24. Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт.
Фарзанд ота-онанинг ҳузурида ўзини қанчалик хокисор тутса, шунчалик яхши. У ўз раҳматини хокисорлик ила ота-онасига пастлатиб, пояндоз қилса ҳам оз. Шу билан бирга, доимо уларга Аллоҳ таолодан раҳм-шафқат тилаб дуо қилиб туриши лозим.
Ота-онани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир тузум ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Ота-онанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар, ҳадислар, исломий ҳикматлар, мусулмонлар ҳаётидаги тажрибалар, дунё тарихида бу борада мисли кўрилмаган олиймақом нарсалар эканлиги маълум ва машҳурдир.
Ҳофиз Абу Бакр ал-Баззор Бурдайдадан, у киши ўз оталаридан қилган ривоятда қуйидагилар келтирилади: «Бир одам зиёратда онасини кўтариб юриб тавоф қилдираётган экан. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?», деб сўрабди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Йўқ, бир оҳ тортишининг ҳаққини ҳам адо қилганинг йўқ», деган эканлар.
@Qurontvuz