#Таъзия
Ўзбек миллий маданияти ва санъатини ривожлантиришда муносиб ҳисса қўшган фидоий инсон, Қашқадарё вилояти телерадиокомпанияси бош режиссёри Ахмедов Зокир Анварович 51 ёшида вафот этди.
Зокир Ахмедов 1973 йилда Ғузор туманида туғилган. У иш фаолиятини Ғузор тумани маданият уйида услубчи ва бадиий раҳбар вазифасидан бошлади.
З.Ахмедов Қашқадарё вилояти мусиқали драма театри актёри, вилоят телевидениеси диктори вазифаларида ишлаб, 2000 йилда “Йилнинг энг яхши диктори” номинацияси ғолиблигини қўлга киритди.
З.Ахмедов 2005-2008 йилларда Қашқадарё вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари, 2008-2011 йилларда Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри директори, 2011-2015 йилларда Қашқадарё вилояти маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи вазифаларида фаолият кўрсатди.
З.Ахмедов Қашқадарё вилояти маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи фаолияти давомида миллий маданиятимиз ва санъатимизни ҳамда спорт соҳасини юксалтириш ва ривожлантиришда, соҳани етук ва малакали кадрлар билан таъминлашда, вилоят жаҳон ареналарида довруғини кенг ёйишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.
З.Ахмедов камтарин ва тўғрисўзлиги, ўз ишига бўлган талабчанлиги ва меҳрибонлиги туфайли жамоа ва вилоят фаоллари ҳурматига сазовор бўлди.
Барча маданият ва санъат вакиллари, жонкуяр Инсон Зокир Ахмедовнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила-аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Зокир Ахмедовнинг ёрқин хотираси қалбимизда мангу яшайди.