Бахтиёр Турсунов блоги


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Blogs


Қурувчининг кундалиги

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Blogs
Statistics
Posts filter


ТAРБИЯМ ЙЎЛ ҚЎЙМAЙДИ (ҲAЖВИЯ)

— Вой ярамас-эй!..
Бу хотиннинг нега мени сўкаётганини тушунолмай қолдим. «Кечирасиз, нега мени сўкаяпсиз?» деб сўрамоқчи ҳам бўлдим. Aммо индамай қўя қолдим.
— Яна кўзини лўқ қилганига ўлайми? Мен сенга кўрсатиб қўярдим-у аммо тарбиям бунга йўл қўймайди-да.
Aвтобус йўловчилар билан тирбанд эди. Ҳамма бизга тикилиб қарарди. Мен яхшиси сукут сақлаган маъқул деб ўйладим. Aммо хотиннинг жағи тинмасди:
— Сурбет!..Тўнка!..Aблаҳ!..Тарбиянинг кўчасидан ўтмаган галварс! Қандай оиладан эканлигинг шундоқ кўриниб турибди!..
Икки марта оғиз жуфтлаб, «Хоним, ўзингизни қўлга олинг!» демоқчи ҳам бўлдим. Aммо яна индамадим.
— Тупурдим юзингга! Aгар тарбиям йўл қўйганда эди, сенга кўрсатиб қўярдим...
Aтрофдан танбеҳлар ёғила бошлади:
— Уят эмасми! Aёл кишига ҳам шунақа муомала қилинадими?
— У нима қилибди ўзи?
— Шилқимлик қилган бўлса керак.
— Эҳтимол оёғини босиб олгандир.
— Сиз қаёқдан биласиз, балки қўлига эрк бергандир...
Aгар шу тобда автобус тўхтаса эди, иккиланмай тушиб қолган бўлардим. Ҳалиги хотин эса ҳамон пулемётдай тинимсиз жаврарди. Уни тинчитишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмасди...
— Уят деган нарса йўқ экан-да! Одоб деган нарсанинг кўчасидан ҳам ўтмаган! Aёл кишининг иффатини қаёқдан ҳам билсин. Aфсус, тарбиям йўл қўймайди-да...Мен сенга кўрсатиб қўйган бўлардим!..
Ё тавба!..Кошки бирон айбим бўлса!..Унга тирноғимнинг учи теккан бўлса тил тортмай ўлай! Aгар теккан бўлса ҳам менинг айбим нима? Aвтобус тирбанд бўлса...
— Вой пасткаш-эй! Тарбия кўрган аёлга дуч келганинг учун шукур қил. Aкс ҳолда мен сенга...
Мен терлаб кетдим.
— Бунақа ярамаслар атай тирбанд автобусларга ўтиришади...Мен сенга...Омадинг бор экан, тарбияли аёлга дуч келдинг...
Чамаси, тоқатим тоқ бўлди. Менинг ўрнимда тош бўлганда ҳам портлаб кетарди.
— Шукур қил, мен тарбия кўрган аёлман. Aкс ҳолда оғзингдан қулоғинггача йиртиб ташлардим.
Йўловчилардан ҳеч ким ёнимни олай демасди. Ҳамма хотиннинг тарафида эди:
— Эҳтимол шилқимлик қилгандир...
— Хотин нима десаям барибир ҳақ!
— Ҳаддидан ошиб кетган-да! Ҳамма нарсанинг меёри бор.
Охир-оқибат хотин тиниб-тинчиш ўрнига яна баттар жазавага туша бошлади.
— Вой аблаҳ-эй! Вой ярамас-эй! Aгар жа-а ҳирсинг жўшиб кетган бўлса, қаерга бориш кераклигини кўрсатиб қўйишим мумкин. Тушундингми? Тушундингми деяпман? Худо ҳаққи агар тарбиям йўл қўйганда эди...
Бас. Пичоқ суякка етди. Ҳамма нарсанинг чеки-чегараси бор. Тирсакларим билан ўзимга йўл очиб, хотиннинг олдига бордим, қўлларидан тутиб дедим:
— Хоним, айтингчи, мен сизга нима қилдим ўзи?
Хотин хо-холаб кулиб юборди:
— Одамлар! Мана бу бечорага бир қараб қўйинглар! У ҳам ўзини эркакман деб юрибди. Сен қаёқдан пайдо бўлиб қолдинг? Наҳотки сен ҳам эркак бўлсанг? Наҳотки мен сенга гапирган бўлсам? Энсамни қотирма! Бор-э тошингни тер! Сенга гапираман деб ҳеч кимнинг кўзи учиб тургани йўқ. Мен ана бу баланд бўйли, келишган йигитга гапиряпман...
Aвтобус Тақсим майдонида тўхтади. Aвтобусдан қандай сакраб тушганимни сезмай қолдим. Хотин ҳамон жаврарди:
— Қариб қуюлмаган галварс! Хомтама бўлиб менга гапирган деб ўйлаганига ўлайми?..Aфсуски тарбиям йўл қўймайди-да, акс ҳолда тавбасига таянтириб қўярдим!
Ёшинг ўтиб қолса қийин бўларкан. Ҳатто хотинлар ҳам сени сўкмай қўяркан...

Aзиз Несин
Шодмон Отабек таржимаси


Бир сен борсан!
Бир сен борсан!
Бир...
бир сен бўлгин,
ўзга бўлмасин;
қасамки, бир сен билан банддир
юрагимнинг ҳар тўрт бўлмаси!

Тошиб чиқиб юрак ичиндан
олов шуъланг минг бир йўлакка,
ўкинмасин
гар ич-ичимдан
жой тегмаса сендан бўлакка.

Дилим кўшкин тарк этма асло;
тутар бўлсам ўзга барини,
вайрон айла, майли, шу асно
юрагимнинг бўлмаларини!

Мансур ЖУМАЕВ


ТЎРТЛИК

Осмон жим-жит, депсинади Ер,
Бири чўкар, бири юксалар.
Ёшлар тезроқ вақт ўтсайди, дер,
Вақт ўтмаса, дейди, кексалар.

Ботир Эргашев




​​РУҲ

Фотиҳа сурасин бир кунжидасан,
Ойнинг манзилларин ҳар буржидасан,
Ер етими, осмон илинжидасан,
Сирингни каслару зотлар билмаслар.

Гулнинг кулгусида, шом қайғусида,
Илк бор севги кирган дил туйғусида,
Эриётган музнинг шаън йиғисида...
Шаклингни ғамлилар, шодлар билмаслар.

Қайлардан келяпсан, боряпсан қаён,
Ўткинч вужуд ичра  беш кунлик меҳмон,
Қанча яқин бўлсанг, шунча  ноаён,
Тилингни тилдошлар, ётлар билмаслар.

Тобут оғочидан гул қидирган сен,
Тонглар шудринг кечиб нур қидирган  сен,
Капалакдай тинмай дил қидирган сен,
Ўйинингни ғолиб, мотлар билмаслар.

Фотиҳа сурасин бир кунжидасан,
Ойнинг манзилларин ҳар буржидасан,
Ер етими, осмон илинжидасан,
Сирингни каслару зотлар билмаслар

Эшқобил ШУКУР




БИТТА ОДАМ ОРТИҚЧА
(ҳажвия)

Эрталаб. Бекат. Автобус тиқилинч. Йўловчилар унинг устига чиққудек бўлиб осилмоқда. Қий-чув, шовқин-сурон...
— Сал сурилинг, ака! Э, яшанг, яна бир сантиметр!..
— Ўв, секинроқ! Кўз қаёқда, оёқни эздинг-ку, номард?!
— Қани, қани, яна жиндек сурилинглар-чи, азаматлар! Битта яхши одам қолиб кетмасин! 
— Э, қаёққа чиқаман? Оёқ қўядиган жой йўқ-ку, амаки!
 — Шу-у... аптобусни резинкадан ишлаб чиқарилса бўлмасмикан-а! Ҳаммамиз сиғиб кетардик!..
Буларга қўшимча микрофон орқали гапираётган ҳайдовчининг бўғиқ товуши қулоққа чалиниб қоларди: 
 — Агар эшиклар ёпилмаса, ҳеч қаёққа қимирламайман!..
Боз устига қўлига бир даста пул ушлаб олган бақалоқ чиптачи хотин ҳам ҳали олд, ҳали орқа эшик олдида чирқиллагани-чирқиллаган эди:
— Йўл ҳақи тўлашни унутманглар! Автобусга сиғмай қолганлар хафа бўлишмасин. Орқадан бошқаси келяпти... Ҳо-ой, сизни чиптангиз қани яхши, йигит? Қани, қани, тез-тез қимирлай қолинглар! График бузилмасин. Орқа эшик ёпилмагунча автобус юрмайди. Чиқинглар, чиқа қолинглар!..
 — Қаёққа чиқамиз, опа? — дейман бўғилиб. — Томига чиқиб бўлмайди-ку, ахир?
— Буниси менинг ишим эмас, — дейди у. — Чиқинглар! Бўлмаса, ортиқча йўловчилар тушиб қолишсин!
— Тўғри айтасиз, — ҳиринглайди эшикка осилиб турган талаба йигитчалардан бири. — Шу, битта одам ортиқчалик қилиб турибди-да!
— Ким ортиқча? — дўриллаб бўйнини чўзади унинг орқасида осилиб турган барзанги йигит.
— Сизни айтмаяпман-ку, ака, — бўйнини қисади талаба йигитча.
— Қани азаматлар, яна бир уриниб кўрайлик! Қолган-қолди, кетган-кетди! — хитоб қилади бошқа бир йўловчи.
... Ҳансираш, чираниш, инқиллаш, оҳ-уҳ бошланди ва ниҳоят эшиклар ғирчиллаб аранг ёпилди. Автобус йўлга тушди. Бир бекат юрди, икки бекат. Негадир бақалоқ чиптачи хотиннинг овози эшитилмай қолди.
— Тўғри, битта одам ортиқча экан! — енгил нафас олди йўловчилар...

Эркин Усмон




Ёз ойлари эди, бир куни ярим кечаси шу атрофда катта жанжал бўлган.
Қирғизлар билан тожиклар уришибди.
Ур тўпалонда икки юздан ошиқ одам қатнашган, полиция, омончилар келиб жанжал бостирилган.
Эртаси куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларни кўриб дахшатга тушдик.
Бир неча йигит пичоқланган, бир-бирини аёвсиз калтаклаётган, бақир-чақир қилаётган одамлар.
Шу воқеалардан икки кун ўтди, дўконга бориб келаётган вақтимда уй атрофини тозалаб юрадиган икки юртдошларимизни кўриб қолдим.
Қурилишдан чиққан чиқиндиларни олиб кетиш учун тез-тез ёнимизга келиб туришади, иккови ҳам таниш бўлиб кетган бизларга.
Ҳол-аҳвол сўрашдик.
Ёши ўн тўққиз, йигирмаларда бўлган йигитнинг бир кўзи кўкарган.
-- Ие, кўзга нима бўлди полвон?-- дея сўрадим.
-- Икки кун олдин метро бекати яқинида бўлган жанжални эшитмадингизми?-- саволимга савол билан жавоб берди у.
-- Эшитдим, сизлар ҳам бормидинглар ўша жойда?
-- Бир дўстимизникига туғилган кунига бориб келаётган эдик, метродан чиқсак ур-тўпалон бўлиб ётибди.
Беш олти нафар қирғиз йигитлари ўраб олиб ура кетишди.
Сизлар ҳам тожиксизлар дейди.
Биз ўзбекмиз деб бақира бошладик.
Кўпчиликка кучимиз етмаса, қўлларида пичоқ.-- дейди кўзи кўкармаган йигит.
-- Яхшиям сал нарироқдан бир бақувват қирғиз йигит югуриб биз томонга келди, ўзбекман деяпти нега ураяпсан, тегманглар буларга, дея ажратиб қолди, бу кўз кўкариши ҳеч гап бўлмай қоларди агар,-- дея кўзини кўрсатиб кулади биринчи йигит.
-- Ярим кечаси саёқ юрмаслик керак-да, Аллоҳ асрабди осон қутилибсизлар. Кейин мингга қўйиб қочгандирсизлар у жойдан,-- дея сўрайман.
-- Тезроқ кетайлик десам, бу видеога олиб юрибди.
-- Бояги яхши йигитни таниб қолиш учун видеога олдимда, ўша йигит шериклари билан жанжални бостириш учун роса у ёқдан бу ёққа югурди,-- дейди кўзи кўкармаган йигит.
-- Полиция келиб ҳаммани уриб, қувиб ушлаб автобусларга тиқа бошлагач қочдик.
-- Қани телефонингни олчи, видеони кўрайлик,-- дедим.
Видеода кўринганлар, сўкаётганлар, бақириб кўчада у ёқдан бу ёққа югуриб юрганлар.
Баланд бўйли бир йигит камерга яқин келиб, "кет энди, ҳозир яна калтак еб қоласан, деб нари кетди.
Кўзимга жудаям таниш кўринди.
-- Қайтар шу жойини,-- дедим.
-- Бизга ёрдам берган шу одам.
Қайта кўришда яхшилаб қарадим, наҳотки деб юбордим.
Бу Олмос эди...

Бахтиёр Турсун
17.02.2025


Сумкамдаги овқат солинган идишни олиб хонага кириб борган вақтимда тасодифан Олмоснинг гапини эшитиб қолдим.
"Мунча ҳамманг ўзбекка ёпишмасаларинг-ей, улардан дўст чиқмайди. Қайнатса қони қўшилмайди бизларга" дерди у ўтирганларга.
Тўғри кириб бордим ҳаммаси жим бўлиб қолишди.

Юрагимга нимадир қадалгандек бўлди, бу сўзларни эшитиб жим ўтириш оғир, аммо нима қилиш керак.
Индамай овқатландик, Олмос билан яхшилаб гаплашиб олмаса бўлмайди.
Аммо бу иш гап билан битадиганга ўхшамайди, ташқарига олиб чиқиб солсаммикан айлантириб.
Бу болага шундан бошқаси кор қилмайди.
Тушлик қилиб бўлгач:
-- Олмос сен мен билан юр, ташқарига чиқиб келайлик,-- дедим.
-- Нима гапингиз бор, шу жойда айтаверинг,-- деди у.
-- Алоҳида гаплашишдан қўрқасанми?
-- Ака, бригадангиздаги ҳаммани чақиринг қўрқмайман!
-- Ҳамма шартмас, фақат икковимиз.
-- Ака, керакмас. У боксчи, мен ҳам бирга бораман,-- деди Самариддин.
-- Биз уришмаймиз, шунчаки гаплашиб оламиз, ҳовотир олма,-- дедим унга.
Икковимиз катта эшик томонга кетаяпмиз, рўпарамиздан прораб Генаддий чиқди.
-- Қаёққа кетаяпсизлар?-- сўради у.
Индамай ўтиб кетавердим.
-- Ҳозир келамиз, чекиб келайлик,-- дея жавоб берди Олмос.
Одамлардан ҳоли жойга чиқдик.
-- Хўш, нима демоқчисиз ака,-- кўзларимга тик боқди у.
-- Ҳозир Генаддийга нега қирғизча гапирмадинг?-- дедим мен ҳам унинг қисиқ кўзларига тикилиб.
Бунақа савол кутмаслиги аниқ эди, юзларида ҳайронлик кўринди.
-- Қизиқсизма ака, у қирғизча тушунмайди-ку.
-- Нега тушунмайди?
-- Ахир у ўрис бўлса, бегонада у, бошқа миллат. Бизнинг тилни билмайди-ку.
-- Демак бегоналар сенинг тилингни тушунмайди а? Менга қайси тилда гапираяпсан ҳозир?
-- Сиз қизиқсизма дейман ака, нималар деяпсиз? Қирғизча гапираяпман-ку.
-- Мен сенга қайси тилда гапираяпман?
Унинг кўзлари катталашди, бошини қашлади.
Менинг нима демоқчи бўлганимни англаб ета бошлади шекилли, энди кўзларини ерга қадади.
-- Ўзбекча.
-- Сен ўзингни тилингда, мен ўзимни тилимда гапираяпмиз, ўртада таржимон йўқ.
Ҳозир бир киши келиб икковимиздан динининг нима деб сўрашса, бараварига мусулмонман Алҳамдулиллаҳ деймиз.
Тўғрими?
-- Тўғри ака.
-- Демак тилимиз бир, динимиз бир экан шундайми?
-- Тўғри ака.
-- Бизлар бегона эканмизми?
-- Узр ака.
-- Қайнатса қони қўшилмайди дейсан, сенга ўхшаганлар шундай ўйлайди.
Ҳоҳласанг ҳоҳламасанг қонимиз бир, бизлар туркийлармиз, қардошлармиз.
Бегона деб ана ўрисни айтсанг бўлади, ўшалар билан қонинг қўшилмайди.
Сенга ўхшаб калта ўйлайдиганлар ўзбекдаям бор, қозоқдаям бор, туркмандаям бор, шунинг учун минг бўлакка бўлиниб мана шу ўрисни қўлида ишлаб юрибмиз.

-- Узр ака, бу нарсаларни ўйламапман.
Москвага биринчи марта келган вақтимда битта ўзбек ургандида, шундан бери ўзбекларни ёмон кўриб қолгандим.
Аммо бир киши учун ҳаммани ёмон кўриш тўғри эмас экан, сиз тўғри айтдингиз.

Бу жойларда жанжал чиқариш оқибати яхши бўлмаслиги, жабрини бир киши эмас кўпчилик тортишини мисоллар билан тушунтирдим.

Шу суҳбатдан кейин Олмос умуман бизникилар томонга келмай қўйди.
Орадан бир неча кун ўтди, ойлик маош берилган куни Самариддин иккаламиз бирга тушлик қилиб ўтирибмиз.
Стол атрофида ўтирганлар ҳаммаси қирғизлар.

Олмос бу жойга бошқалардан анча кеч келгани учун ойлик маоши кам чиқибди.
-- Хужжат тахлашим, кейин яшаш жойимизга ижара ҳаққини беришим керак, пулим етмаяпти.
Беш минг рубль қарз бериб туринглар,-- деб ҳаммадан бир-бир сўраб чиқди.
Ҳеч кимда ортиқча пул йўқ экан, мулзам бўлиб бир четга чиқиб ўтириб қолди.

Ёнига бордим, чўнтагимдан беш минг чиқариб қўлига тутдим.
-- Ма ол, кейинги ойлик олган вақтинг қайтарасан,-- дедим.
Ўтирган жойида менга қаради, кўзларидан ёш чиқиб кетди.
Қайта-қайта раҳмат айтди.
Орадан бир ой ўтгач, яна минг бор раҳмат деб қарзини қайтарди.
Кейинчалик мен бошқа жойга ишга кетдим, Олмосни бошқа қайтиб кўрмадим.
Орадан тўрт йил ўтди.
Москва шаҳрининг "Кузминки" номли метро бекатига яқин жойда ишлардик.


Қурувчининг кундалигидан

Ўзбек ва Қирғиз қардошлар

2017-йилда Москвада русларга қарашли кичикроқ бўлган қурилиш фирмасида ишладик, бу фирма асосан ички таъмирлаш ишлари билан шуғулланарди.
Кичикроқ деганим сабаби фирмада ишчи ходимлар директори билан оддий ишчиларни қўшиб ҳисоблаганда юз нафарга етмасди.

Оддий ишчилари асосан биз ўзбеклар ва қирғизлардан ташкил топган.

Рус, арман, украинлар ҳам бор эди-ю, уларни ҳаммасини қўшиб санаса қўл бармоқлари ортиб қолади.

Янги иш бошлаган вақтларимизда қирғиз қардошлар билан жудаям иноқ эдик.

"Айнура" номли ҳикоямни ҳам айнан шу жойда танишган қирғиз йигити ҳақида ёзганман.
Ана шу қадрдонликка, иноқликка раҳна солувчилар пайдо бўлди.

Ўзга юртда ишлаётганлар учун энг ёмон ҳолат икки миллат ўртасида жанжал чиқиши.
Арзимас оддий тортишувлар кўпинча катта жанжалларга айланиб кетганини кўп кўрдим.

Мисол учун битта болғани икки киши талашиб қолди, бири ўзбек иккинчиси қирғиз, оддий даҳанаки тортишув муштлашувга айланса шу атрофда эшитган ўзбек ва қирғиз келиб уруш жанжалга қўшилаверади.

Оқибати ёмон бўлади кейин.
Имкон борича шунақа майда ғижи-бижиларни жойида тўхтатиш керак.
Қирғизлар бригадасига янги ишчи келиб қўшилди.

Ичида озгина ғарази бор йигит экан.
Уч тўрт марта бизнинг йигитлар билан айтишиб қолди, катталар аралашиб ғавғони катталатмай бостирамиз.
-- Ҳаммамиз бегона жойда юрган бўлсак, мусофирчиликка уриш жанжал қилиш учунмас, ишлашга келганмиз.
Тинч юрсаларинг бўлмайди-ми?-- дея бақираман ўзимизникиларга.

-- Ака, ўзлари бошлашаяпти биз жим қараб турмаймиз-ку.
Кеча келиб қўлимдаги перфараторни меники деб олиб кетиб қолди, ҳай майли омборхонада бошқаси бор-ку деб индамадим.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан яна келиб бизлар ишлатаётган нарвонни олиб кетмоқчи. "Бор ана омборхонадан бошқа нарвон ол десак," "мен шуни оламан, сен ўзинг бориб олиб кел" дейди.

Мақсади ўзини кўрсатиш, жанжал излаяпти бу бола,-- деди Аҳмад исмли юртдошимиз.
-- Нима бўлсаям сизлар оғирроқ бўлинглар, ҳаммамиз мусулмонлармиз, бир-биримиз билан уришиб юришимиз яхшимас,-- дедим.

Қирғизлар бригадасига бориб, бригадири Русланга, Самариддинга ҳам янги келган Олмос исмли йигит яхши иш қилмаётганини тайинладим.

Бир ҳафтача вақт ўтди, орада яна шунақа майда кўнгилсизликлар бўлиб дилни хира қилди.
Олмос ёши йигирма бешлар атрофида, бўйи баланд, бақувват спортчи йигит, қони қайнаб турадиган даври, ҳе йўқ бе йўқ, ҳеч бир сабабсиз ким биландир уришгиси келаверади.
Бизникиларда ҳам Олмосдан ҳеч бир жиҳатда қолишмайдиган йигитлар бор.
Нима бўлса ҳам ўртадан адоватни йўқотиш керак.

Кўпинча ўзбек, қирғиз йигитлари бир жойда тўпланиб ўтириб суҳбат қилсак, ҳаммаси бир бўлиб мендан латифа айтиб беришимни сўрашарди.

Бир куни бирга ўтирганимизда, бир ёнимга Олмосни, иккинчи ёнимга гавдаси Олмосдан қолишмайдиган уриш жанжал деса, қўйиб берса унга ўхшаганлардан иккитасига бас келадиган, аммо оқибатни кўпроқ ўйлайдиган Аҳмадни ўтқаздим.
Латифа айтиб бердим.

-- Иккинчи жаҳон урушида қатнашган отахондан сўрашибди, "отахон сиз немисларга қарши урушда қатнашгансиз, шу ҳақида қисқача бизларга айтиб берсангиз." дея.

"Эй болам, айтсам ҳайрон бўласизлар. Уруш даҳшат бўлган, катта ўрмонда биринчи куни бизлар немисларди қувдик, иккинчи куни улар бизларни қувди, учинчи куни ўрмонди эгаси келиб ҳаммамизди қувиб солди," деган экан.
Ҳамма баравар кулишди.

-- Олмосбек, Аҳмаджон сизлар ҳам яхшилаб эшитиб олинглар, бу жой ҳаммамизга бегона, ўзбек ҳам, қирғиз ҳам бу ерларда вақтинча юрибмиз.
Ҳадеб жанжал қилаверсак ҳақиқий эгаси ўрис келиб ҳаммамизди қувиб солади, шунинг учун тинч юринглар,-- дедим.
Кулишиб-кулишиб ишимизга тарқашдик.

Самариддин иккаламиз қилган харакатлар фойда бериб тортишувлар камайди, Олмос халиям бизникиларга негадир душмандек қарайди, салгина вазият пайдо бўлса ғурбат бошлаш пайида доим.
Тушлик вақтларида бизникилар бошқа хонада, қирғизлар бошқа хонада ўтириб овқатланишади. Мен икки томонга ҳам аралашиб кетаверардим, тушликни ҳар ким ўзи тайёрлаб олиб келади.
Бир куни Самариддин юринг бизлар билан ўтиринг деб чақирди.


Forward from: Ochiq derazalar
Video is unavailable for watching
Show in Telegram
Руҳим чирқиллайди-ер-тарам-тарам, Оз қолди…Қафасдан чиқсам-бўшайман.
Бугун Ўзбекистон боғлари билан, Хайрлашаётган қушга ўхшайман…

ДУЭЛ лойиҳаси раҳбари Меҳриноз ва адабиётимиз фидойиси Эркин Бозоровдан миннатдорман.


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
Беҳзод Ҳамро




РАШК
  
У завжасига ғазабланиб деди:
- Мен сени рашк қиламан, деб минг марта айтдим. Сени зийнатланишнинг барча туридан ман қилмаганмидим?!
У бутунлай беғуборлик билан жавоб берди:
- Менда ҳеч қанақа зийнат йўқ!
У деди:
- Аммо сен одамлар олдида китобингни очдинг. Бир сатр ўқиб табассум қилиб қўяр, бошқа сатрни ўқиб қошингни кўтариб қўяр эдинг. Мен ўзи шу учун ошиқ бўлган эдим сенга. Илтимос, кўчада китоб ўқишни бас қил!

Айман Ёғий.

Ҳамманинг ҳам қизғанувчи, яхши кўргувчи ёри бўлсин...


У Аҳмадни ўлдирган, ичиб олиб машина ҳайдади, Аҳмадни уриб кетди.
Мен Холдорбезни ушлаб ололмаяпман ушласам шу тош билан бошига ураман.
Аҳмад яхши одам эди, у эски оёқ кийимларни тузатарди, менга доим нон берарди. Оёқ кийим тикиб берарди, қара Аҳмад ўлгандан бери ялангаёқ юраман ёки эски калишим йиртилиб қолади ҳеч ким тузатиб бермайди.
Холдорбез ёмон одам, сен унга ёрдам қилсанг сен ҳам ёмон одам, энди сени тош билан ураман.
У гапираяпти кўзидан ёш оқаяпти, тош оғирлик қилди шекилли қўли аста-секин пастга туша бошлади.
-- Манзат, мен, мен Холдорга ёрдам бермадим, -- шунақа тез гапираяпман, кўзим унинг қўлидаги тошда, -- мен ҳам уни ёмон кўраман, унга ёрдам бермадим. Унинг ёш болачалари бор, ахир улар қоронғуда ўтиришса қўрқишади-ку, сен ўзинг ҳам болаларни яхши кўрасан-ку, доим болаларга ёрдам берасан-ку сен ҳам.
Манзират, илтимос тошни ташла, ёмон урдинг биқиним оғрияпти.
Биласан-ку, мен ёмон одаммасман, урма Манзират.

Неча йиллар бўлиб кетган экан у ўзининг ҳақиқий исмини эшитмаганига, мунгли нигоҳлари кўз олдимда қотиб қолди.
У тошни ташлади, бурилиб кета бошлади.
-- Холдорбезни барибир бир куни ураман тош билан, -- деди ўзига ўзи гапиргандек.

Шу воқедан кейин ҳам уни кўп учратдим, гоҳ ёш болалар билан ўйнаб юрар, қўлида учта тўртта сумкачалар олиб олган бўлар.
Баъзида далада мол боқишга чиққан ёш болалар уни чўпон қилиб қўйишиб, футбол ўйнашаётган дамларда кўриб қолардим.
Бир куни қишлоқда совуқ хабар тарқалди, ярим кечаси йўл четида кетаётган Манзатни машина уриб кетибди, ноъмалум ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб кетган.
Кўп қон йўқотган Манзират ўша жойда жони узилибди.
Айтишларича халатининг чўнтаклари тўла тош экан.
Бу воқеаларга ҳам анча йиллар бўлиб кетди.

Қишлоғимиз кўчаларида Манзатдан қўрқиб яшириниб юрганлар ҳозир бемалол юришади.
Зўрлар ожизларни уришади, ёмонлар яхшилардан кўп ва қўрқишмайди.

Эх Манзат, ҳозир ҳаёт бўлсанг ёмонларни уришга тошларинг етмай кетарди.


Манзат

Қишлоғимизнинг тупроқ кўчасида кетаяпман, анча узоқда мен томонга келаётган девона аёлга кўзим тушди.
Бу аёлга юзма-юз келиш изқувар терговчига дуч келишдек гап.
Қишлоқ аҳли бу аёлни яхши танишади, ҳамма уни Манзат девона дейишади.
Рўпарама-рўпара келган вақтимизда юзимга қаради:
-- Қаёққа бораяпсан мантёр? -- дея сўради.
-- Иш билан юрибман-да, чўнтагингда тошинг йўқми ? -- дедим жилмайиб.
-- Тош бор, чўнтагимда тугаса ана ерда кўп териб оламан, аммо сени урмайман қўрқма, сен яхши одамсан мантёр, -- у шундай деб эскириб, кирлаб кетган халати чўнтагидан ёнғоқдек келадиган тошларни олиб бир кўздан кечириб қайта жойига солди-ю, йўлида давом этди.
Оёғидаги калиши орқаси йиртилиб кетган, ўнг оёғи бошмолдоғи калишдан чиқиб қолган.
Бошига ўраган рўмоли ранги билинмайди, рўмол четларидан чиқиб қолган тўзғиб кетган сочларида оқлари кўпайибди.
Манзат ҳам қарибди, биз бола вақтимизда ҳам шу Манзат шу Манзат эди.
Фақат сочлари қоп-қора, юзларида ажин йўқ, кўзлари ёниб турарди.
Манзатнинг бир одати бор, ўзи ёмон деб билган одамларни тош билан уради.
Ундан ёш болалар, аёллар ва қариялар қўрқишмайди, ҳеч кимга ёмонлиги йўқ иймонли инсофли одамлар ҳам Манзатни кўрганда бир чўчиб олишмайди, унга кўзи тушган заҳоти йўлни бошқа томонга буриб кетадиганлар тоифаси бошқалар.
Алкашлар, ичиб олиб бировга озор берадиганлар, бировнинг ҳаққини ейдиганлар, уйига бориб хотинини урадиганлар, қўшниси билан жанжал ғурбат қиладиганлар Манзатни кўрса балони кўргандек қочишади.
Ҳар қандай ёмон одам ҳам ўзини ёмонман демайди, айниқса бошқалар олдида ёмонлигини тан олмайди.
Жиноят устида қўлга олинган жиноятчи ҳам керак бўлса терговчи билан тортишади, айбини тан олмасликка уринади.
Аммо Манзат бунақа тортишиб сен ёмон одамсан деб ўтирмайди, чўнтагидан тошни олади-ю бошига солади бунақа одамларнинг.
Шунинг учун баъзилар унга кўзи тушиши билан ўзи билмаган ҳолда ёмонлигини тан олиб қўяди, унга дуч келишдан чўчишади.
Доимо қишлоқ кўчаларида айланиб юрадиган Манзат қишлоқнинг хабарчи хотинлари билан яхши келишади, уларнинг суҳбатига бемалол қўшилади.
Айниқса мактабдан қайтаётган ёш болалар билан бирга ўйнади, сумкаси оғир нимжон болачаларнинг сумкасини кўтариб то уйигача олиб бориб қўяди.
Қишлоқда бўлаётган гап сўзларни ана шу хотинлардан ва болалардан билиб олади, баъзи воқеа ходисаларга ўзи гувоҳ бўлади.
Жудаям хотираси кучли, агар кимдир ўн йил олдин хотинини урган бўлса-ю, Манзат эшитган бўлса ўша одамни унутмайди, қаердадир дуч келиб қолса даб дурустдан ҳалиги одамни тош билан солиб қолади.
Калтак еган одам қайси айби учун жазоланганини эслай олмай гаранг.

Шу куни ишимни битириб қайтиб келаётсам йўлимда яна унга дуч келдим.
Доимгидек ҳотиржам ёнидан ўтаётган эдим, беҳосдан тош билан хужум қилиб қолди.
Муқбил тош отардек аниқ олади доим нишонни.
Аммо яхшиям бу сафар биринчи отган тоши ноаниқ кетди.
Бошимни билакларим орасига яшириб энгашдим.
Иккинчи отилган ёнғоқдек тош учиб келиб биқинимга тегди, тош теккан жой тешилиб қолди-ёв деб ўйладим оғриқ зўридан.

Ох!!! деб бақириб юбордим, умримда биринчи марта Манзатнинг тошли зарбасига дуч келишим эди.
Миямда нимага, қайси айбим учун деган саволларга жавоб излаяпман.
Бир пайт қарасам у ердан каттароқ тош олаяпти, агар бу тош билан урса аниқ майиб бўламан.
-- Тўхта!!! Тўхта Манзатжон, ахир боягина текширувингдан ўтгандим-ку, сен яхши одамсан мантёр дегандинг-ку, нега мени ураяпсан? Айбим нима ахир? -- шоша пиша гапира бошладим.
Балким биринчи зарбадан кейин бошқаларга ўхшаб қочиб кетсам бўларди, аммо чиндан ҳам у нима учун бундай қилаётганини билишим керак эди.
Бе айб Парвардигор, қаердадир хато қилган бўлсам керак.
Қўлидаги катта тошни боши узра кўтарди у, важоҳати ёмон.
-- Сен нега Холдорбезга ёрдам бердинг? Унинг уйига бориб узилиб кетган симини улаб токини ёқиб берибсан, у ёмон одам.


АКА

Боқсам..
Юзингизда ҳорғинлик,ажин,
Турмуш деб, бир лаҳза олмадингиз тин.
«Инсон Ватансиз ҳам яшаши мумкин»
Ака..қай юртларда қаридингиз сиз?

Манов..
Қошингиз устида йўлми,чизиқми,
Мусофирлик нима, тамға,ёрлиқми?
Билмаймиз ҳолингиз,айтинг тузукми,
Ака..қай юртларда қаридингиз сиз?

«Баҳор уйим битар,қайтгум» дедингиз,
Болангиз ош еди,ҳасрат едингиз.
Кетарда бир норғул йигит эдингиз,
Ака..қай юртларда қаридингиз сиз?

Тинимсиз сўради отам кетар чоғ,
Тобут тутмадим деб дилингизда доғ,
Онамнинг сочидан сочингиз оппоғ
Ака..қай юртларда қаридингиз сиз?

Қурган ҳовлингизда яшаб,яшамай,
Ватаннинг корига яраб,ярамай.
Гоҳ тўй,байрамларда яйраб,яйрамай,
Ака..қай юртларда қаридингиз сиз?

Машаққат чекдингиз топай деб нонни,
Ҳаёт дарсин ўтди қип имтиҳонни.
Ким берар мусофир деган дипломни,
Ака..қай юртларда қаридингиз сиз?

Ёшлик ўтиб кетди вафо қилмасдан,
Яшадингиз юртга келиб,келмасдан.
Умр ўтганини билиб,билмасдан,
Ака..қай юртларда қаридингиз сиз?

Гоҳи тўқ,гоҳи оч кунларни кўриб,
Гоҳ қалин,гоҳ юпин тунларда юриб.
Ўзга Ватанларда шаҳарлар қуриб,
Ака..қай юртларда қаридингиз сиз?

САВРИЯ ТОҲИРОВА


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
Устун бўлолмассан дунёга сен ҳам,
Беш яшаб яшамай ўтарман мен ҳам.


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
Қадр топган Устоз.

20 last posts shown.