Бу йилги Оскар ҳақидаБу йилги Оскар ҳам ҳар йилгидек шов-шувларга бой бўлди. Ўзи одатда ҳар йили Оскар тақдимотигача номинант фильмларнинг деярли барчасини кўришга улгурардим, бу йил вақтим ҳам бўлмади, қунт ҳам қилмадим. Кўрганим 2-3 та фильм. Анорани ҳам, ундаги актрисаю унинг режиссёри ҳам ва ҳатто сценарийси ҳам нега энг яхши бўлганини ўзим учун тўғри қабул қила оламан. Бу учун ўз аргументларим бор. Ҳар қалай олдинги йилларга нисбатан нормал танловлар бўлди деб ўйлайман.
Нега Анора Оскар ютиши керак? Фикримча Анора биз яшаётган дунёга энг яқин фильм. У ҳақида аввал ҳам
ёзгандим, қўшимча қилгим йўқ.
Субстанция ҳам менга ёққан фильм эди, у ҳам ғоявий жиҳатдан ажойиб пропагандани илгари сурганди, лекин тан олиш керак бу каби фильмлар Оскар ютиши деярли имконсиз. Дюнага келадиган бўлсак ҳаммаси оддий, бу машҳур трилогиянинг ўртасидаги қисми. Унда на ибтидо бор, на интихо. У фақатгина техник томонлама қурашиши мумкин эди ва курашди ҳам. Энг яхши фильм бўлиши мумкин эмасди, агар унга энг яхши фильмни беришганида, Узуклар ҳукмдорининг иккинчи қисмига нисбатан ҳақорат бўларди. Режиссёр икки йилдан кейинги финал қисмини идеал якунласин ва Оскарни олаверсин, бунга қарши эмасман.
Оскарнинг сўнгги йиллардаги сиёсати, яъни мустақил жанрдаги, ўта ноодатий фильмлар уни ютаётгани мени хурсанд қилаяпти. Бу исталган киноижодкорга мотивация беради. Энг яхши анимацион фильмда бир нечта блокбастер мультфильмлар бўлишига қарамай Латвиялик ижокдорларнинг асари ютди. Бу Латвиянинг Оскар тарихидаги биринчи ютуғи.
Бир неча йиллар олдинги каби, турли кам сонли одамларнинг муаммоларини кўтариб чиқувчи пропаганда майдонига айланиб қолган Оскар мукофоти секин-секин ўзига келаётгандек.
Номинантлар борасида тортишаётганларга эса эслатиб ўтмоқчиман, кино — бу ижод. Бу якунда барибир дид масаласи. Кимгадир блокбастер ёқса, кимгадир эзма мелодрама ёқади. Кимгадир Тарантино ёқса, кимгадир Жавлон Шодмонов ёқади. Охирги гапимни қайтарволдим, Жавлон Шодмонов ҳеч кимга ёқмайди, лекин сиз мени нима демоқчилигимни тушундингиз.