Вақт деган тилсимнинг содиқ қулимиз!
Боғлаб қўйилгандек оёқ қўлимиз!
Чопа-чоп, ура-ур, югур-югурлаб,
Ўтиб бораяпди умри кунимиз!
Беҳуда сарф бўлган фурсатлар увол,
Нодонла қурилган суҳбатлар увол,
Тухматга тош ташиб юрган биз ҳаммол,
Ўтиб бораяпди умри кунимиз!
Мақсадсиз босилган қадамлар билан,
Гоҳи тўй,гоҳида мотамлар билан,
Ўзимиз суймаган одамлар билан,
Ўтиб бораяпди умри кунимиз!
Минг йил яшайдиган каби тараддуд,
Қарзларимиз унут,бурчимиз унут.
Бугун тирикмисан,Қиёматни кут,
Ўтиб бораяпди умри кунимиз!
Тўрт ярим кун ўзи аслида дунё,
Биз уни беш кун деб ўйлаймиз гўё,
Ярим кунингни ҳам қилгин тўтиё,
Ўтиб бораяпди умри кунимиз!
Дилларни оғритиш билан сарсона,
Неча гул кўнгиллар зумда вайрона,
Балолар келганда яна ҳайрона,
Ўтиб бораяпди умри кунимиз!
Моҳирмиз кимдандир ётиб куларга,
Худо назар солган асли уларга,
Қачон улгурамиз тавба қиларга?
Ўтиб бораяпди умри кунимиз!
Малика Тавфиқ
@Zamonaviy_Psixolog