МАСТУ РОСТ Даврамизга қўшилинг, шоирим!
Уч-тўрт кишимиз бор-йўғи:
Хотира, Ҳасрат, мен ва
Шеърнинг қораламаси.
Тўртта қурут, сигаретнинг чўғи,
Бир ҳўплам пива...
Даврамизга қўшилинг, шоирим!
Шайтон ораламасин!
Даврамизга қўшилинг, бовурим!
Ташқарида ҳайқириқ оқади,
Шоирлар сув каби топар йўлини:
Изҳорга кўмилган шаҳарлар –
Ватан деган фалсафа сўқади,
Ишқ ила узатар гўё кўнглини.
Даврамизга қўшилинг, бовурим!
Қадаҳда шеър бўлди заҳарлар!
Шеър ўқиб берингиз, шоирим!
Тарихдай оғриқли оҳанглар –
Ватанни рўйирост қурсинлар!
Бир гулни узгандай безарар
Изҳорсиз берсинлар чаманни,
Севги не? Шоирлар кўрсинлар!
Шеър ўқиб берингиз, шоирим!
Қароқда ўқингиз, Ватанни!
Нечун индамайсиз, шоирим?
Севгингиз тирикми, йиғлайсиз?
Ўқ каби отилинг – қалқингиз!
Айни дам маддоҳлар намойишидан,
Ўзини соқовдай панага олган
Ватанлигингизни билмайсиз.
Нечун индамайсиз, шоирим!
Қанча алданади яна халқингиз?..
© Алибек Анварий
@sherSehri