир жойларда мени яхши кўрасан,
Бир жойлардан ёмон келади додим.

Сенинг тушларингда қанчалар яхши,
Кўнглимнинг ярасин боғлаб қўясан.
Менинг тушларимда оқ кўйлагимни
Дазмолда... куйдириб қўясан.

Чоҳдаман, бошимда ойдай турасан,
Узалсанг – етасан, узалолмайсан.
Қўлларингни чўзгинг келади, аммо,
Кўзёш ҳам келади, тўхтатолмайсан.

Айт, қачон руҳимга тушдинг, эй яшин?
Куйган томонимга тўғри келгансан.
Балки, гул тергали кетган чоғимда
Нуҳнинг кемасида кетиб қолгансан.

Билмайман... тақдирни англашга ўхшар,
Охириси борга ўхшаб кетади.
Сенинг соғинчинга менинг додимни
Уласак – Тангримга етарди.

Ё, Тангрим! Бу қандай азобнинг тури,
Кул бўлдим, совутмай яна қийнайсан.
Кулимдан гар ошиқ яратсанг такрор,
Йиғлатма, йиғласа, юпатолмайсан.

Шодмонқул САЛОМ
@shodmonqul_SALOM

2k 0 12 4 44

БОЛАЛИК

Болаликнинг осмонларида
Булутларнинг ниятлари пок.
Бу йилларнинг зиндонларида
Не туйғулар бўлмади ҳалок.

Болаликда баҳор бўларди
Ёмғирлари, қўзичоқлари.
Ойсанамга хўп ярашарди
Ўт-ўланли тақинчоқлари.

Қўйдай ўтлаб юрар туманлар,
Шитирлайди яшил-оқ ҳаво.
Чақмоқ эмас кўкни ёритган
Гулхан ёқиб исинар Худо.

Гумбурлайди самонинг сатҳи,
Қарсиллайди юрак — чилторим.
Зўр қурилиш бўляпти кўкда,
Уй бошлабди Парвардигорим.

Болаликда тутганим олтин,
Зумрад эди, жавоҳир эди.
Эй жўралар, ҳеч кимман ҳозир,
Болалигим зўр шоир эди.

Дунё чети — қирда, отам тик,
Хирмон ташлар донни саралаб.
Тақдир сопи зувиллатганча,
Чиллак кетди йиллар оралаб.

Мен абадий ўн ёшдадирман,
Қирга чиқиб тушолмай қолдим.
Болаликдан сўрамай кетиб,
Ана шундай таасурот олдим.
Болаликда осмон бор эди.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


ҲАЗРАТ БОБУР ЁДИ

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳийм,
Ўзинг фатво қилғил, эй, Самий, Азим!

Ғаффорлигинг бордир – ваъданг бор, мутлақ,
Гуноҳкорларингдан рози бўлгил, Ҳақ!

Умаршайх Мирзонинг айтайин ўғлин,
Бобур атадилар, бул гаплар ҳам чин.

Элликка кирмади – жавонмард бўлди,
Ўттиз саккизида бир китоб қилди.

Номини “Мубайян” демиш уламо,
Шариат тоқини қучди бир зиё!

Мирзо Бобур номи токи Ҳиндистон,
“Бобурнома”сини ўқийди жаҳон.

Валиймасдир, вале ўрнини босгай,
Уни билмаганни ҳикмати тўсгай.

Навоий чин фоний бўлганида рост,
Улуғ девонларга айлади ихлос.

Ўнгу чап илкида урмишлар ханжар,
Ҳумоюн! Недир ул эроний лашкар!?

Бобоси Темурхон – миллатнинг шаъни,
Эси бор ўқувчим топгайдир маъни.

Турон тожидаги кўҳинурдир ул,
Бобуршоҳ – Оллоҳнинг амридаги қул!

Зўр сўзлар айтмоққа журъатим бордир,
Вале, дарвеш умрим бу йўлда хордир.

Ҳазрати Бобурнинг эрлигин билинг,
Унинг айтганидек, тўғри дарс қилинг.

Ушбу шарафларга етмади бу жон,
Етказгил, сен Ўзинг, етказгил, Раҳмон!

Номи Бобур эрур, ёнмиш қуёши,
Жавонмард руҳига шоирлар ошиқ.

Шерпанжаси билан битгандир шеърлар,
Ҳинд-у Турон бирдек: Подшоҳим, дерлар.

Раббим! Раҳматингни мўл-кўл қил анга,
У мудом таваккул айламиш Санга!

Асл жавҳаринг бер пошшозодаға,
Йиқмас минор қурган ул шаҳзодага.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


ТАВБА ВА ҚУВОНЧ

Саҳро ўртасида туясин излаб,
Кетиб бораётир ёлғиз, ғариб жон.
Бошида ғажирдай айланар ажал,
На сув бор, на емак ва на бир ошён.

Туя топилмаса, тугар ҳаёти,
Шоқолу калхатга бир кунлик байрам.
Қизиган саҳрода чумоли каби,
Инграб бораётир омадсиз одам.

Лаби танглайига қолар ёпишиб,
Ҳолсиз йиқилади, кетиб мадори.
“Оллоҳ-Оллоҳ” дея сўнар товуши,
Узила бошлайди умрнинг тори...

...Бир замон ғойибдан мўъжиза бўлиб,
Пайдо бўлар бирдан беғам туяси.
Шу дамда банданинг қувончин кўринг,
Шукру мадҳиясин йўқ ниҳояси.

Унинг шодлигининг адоғи йўқдир,
Бепарво туясин йиғлаб ўпади.
Бозорда боласин йўқотиб, топган
Онаизор қалби шундай тепади.

Самовотда, Аршда қойимдир Эгам!
Ул зотнинг ҳам улуғ қувончлари бор.
Туясини топган қулдай севингай,
Агар тавба қилса, бирор гуноҳкор!

Шодмонқул СAЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


ҲАЙВОНОТ БОҒИДА

Қулоғини қашийди маймун,
Патларига тумшуқ урар қуш.
Кунчувоқда йўлбарс жим, ғамгин
Тўқайзорни кўриб ётар туш.

Боғчасидан таътилга чиққан
Гул қизалоқ термулар ҳайрон.
Онасининг қўлидан тутиб
Саволларга кўмар: “Онажон!

Нега тутиб турмиш буларни,
Ахир кўкда учмасми қушлар?
Нечун бунча маюсдир бари,
Эшитилмас озод товушлар?”

Бу саволлар — мангу бежавоб,
Она дилгир: “Кеч ҳам бўлгандир.
Ташқаридан қулфлаб келгандик,
Бетоб отанг... кутаётгандир.”

Шодмонқул  САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM


Одам боласи ўзини, муваққат қувонч нелигини, қўли қон қисматни, қўйингки, Оллоҳнинг қудратини англаши учун шу суратдан ортиқ яна нима керак!?😢 @Shodmonqul_SALOM


Forward from: Мирзо Кенжабек ижодхонаси
ИККИ МУХАММАС ТАРИХИ
(Шоир Аъзам Ўктам фазилати)

Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм.
Шоир халқи мақтанишга мойил, мақтов эшитишга ҳарис, кичик меҳнатини катта қилиб кўрсатишга моҳир бўлади. Биз ҳам шу хислатдан бенасиб бўлмасак керак.

Вақтида, мустамлака даври, тахминан 1995 (1988) йилларда Ҳақ таолодан иноят етиб, ҳазрат Амир Низомиддин Алишер Навоийнинг икки ғазалига ожизона мухаммас битиш насиб этди. Мухаммасда мустамлака ва ёт улусга қарамлик кайфиятлари ҳам акс этган эди.

Дархондаги икки хонали уйда эдим. Мухаммасни ёзишга ёздим-у, энди уни эшитадиган ва англайдиган одам қидириб қолдим. Кўп дўстларимни бир-бир кўз ўнгимдан ўтказдим. Йўқ, бу ожизона битиклар маъносини, тагдор ифодаларни англайдиган одам топиш қийин бўлди. Биласиз, ҳамма итеъдодли шоир биродарларимиз ҳам мумтоз шеъриятни англашга қодир бўлавермайди.
Шунда бирдан шоир Аъзам Ўктам ёдимга келди ва дарҳол телефон олдига ошиқдим.

Аъзам Ўктам яхши шоир бўлиш билан бирга, жуда диёнатли ва ибодатли инсон, заковатли китобхон, жуда зарофатли шеършунос шахс эди. У “Чўлпон” нашриётида (Навоий-30) муҳаррир бўлиб хизмат қилар, заковати туфайли илмий маърифий китобларга муҳаррирлик қилар, муқаддас Қуръони каримнинг устоз Алоуддин Мансур қаламига мансуб ўзбекча таржимасига, яна муборак “Мухтасари Виқоя” китобининг татар туркчасидан табдил қилинган ўзбекча нашрига ҳам муҳаррирлик қилган эди. Диққат-эътиборли мутахассис бўлгани учун нашриёт раҳбари, таниқли адиб Нурали Қобулнинг ишончини қозонган эди.

Бир оз хижолат билан унга қўнғироқ қилдим. Салом-аликдан кейин:
– Аъзамжон, Аллоҳдан иноят етиб, ҳазрат Навоий ғазалларига иккитагина мухаммас ёзилди... – дедим.
– Ҳа, эшитадиган қулоқ йўқми?! – деди.
– Эшитадиган қулоқ кўп, англайдиган қалб йўқ! – дедим. Бу сўзим туғри унинг юрагига борди.
– Ҳозир етиб бораман, Мирзо ака! – деди қатъият билан.
Бир таксига чиқиб, қисқа вақтда Дархонга, 5-қаватдаги кулбамизга етиб келди. Бир оз нафас ростлаб, суҳбатлашгач, икки мухаммасни ўқиб бердим. Бирмунча таъсирланди.

“Балки, олмоқ қасди бирла ғайри эл элдур санга” деган сатрни анча муҳокама қилди. У маҳалда босқинчи ва мустамлакачи “ғайри эл” ватанимизнинг пахтасини, тилласини, пилласини, барча бойликларни талар, яна ўзини халоскор санаб, “бахт-саодат келтирган” улуғ оға деб деб билар эди. Ҳақгўй шоирларнинг қўлларига эмас, тилларига кишан солинган эди. Аъзам Ўктам биродарим: “Неча беркитсанг, кўнгил ганжи яна кўпроқ бўлур, Очилиб оламга, зулм ўтган сари, порлоқ бўлур, Тикса маъно оғзини, Мирзо, бу иш қандоқ бўлур?” – каби сатрлардаги қочиримларни яхши англади.

“Ғам учун шундоқ мусаффо тутса ошиқ оламин, Бас, илоҳий ишқ учун лозим нечоғ покроқ замин”, “Бас, фанони этди йўл аввал бақо аҳлига чарх” сингари сатрлар устида тўхталди.

“Чет элликка мақтаниш” деган тўрт қатор шеърим бўлар эди.

– Ўзи Ўзбекистон қандай юрт эрур?
– Оҳ, унинг бағридан меҳмон аримас:
Келган ўзи қарир, боласи қарир,
Ва лекин сафари ҳечам қаримас”.

Халқимизда “сафарим қариди” деган гап бор. Яъни, меҳмон ўз манзилу маконига қайтгиси келса, “Сафарим қариди, энди мен қайтай”, дейди. Лекин юртимизни ишғол этган босқинчи халқнинг ўзи қариса ҳам, боласи қариса ҳам, сафари қаримас эди. Аъзам Ўктам биродарим бу шеърни кўп такрорлар эди. Шунга ўхшаб, юксак одоби туфайли, менинг кўнглимга қараб, икки ғарибона мухаммасга ҳам яхши баҳо берган бўлди.

Қачон бу ожизона икки мухаммасни очсам, қалби бор инсон – раҳматлик Аъзам Ўктам биродарим ёдимга келади.

Эй қадрдонларим! Шеър эшитиш учун пул сарфлаб, вақт ва куч сарфлаб, бир жойдан бир жойга борадиган дўстингиз борми?

Мирзо Кенжабек
09.02.2025.

@m_kenjabek
┈┈• ❀ 🌷☘️🌷 ❀ •┈┈•

20 last posts shown.