📝Бўлган хаётий воқелар асносида...
- Дадаси онангиз бетоб бўлсалар, кераксиз нарсаларга пул сарфлаб юришингизничи, - эрининг икки дона лотерия билан бир пакет дори-дармон кўтариб келганини кўрган Салиманинг хони-мони чиқиб, тергай кетди.
- Қўявер онаси, Хиндистонга виза олиш учун банкка тўлов қилгани боргандим, ихтиёрий мажбурий равишда лотерия сотаётган экан, яхши ниятда сотиб олдим.
Анварнинг онаси узоқ йиллардан бери бир жойда қолган, оғир бетоб, даволатиш учун барча уринишлари зое кетаётганидан қаттиқ афсусда.
Яқинда бир таниши, онасини Хиндистонга олиб бориб даволатиш кераклигини айтиб қолди. Танишининг айтишича, кўпчилик шу дард билан оғриганлар шифо олиб қайтаётган экан.
Ўша гап гап бўлди-ю, Анварнинг халовати йўқолди, "онамни олиб борсам бўларкан" деган хаёлини хаётга кўчиришга аҳд қилди.
Бориб келганларни сўраб суриштириб ва ниҳоят бошқа бир қишлоқдан Хиндистонга бориб даво олиб қайтган одамни топди.
У кишидан барча йўл-йўриқларни ўрганди. Шифохона, шифокорнинг манзилини олди ва у ерда бўлиш вақтидаги шарт-шароитларни ўрганди.
Гап бориб унинг харажатига тақалганда, нархни эшитиб тарвузи қўлтиғидан туша ёзди.
Айтишларига қараганда, 6-7 минг АҚШ доллари сарф бўлар эмиш.
Анвар бир ўғил, икки синглиси бор, улар турмушга чиқиб кетган, оиласи ҳам ўрта хол, бунча пул чиқмайди. Ўзи эса, эскироқ машинасида таксислик қилиб кун кечиради.
Анвар чуқур ўйга толди.
Уйга бориб аёли билан маслаҳатлашди. Аёли Салима оқила аёл, хар нарсада турмуш ўртоғига ҳам маслак, ҳамфикр.
- Дадаси, Оллоҳга таваккал, машинангизни сотинг ва онамизни олиб боринг, - деди у.
- Ахир, бу машина рўзғоримизга яраб турган бўлса, кейин нима қиламан?- ўйланиб қолди Анвар.
- Майли, бир йўлини қилармиз дадаси, хали болаларимиз ёш, жуда катта харажат қилмаймиз, лекин у кишини даволатиш имкони бўла туриб, шу бир темир матохни деб даволатай олмасангиз, кейин бир умр армон қиласиз, яхшиси бозорга олиб бориб сотингда, хужжатларни тўғрилаб, бориб келинг.
Анвар шундай аёл турмуш ўртоғи эканлигидан Оллоҳга шукрона айтди.
- Умринг зиёда бўлсин хотин! - деб, қувониб кетди.
Бозор куни келиши билан машинасини ювиб тараб, бозорга олиб чиқди ва уни ўзи кўзлаган пулга сотиб қайтди.
Ҳамма нарса тахт бўлгач, аёли ва фарзандларини Оллоҳга омонат топшириб, ўзи онасини олиб Хиндистонга учди.
Жарроҳлик амалиёти кўнгилдагидек ўтди. Ортиқча сарф харажат талаб қилинмади. Ўзи билан олган пул бемалол ҳамма-ҳаммасига етиб, оз-моз ортди ҳам.
Она бола хурсанд уйга қайтишди.
Онаси соғайганидан бир хурсанд бўлса, қандай қилиб рўзғор юритиш мумкинлигини ўйлаб бир сиқилди.
Уйга қайтганига уч тўрт кун бўлгач, онасининг нафақасини бериш учун уйга почтачи келиб қолди.
Почтачи ўзи билан газеталар ҳам олиб юрарди. Газеталарга кўзи тушди-ю, икки ойча аввал банкдан сотиб олган лотерияси ёдига келди.
- Ака мабодо сизда лотерия ўйинларининг натижаси босилган газета йўқми? - хар эҳтимолга қарши сўраб кўрди Анвар.
- Бор, мана берайми? Сизда ҳам бормиди дейман лотериядан?
- Ҳа бир гал банкка борганимда сотиб олгандим, умримда бирор марта ютмаган бўлсам ҳам яхши ниятда икки дона олгандим, хали уйдагилар йиғилса биргалашиб бир кўрайликчи зоя бирор нима чиқиб қолса.
- Ҳа албатта, ютуқлар кўп ўйналган дейишяпти, каттароқ нарса чиқиб қолса суюнчисини берасиз, мана сизга газета, бу текин, - деб ташлаб кетди.
Анвар унчалик қизиқмаган бўлсада, юрагининг туб-тубида ўша лотериядан кичик бир илинж бор эди.
Кечга яқин уйга ҳамма йиғилди.
Онаси ҳам анча ўзига келиб қолган, шу сабаб анчадан буён хонтахта тўрига ўтирмай қўйганди, бугун ўз оёқлари билан келиб ўтирди.
Анвар қўлидаги лотерияларни олиб улардан бирини, газетадаги ютуқли рақамлар билан солиштира бошлади.
Болалар унгача хар хил орзулар қила бошлашди.
- Дадам хозир Каптива ютиб олади, Каптивада мазза қилиб айланамиз, у катта машина ҳаммамиз сиғамиз, - деди олти ёшли ўғли шошилганча.