“Газ”ини берадиган комиссия...
Ўзэнергиоинспекция Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари “Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғриси”даги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 13 февралдаги ПҚ-54-сонли қарорининг 3-бандига асосан Самарқанд шаҳридаги боғчаларда текшириш олиб боришган.
Текширув давомида инспекция ходимлари юридик шахслар томонидан табиий газдан нооқилона ва самарасиз фойдаланганлиги ҳақида далолатнома ҳам ёзишган. Далолатномага кўра, назорат тадбири натижасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 103-моддаси 2-қисми талаблари бузилганлиги қайд этилган. Яъни, газ ёниш жараёнини автомат тарзда бошқариб турувчи қурилмаларнинг бўлмаслиги ёки ўрнатилмаганлиги деб киритилган.
Ушбу моддага кўра, қайд қилинган камчилик учун жарима миқдори мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда кўрсатилган.
Жаримани ким тўлайди?
Ана энди савол туғилади, хўш, бу жаримани ким тўлайди? Вилоят ҳокимими ёки “Облоно” мудирими? Йўқ албатта. Иккаласи ҳам тўламайди. Инспекцияни эса бу масала умуман қизиқтирмайди.
Аслида таълим даргоҳларидаги аҳволнинг “протокол”даги ҳолатга келиб қолишига асосий айбдорлар улар эмасми? Ўша раҳбарлар охирги маротаба қачон болалар боғчаси ёки мактабга бориб у ердаги ҳолатни реал кўз билан кўрганлигини эслолармикан? Қишлоқларни эмас, шаҳарда ёрдамга мухтож боғчалар борлигини билишармикан?
Текширувлардан силласи қуриган боғчаларнинг дардига чипқон бўлиб яна битта инспекциянинг пайдо бўлиши таълимнинг илдизига болта уриш эмасми? Икки дақиқа бекор ўтирган одам ё мактабни ёки боғчани текширгиси келади. Ўзи бу тизимни эгаси борми? Ёки “облоно” деган ташкилотни туманларга мудир тайинлашдан бошқа иши йўқми? Ёки мақсад таълим ва тарбияни чўктиришга қаратилганми?
Вилоят ҳокимининг таълим бўйича маслаҳатчиси бўлган Саидаҳмад Усмонов ҳокимга қандай маслаҳат бераяптики, таълим тизими энасиникига қараб аразлаб кетмоқда.
Битта “облоно” мудирининг масаласи коридорда ҳал бўлиб кетилаётган даражадаги муносабатдан сўнг боғчалардаги газ ёниш жараёни автомат тарзда бошқариладими йўқми кимнинг нима иши бор.
Бўрининг тиши бўғирсоққа ўтади...Бу гапимиздан ажабланманг! Сабаби қанчадан-қанча абгори чиқиб ётган, техник хавфсизлик жиҳатдан талабга жавоб бермайдиган “заправкалар”, газдан фойдаланиш қоидаларини мутлақо менсимайдиган ошхонаю, ресторанлар, газни “гази”ни бериб ишлатаётган иссиқхоналарга киришга “духи” бўлмаган ташкилотга бўғирсоқдек боғчаларни жаримага тортиш осон.
✅ @Samarqand_live – Юзинг қийшиқ бўлса ойнадан ўпкалама!