Бугун
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Президентимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисларидаги нутқи ва ундан келиб чиқиб фракция олдида турган вазифалар ҳамда келгуси беш йилликда Парламент назоратини кучайтириш, бюджет кўрсаткичларини ошириш ва ҳукумат билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ўз маърузасида партиямизнинг хусусий мулк дахлсизлигини кучайтириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, бизнес юритишни янада соддалаштириш мақсадида мингга яқин бюрократик талабларни бекор қилиш, лицензия, рухсатнома ва бошқа чекловчи ҳужжатлар сонини 2 карра камайтириш, давлат харидларида кичик бизнес иштирокини янада кенгайтириш тўғрисидаги таклифларини қўллаб-қувватлашларини эътироф этди.
Президентимизнинг мазкур эътирофи партиямиз зиммасидаги масъулиятни икки карра оширади. Шу боис келгуси 5 йил давомида тадбиркорликни ривожлантириш, қулай инвестицион муҳитни яратиш фаолиятимизнинг устувор вазифасига айланиши лозим, Зотан, жадал иқтисодий юксалишимиз, келажагимиз тадбиркорлик ривожига боғлиқ. Шу боис, партиямиз тадбиркорликка янада кенг йўл очиб бериш бўйича олиб бораётган ислоҳотларимизда фаол бўлиб, янги янги ташаббусларни ишлаб чиқишга эътибор қаратади.
Бундан ташқари, қабул қилинган қонунлар ишлаши, одамлар ҳаётида сезиларли ўзгариш қилиши кераклиги таъкидлаб ўтилган эди. Шунингдек, қонунлар ижроси Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмитаси ва масъул ижро этувчи орган билан биргаликда ўрганиб борилиши, вазирлик ва идораларда раҳбар ўринбосарларини қуйи палата қўмиталари билан доимий ҳамкорлик учун масъул этиб бириктириш, Парламент ва депутат сўровлари кимга йўлланган бўлса, шахсан шу раҳбар томонидан жавоб берилиши шартлиги ҳақида билдирилган қатъий фикрлар бошқарувда Парламент ролини янада оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Фракция аъзолари давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган таклиф-ташаббуслар ЎзЛиДеПнинг бошқарувда парламент ва маҳаллий кенгашлар ролини ошириш ҳамда халқнинг чинакам овозига айлантириш йўналишидаги мақсад-вазифалари ижросига хизмат қилишини қайд этишди.
Йиғилишда ЎзЛиДеП фракцияси давлатимиз раҳбарининг Қонунчилик палатасининг биринчи ва иккинчи мажлисларида белгилаб берган вазифалар асосида Ҳукумат идоралари билан яқиндан ҳамкорликда ишлаши бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб олгани қайд этилди. Бу партиямиз сайловолди дастуридаги хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш, тадбиркорлик ва инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, рақобатни ривожлантириш, ер ва ер ости ресурсларидан унумли фойдаланиш каби муҳим ташаббусларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, Ҳукуматимиз билан яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастурини амалга ошириш – фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг хусусий мулк ҳуқуқи кафолатларини янада кучайтиришнинг муҳим шарти экани қайд этилди.
Шунингдек, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш ва экспорт ҳажмини ошириш, аграр соҳани ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлиги таъминлаш, мамлакатимизда “Яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, давлат хавфсизлиги ва аҳоли осойишталигини таъминлаш борасидаги ишларга ҳам партия сайловолди дастуридан келиб чиқиб алоҳида эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.
Йиғилиш сўнгида давлатимиз раҳбари маърузалари асосида ишлаб чиқилган партия “Йўл харитаси”ни жойларда тўлиқ ижросини таъминлаш борасида вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.