«Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентнинг қарорига (ПҚ-402-сон, 22.11.2024 й.) асосан:
▫️ тиббиётнинг бирламчи бўғинида 30–65 ёшдаги аёлларнинг электрон базаси (рўйхати) шакллантирилади, уларни тиббий кўрикка таклиф қилиш тизими яратилади;
▫️ ҳар йили 30–50 ёшдаги аёлларда бачадон бўйни саратони скрининги одам папилломаси вирусини полимераза занжирли реакция текшируви усули орқали аниқлаш ҳамда суюқлик цитологияси усулида текшириш йўли билан амалга оширилади;
▫️ 30–65 ёшдаги аёллар ҳар 2 йилда бир маротаба тиббиёт ходимлари томонидан бирламчи саралашдан ўтказилади;
▫️ скрининг натижасида онкологик касалликка чалинганлиги аниқланган беморларни ташхислаш ва даволаш билан боғлиқ харажатлар бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб:
▫️ онконазорат хоналари учун акушер-гинеколог шифокор ҳамда мобиль ва стационар маммографлар ишини 2 та сменада ташкил этиш учун рентген-лаборантлар штатлари жорий этилади;
▫️ Маммография тасвирини ўқиш маркази ташкил этилади;
▫️ одам папиллома вируси диагностикаси учун қўлланадиган тест тизимлари сифатини назорат қилиш бўйича референс-лаборатория фаолияти йўлга қўйилади;
▫️ бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скринингига нодавлат тиббиёт ташкилотлари жалб қилинади.
2025 йил 1 майга қадар:
▫️ бачадон бўйни саратони скрининги ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш сифатини баҳолаш ва мониторинг қилиб бориш тизими;
▫️ скрининг дастурига киритилган аёллар билан қайта алоқа қилиш тизими жорий этилади.