Shahnoza Soatova blogi


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Blogs


Ki har ne olami sug‘roda mavjud,
Bori ul olami kubroda mavjud.
(Alisher Navoiy)
Murojaat uchun: @shahnozchatbot

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Blogs
Statistics
Posts filter


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
Янги Тошкент қурилишида ишга кириш имконияти

Иш қидираётганлар учун катта имконият! Янги Тошкент ҳудудида олиб борилаётган қурилиш ишларига ишчилар жалб қилинмоқда.

📌 Иш ҳақи: 8-15 миллион сўм
📌 Иш ўринлари: бетончи, сувоқчи, сантехник, электрик, ғишт терувчи ва бошқа қурилиш касблари
📌 Шароитлар: ётоқхона, транспорт, махсус кийим-кечак, 3 маҳал овқат
📌 Иш тартиби: расмий бандлик, 8 соатлик иш куни, қўшимча дам олиш кунлари

Агар сиз қурилиш соҳасида тажрибага эга бўлсангиз, бу имкониятни қўлдан бой берманг!

📞 Хориждаги юртдошлар учун – 0 800 0000 1176
📞 Ўзбекистонда – 1176

Ўз меҳнатингиз билан Янги Тошкент қурилишида иштирок этинг!


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
Мана шу гўзаллик бўляпти бизда!

Алишер Навоий номли опера ва балет катта театрида!

Ҳар жума кечга маданий дам олишни одат қиляпман. Кеча шовшувли, машҳур “Лазги” балетини кўрдим ниҳоят — 3 йиллик орзуйим ушалди!

Балет олмон хореографи Раймондо Ребек томонидан саҳналаштирилиб, дунёнинг асосий саҳналарида, жумладан, “Большой театр”да ҳам қўйилди. Мен уч йилдан бери “Лазги”га тушолмай юрганим сабабларидан бири ҳам шу — қачон сўрамай, “Лазги” гастролда, хорижда эди.

Бу — классик балет билан ўзбек фольклори омухтаси, ёрқин миллий рақс билан замонавий рақс симбиози, бу — ўтдан олиб сувга солгувчи, мағрибдан машриққача амплитудада тебратгувчи томоша.

Ёрқин костюмлар, декорациялар, сарвқомат раққосу раққосалар, жонли мусиқа, ҳатто сурдотаржимани ҳам рақсда беришган. Инсон тасаввури чексиз!

Ҳозирги балетлар шунақанги шоу бўлиб кетибди!… Кино ёки видеодан фарқи ва қадри шундаки, бунда ҳаммаси жонли, оловлар ростакам олов, овозлар ростакам овоз, туйғулар ростакам туйғу…

Балетни кўриб туриб, унинг хориждаги премьераларида ўтирган томошабинларни тасаввур қиламан.

“Воҳ шу гўзалликни бутун дунё кўрди а, олам бизнинг ёрқин ва жўшқин лазгимизни шунақа чиройли тақдимда кўриб лол қолди-я” деб ифтихор юрагимни тўлдирди.

Яхши нарса тез тугайди — нисбийлик қонуни. Балет бир пасда тугаб қолди ё мен вақт ўтганини сезмадим. “Яна-яна” деб ёш боладек тамшаниб қолдим.

Жуда чиройли асар. Халқ тилида юрган — жон танага лазги бўлиб кириб келган деган бир оғиз афсонадан шундай дурдонани яратганларга тасанно. Гўё Лазги бир олмос бўлса, уни замонавий “модный” заргарлик уйи олиб, тарошлаб, қимматбаҳо металлга ўрнатиб бебаҳо бир зийнат яратибди. Ғоя муаллифи ва ташкилотчиси — Ўзбекистон маданияти ва санъати фондига алоҳида раҳмат!

Бу балетга албатта тушинглар — бир марта келамиз дунёга!

@shahnozxon


Леонардо да Винчи ва Шарқ алломалари: Унутилган Илмий Боғлиқлик

Яқинда италиялик таниқли олим Марио Тедди Ўзбекистонга келган эди. У Леонардо да Винчи мероси бўйича таниқли мутахассис. Олим Леонардо да Винчи ўз ихтироларида Шарқ алломаларининг илмий ишларидан фойдалангани ҳақида гапирган. Бу Шарқ илм-фани Ғарб ривожига улкан таъсир кўрсатганини яна бир бор тасдиқлайди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ушбу боғлиқликни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Шарқ олимлари кашфиётларидан илҳомланган Леонардо да Винчига бағишланган кўргазма ташкил этишни режалаштирмоқда.

Илм-фаннинг чегара билмаслиги ва улуғ алломалар меросини қайта кашф этиш – бугунги кун учун ҳам жуда муҳим!

Сиз бу ҳақда қандай фикрдасиз? 🔎


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
Мухолифат бизга керакми ёки йўқми?

Президент Шавкат Мирзиёев мухолифатнинг мамлакат ичида шаклланиши кераклигини айтганди. Бугун парламентда ҳам мухолифатнинг роли ҳақида жиддий муҳокамалар кетяпти. Ҳатто мухолифат ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилди. Унга кўра, мухолифат вакиллари парламент қўмиталарида раҳбарлик лавозимларини эгаллай олади.

Лекин бу қанчалик амалга ошади? Мухолифат фақат қарши чиқадими ёки ҳақиқий ечим ҳам таклиф қиладими? Aksent подкастида айнан шу мавзуда суҳбат бўлганди. Икки депутат бу масалада ўз позициясини очиқ билдирган.

Тўлиқ суҳбатни мана бу ҳавола орқали сиз ҳам кўринг, албатта: https://youtu.be/HRf2A-Llbyg

@shahnozxon


Ўзбек тилини ўрганиш қийин эмас.

Давлат тилидан имтиҳон барча битирувчилар учун мажбурий этиб белгиланди – бу шунчаки таълимга оид янгилик эмас, муҳим сиёсий қарордир.

Аслида Ўзбекистон фуқароларини, қайси тилда мулоқот қилишидан қатъий назар, давлат тилини билиши – бирлаштирувчи нуқта бўлиши керак. Кўп мамлакатларда шундай, жамият уларда бу масалада муросага келган, давлат буни кафолатлаган.
Ўзбекистонда ҳам умумий ўрта таълимни битираётганларга давлат тилидан имтиҳон киритилиши адолатли ва қонунийдир.

Биринчидан, таълим қайси тилда бўлишидан қатъий назар барча мактабларда ўзбек тили дарслари ўтилади. Давлат тилидан билимларни текширишдан аввал давлат бу билимларни беряпти (таълим сифати – бошқа масала).

Иккинчидан, ўзбек тилини ўрганиш учун тил муҳити мавжуд. Телевидение-радио-интернет-ижтимоий тармоқларда ҳам контентлар бор. Ҳозирги болалар сунъий интеллект орқали чет тилларини ўрганишяпти, ўзбек тилини ҳам СИ жуда яхши билар экан. Демак, ўрганишда муаммо бўлмайди.

Учинчидан, имтиҳон белгиланган фанларнинг яхши ўтилишига ота-оналар ва жамоатчиликнинг эътибори кучаяди, демак, мактабларда ўзбек тили дарслари сифати ортишига олиб келади.

Тўртинчидан, ва ниҳоят, “сен менинг тилимда гапир-мен сенинг тилингни билмайман” деган баҳслар тугайди, ўзбек тили ўзаро мулоқот ва бирлаштирувчи тилга айланади.

Ўзбек тили ўрганишга қийин тил эмас. Ва чиройли тил. Биз ота-оналар болаларимизга шу томондан озгина эътиборли бўлсак, кифоя.


Италиядаги Ўзбекистон маданий мероси намуналари Тошкентда намойиш этилади

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази очилиши муносабати билан Италия музейлари ва шахсий коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистон маданий мероси дурдоналари намойиш этилади. Бу асрлар давомида чет элда сақланган ноёб экспонатларнинг юртимизга қайтишига бағишланган муҳим халқаро кўргазма бўлади.

Кўргазмада Афросиёб кулолчилик буюмлари, Қорахонийлар даврига оид афсонавий коса, Хуросон ва Мовароуннаҳр металл санъати намуналари, XIX-XX аср ўзбек ипак тўқимачилигининг бетакрор асарлари тақдим этилади.

Италия музейлари вакиллари ва коллекционерлари бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, Ислом цивилизацияси маркази очилиши муносабати билан ушбу дурдоналарни юртимизга олиб келишга розилик билдиришган. Улар орасида Турин Осиё санъати музейи, Рим миллий Шарқ санъати музейи, Болонья университети кутубхонаси ва бир қатор шахсий коллекциялар мавжуд.

Тошкентдаги кўргазма нафақат Ўзбекистоннинг маданий меросини очиб беради, балки халқаро маданий ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратади. Бундай ноёб имкониятни қўлдан бой бермаслик керак!


Таълим ўзбек тилида бўлмаган мактаб битирувчилари ҳам давлат тилидан имтиҳон топширишар экан.

Болаларимизга ўзбек тилини янада яхшироқ ўргатамиз.

Тўғри деб ҳисоблайман ва ёқлайман!

@shahnozxon


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
100 кун — нималарга улгурса бўлади?

Янги таркибдаги парламент ўз ишини бошлаганига 100 кун тўлди. Оғизда айтганда кам вақтга ўхшайди, лекин шу қисқа муддат ичида бир қанча ижобий ўзгаришлар рўй берди.

1. Халқ билан тўғридан тўғри мулоқот жадаллашди. Масалан, бу йилдан депутатлар ҳар ойнинг охирги ҳафтасида ҳудудларга чиқиб, сайловчилар билан учрашувлар ўтказишни бошлашди.

2. Қонун ижодкорлиги борасида фаоллик ошди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан халқ фаровонлигини таъминлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилган 48 та қонун қабул қилинди.

Депутатлар ташаббуси билан 4 та қонун лойиҳаси палатага киритилди, 42 та депутат сўрови юборилди. Шунингдек, 9 маротаба ҳукумат аъзолари ва давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ахбороти эшитилди.

3. Парламент назорати ҳам анча жонланди: 14 та назорат-таҳлил тадбирлари ўтказилиб, қонунлар ижроси ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти жойларда ўрганилди. Шунингдек, 23 та ялпи мажлис ўтказилиб, улар YouTube'да ва парламентнинг расмий веб-сайти орқали жонли эфирда узатиб борилди.

100 кун — бу ҳали бошланиш. Олдинда кўп вазифалар турибди. Муҳими, парламентдаги фаоллик сусаймаслиги ва ҳар бир ташаббус халқ манфаатларига хизмат қилиши керак.


Омонат қўйишга қайси банк яхши?
Poll
  •   Anorbank
  •   Kapitalbank
  •   Ipak Yo'li banki
  •   TBC bank
  •   Tenge bank
  •   Xalq banki
  •   Asakabank
  •   Sandiqbank😄
  •   Dollar sotib olaman
627 votes

2k 0 11 16 10

Ҳомийлик фаолияти тартибга солинади – ҳаммаси яхши бўлади!

Ҳомийлик фаолиятини тартибга солиш бўйича қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида муҳокама қилина бошлади. Бу бизга нима беради? Қуйида лойиҳа ҳақида ўзим тушунганларимни оддий-содда англатишга ҳаракат қиламан.

Жисмоний шахслар хайрия йиға олмайдими?

Ундай эмас, йиға олади. Фақат ўзи ёки яқин қариндоши учун. Яқин қариндошлар – қонунчилик асосида, ўзаро қариндош бўлган шахслар, яъни ота-оналар, туғишган ёки тутинган ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотинлар, фарзандлар (шу жумладан асраб олинганлар), бува ва бувилар, набиралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-оналари, туғишган ёки тутинган ака-ука ва опа-сингиллар бўлиши мумкин. Яқин қариндошлар ҳақида тўлиқ шарҳ бу ерда.

Кўнгиллилар-чи? Хайрия фаолиятига кўнгилли бўлиб қўшилиш ва кўмаклашиш мумкин эмасми?

Албатта, мумкин. Кўнгиллилар бегона шахслар учун хайрия йиғишда иштирок этиши мумкин, фақат эълон бериш орқали! Эълонларда хайрия ким учун йиғилаётган бўлса, ўша одамнинг пластик картаси ва/ёки банк ҳисобрақамини кўрсатишлари керак. Яъни ўзининг ё хайрия субъектидан бошқа бировнинг картасини қўйиши мумкин эмас.

Хайрия қутилари қандай қўйилади?

Хайрия қутилари фақат ННТ ёки юридик шахслар томонидан белгиланган тартибда қўйилиши мумкин.

Бунда хайрия қутиси шаффоф идиш бўлади, жойлаштириладиган манзил олдиндан эълон қилинади, уни очишда гувоҳлар қатнашади ва бу жараён видеотасвирга олиниб, жамоатчиликка эълон қилинади. Яъни хайрия маблағи хайрия қилувчидан хайрия олувчигача бекаму кўст етиб бориши жамоатчилик назорати остида, шаффоф бўлиши керак.

ННТлар нақд пул шаклида хайрия йиға оладими?

Албатта, йиға олади. Фақат хайрия қутилари орқали. Яъни ҳар бир купюра ёки танга албатта белгиланган тартибда ўрнатилган шаффоф хайрия қутисига тушиб, кўпчилик иштирокида ҳисобланиб, ҳужжатлари қилиниб, ҳисоботи бериладиган бўлиши керак.

Ҳомийлик хайриясини олганларга бошқа ёрдам ва имтиёзлар берилмайдими?

Ундай эмас. Қонуннинг 14-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилмоқда: “Ҳомийлик олувчилар томонидан ҳомийлик хайрияларининг олиниши уларга қонунчиликда белгиланган бошқа ёрдам турларидан, тўловлардан ёки имтиёзлардан фойдаланишини чеклаш ёки тўхтатиш учун асос бўлмайди”.

Мол-мулк шаклидаги хайриялар-чи? Улар қандай қилинади?

Хайриялар мол-мулк шаклида йиғилган тақдирда, ННТ ёки юридик шахс томонидан қабул қилиб олиниб, мол-мулк рўйхати шакллантирилиб, унинг тури, миқдори (ҳажми) кўрсатилган ҳолда далолатнома тузилади.

@shahnozxon


Элдор Асанов "1000 китоб"га менежер бўлиб кетибди!

Оқлайман, ёқлайман, қўллайман, ёрдам керак бўлса, шу ердамиз🖐

Элдор ҳам олим, ҳам ўз соҳасида эксперт, ҳам мулоҳазали ва мўътадил бошқарувчи сифатида, қолаверса, "1000 китоб"нинг қадриятлари ва ғоясини эъзозловчи зиёли ўлароқ контент-менежер вазифани аъло даражада ва сидқидилдан адо этишига ишонаман.

Шунингдек, унинг лойиҳадаги "эгизаги", ташкилий-молиявий менежер Назирбек Худоёров ҳақида ҳам яхши гапларни эшитганман, "Asaxiy" мактабидан чиққан, ўз ишининг устаси деб эшитдим.

Лойиҳага омад тилайман!

@shahnozxon


Давлатимиз раҳбарига совға қилинган бебаҳо туҳфа — Муқаддас Каъба ёпинчиғи – Кисванинг бир парчаси Ислом цивилизацияси марказига жойлаштирилади.

Яқинда Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа Ўзбекистонга келган эди.

У Президентимиз билан учрашувда Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон Ол Сауднинг кўп миллатли Ўзбекистон халқига ҳадяси – муқаддас Каъба ёпинчиғи – Кисванинг бир парчасини топширди.

Ушбу ҳадя давлатимиз раҳбари топшириғига кўра, Ислом цивилизацияси марказига жойлаштирилади. Кисва парчасининг остида Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз бин Абдурраҳмон Ол Сауднинг кўп миллатли Ўзбекистон халқига совғаси деган маънодаги изоҳ бўлиши кўзда тутилган.


Ана бўмасам, диетологимга юбораман деб каналимга жўнатиб юборибман-ку🤦‍♀️🤦‍♀️🤦‍♀️ Майли, ана вазнимни ва озаётганимни ҳам билиб олдинглар🤣 Ўчирдим.

@shahnozxon


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
"Ҳозирги болалар китоб ўқимайди" дейдиган ота-оналарнинг ўзи китоб ўқимайди".

"Ҳандалак"чи Ортиқ Султонов китоб ўқиш ҳақида.

#ziyoulash

@shahnozxon


Қўшиламан. “Бобур” боғи атрофида можаролар бир неча йиллардан бери давом этмоқда. Боғ ҳудуди қадам-бақадам эгаллаб олинаётгани ҳақида анчадан бери фаоллар бонг уриб келишади. Энди эса “Anhor-lokomotiv” боғининг бутунлай бузилиши ҳақида тармоқда турли гап-сўзлар юрибди.

Одамлар кўчага чиқиб тоза ҳаводан баҳраманд бўладиган, маданий мулоқот қиладиган, кўнгил ёзиб кайфиятини кўтарадиган масканларнинг аҳамиятини бизда етарли баҳоланмаётгани ачинарли.

Расмий муносабат берилиши, асосийси, боғ бузилмаслиги керак.

@shahnozxon


Ёшлар, тил ўрганинг, давлат ссуда ва грантлар беради.

 
Президент ташаббуси билан хорижий тилларни ўрганишни қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйидаги имкониятлар яратилмоқда:
 
120 миллион сўмгача фоизсиз ссуда:

Агар сиз “С-1 даражаси” билан чет тилини мукаммал ўзлаштирган бўлсангиз ва олис ҳудудларда ўқув маркази очмоқчи бўлсангиз, давлат сизни қўллаб-қувватлайди. Бу маблағ махсус жамғарма орқали ажратилади.
 
Чет тилини ўрганмоқчи бўлган ёшларга грант

Энди хусусий ўқув марказларида тил ўрганаётган ёшлар учун янги тизим жорий этилмоқда:
2+6 тизими – дастлабки 2 ой ёшлар ўз ҳисобидан, кейинги 6 ой харажатларини давлат қоплаб беради.
 
100 минг нафар ёшга “B-2 даражаси”да ўқиш имконияти.
Ушбу янги дастур орқали 100 минг ёш хорижий тилларни мукаммал ўзлаштириб, келажагига йўл очади.
 
Давлат раҳбари ташаббуси билан ёшларнинг дунёга чиқиши, билимли ва рақобатбардош бўлиши учун тарихий қадам ташланмоқдa. Ташаббуслардан фойдаланиб қолинг. Тил билган киши кўчада қолмайди.
 
@shahnozxon


🚀 96 000 dan ortiq ayollar TBC Bank ko‘magida o‘z biznesini rivojlantirmoqda

2024-yilda O‘zbekistonda 96 mingdan ortiq ayollar TBC Bank kreditlari yordamida o‘z bizneslarini rivojlantirish uchun mablag‘ jalb qildilar.

Ayollar kichik do‘konlar va novvoyxonalardan tortib ishlab chiqarish tsexlari va IT-startaplargacha bo‘lgan turli xil loyihalarni ochmoqda va kengaytirmoqda. Tadbirkorlikka qiziqish ortib bormoqda va moliyalashtirish imkoniyati yangi g‘oyalarni ishga tushirish hamda mavjud biznesni mustahkamlashga yordam bermoqda. 💪🏻

Siz-chi, biznesingizni rivojlantirishga tayyormisiz?

Tafsilotlar havola orqali:
https://app.tbcbank.uz/SfqR/ebhsaejn
Reklama


⚡️⚡️⚡️Сенсация!

Ҳозиргина “Янги Ўзбекистон” университетида бўлиб ўтган китоб аукционида Ўзбекистон Миллий университети талабаси
12 млн сўмга китоб тўплами сотиб олди! Айфон эмас, китоб олди! “Akademnashr” нашриётининг “Излам” тўплами махсус нашрига талаба шунча пулни қизғанмади. Арзийди!

Айниқса, хорижлик ўқитувчи-профессорлар олдида бирам ғурурландим.
Қойил! 👏👏👏

@shahnozxon


USAID тугатилиши ортидан грантлар назорати кучаядими?

АҚШ Ҳукумати самарадорлик департаменти раҳбари Илон Маск USAID агентлиги тугатилишини ва уни қайта тиклаш режаси йўқлигини маълум қилганди. Билишимча, агентлик неча йиллардан буён Ўзбекистонда ҳам таълим, соғлиқни сақлаш, тадбиркорлик ва иқтисодий ривожланиш каби соҳаларга 500 миллион долларга яқин грант ажратиб келарди. Энди унинг йўқолиши бу соҳаларга қандай таъсир қилади, деган савол туғилиши турган гап.

USAID билан боғлиқ вазият фонида Қонунчилик палатаси депутати Нодир Тилаволдиев хорижий грантлар устидан назоратни кучайтириш таклифини илгари суряпти. Унинг фикрича, бу орқали жамиятга ёт мафкура ва ғоялар кириб келишининг олди олинади.

Шу билан бирга, грантлар шаффофлиги таъминланиб, уларнинг қандай ва қайси мақсадда ишлатилаётгани устидан ҳам аниқ назорат ўрнатиларкан. Бунда, грантлар шаффофлиги ва назоратнинг қай даражада ва қандай механизмлар орқали амалга оширилиши муҳим деб ўйлайман.

@shahnozxon


Бугун каналимда “Бобур куни”ни ушбу хушхaбaр билан тугатиш ёқимли:

Флоренциядага машҳур “Палаццо Строцци” қасрида “Бобурнома” тақдимот қилинди

Буюк ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги муносабати билан Италияда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистоннинг ушбу давлатдаги элчихонаси ҳамда Рим шаҳридаги “Sandro Teti Editore” нашриёт уйи томонидан “Бобурнома” асарининг итальян тилидаги таржимаси тақдимотлари ўтказилди.

Таржима мазкур нашриёт тарафидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзбошиси билан кўп нусхада чоп этилган.

Флоренция шаҳридаги тарихий “Палаццо Строцци” қасрида тарихчи ва шарқшунос олимлар, жамоат ва маданият арбоблари иштирокида ташкил этилган маросимда Бобурнинг ҳаёти ва ижоди, “Бобурнома” асарининг моҳияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Тадбирда италиялик атоқли олим, профессор Франко Кардини, “Палаццо Строцци” мажмуаси президенти, Италия Сенати аъзоси Рекардо Ненчини, “Sandro Teti Editore” нашриёти раҳбари Сандро Тети, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, профессор Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистоннинг Италиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абат Файзуллаев, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ва бошқалар сўзга чиқиб, “Бобурнома”нинг ушбу мамлакатда нашр этилиши икки давлат ўртасидаги ижтимоий-маънавий алоқалар ривожида муҳим воқеа бўлганини таъкидладилар.

#boburkuni #boburday

20 last posts shown.