Замонавий гуманитар олим-тадқиқотчига қандай талаблар қўйилади?
Шу саволни ўзимга кўп бераман. Бошқа ёш тадқиқотчилар ҳам тинимсиз изланишда. Энг охирги илмий трендларни кузатиб бориш ва уларга жавоб бериш, халқаро миқёсга чиқиш осон иш эмас.
Аслида бу масаланинг ўзи бўйича ҳам изланишлар, китоб ва мақолалар чиқарилади. Яъни фанда дунёдан ортда қолиб кетмаслик учун бу борадаям изланиб туриш керак.
Ўз изланишларим якунларига кўра замонавий тилшунос олимга қўйиладиган талабларни келтираман. Ëндош фан соҳалари (тарих, антропология, социология, адабиётшунослик, санъатшунослик каби) учун ҳам талаблар унча катта фарқ қилмайди. Балки бошқа йўналишда ишлайдиганларга ҳам нафи тегар.
Анъанавий талаблар:
- назарий билим — тегишли соҳанинг назарий ҳадларини яхши билиш, терминологияни ўрганиш ва ҳ.к.;
- янги маълумот тўплаш — дала тадқиқотлари, архив ва кутубхоналарда ишлаб, тадқиқот учун янги маълумотларга эга бўлиш (ёзувлар, қўлёзмалар, ҳужжатлар, археологик топилмалар, интервью ва сўров натижалари, тил ва шеваларни ҳужжатлаштириш ва ҳ.к.);
- тил билиш — камида
инглиз тили плюс соҳага қараб яна бирорта тилни билиш талаб этилади; туркология йўналишида яна
турк ва
рус тилларини билиш шарт; иранистикада
форс, семитологияда
араб тилини ва ҳ.к.;
- илмий матн ёзиш ва таҳрирлаш кўникмаси — мақола, монография, диссертация ва ҳ.к. ёзиш учун.
Янги талаблар:
- интердисциплинарлик — бошқа соҳалар билан кесишмада ишлаш; масалан, тилшуносликда тренд — лингвистик антропология ва компьютер лингвистикаси;
- тадқиқотда замонавий технологиялардан фойдаланиш — сунъий онг асосида ишлайдиган катта тил моделлари, корпус лингвистикаси,
NLP,
GIS (геоахборот тизимлари) технологиялар,
Digital Humanities; хусусан, тилшуносликда аллақачон километрлаб матнни таҳлил қилиб берадиган технологиялар чиқиб кетган;
- менежмент кўникмалари — бугунги кунда бир киши кабинетда ўтириб, сифатли илмий иш чиқара олмайди, албатта жамоа тузиб, янги маълумотлар тўплаб, тадқиқотнинг назарий ҳадларини ишлаб чиқиш, сўнг грантларга ва дастурларга топшириш, презентация/питчинг қила олиш, йирик илмий лойиҳаларни молиялаш ва бошқариш кўникмалари талаб этилади;
- халқаро алоқалар, нетворкинг, қўшма лойиҳа ва коллаборациялар; бунда қўл келадиган академик ижтимоий тармоқлар ва платформалар (
Academia.edu сингари) бор.
@AsanovEldar