Кўплаб шеърият ихлосмандларининг илтимосига биноан ўқилиши қулай бўлиши учун "Бу боғ ичра..." шеърини матн ҳолатида ҳам ҳавола этмоқдамиз.БУ БОҒ ИЧРА… Нурлар оғушида яйраб кетди боғ,
Шивирлар япроқлар сабо-ла зимдан.
Дилрабо ҳавоси дилни этиб чоғ,
Борини аямас асло ҳеч кимдан...
Гуркираб ич-ичдан яшнаган маскан,
Тўрт фасл ўзини мардона тутиб.
Гоҳида шамолу тўфонлар эсган,
Уларни бўлурми ахир унутиб...
Қадимий тупроқда қадимий илдиз,
Вужуди чирмашиб кетгандир ерга.
Айрилмас бир умр кечаю кундуз,
Йилларни узатиб яшайди бирга...
Бу боққа кўз ташлаб шодландим беҳад,
Елкасин елкага тутиб турарди.
Бу жойда яшнамоқ руҳи бор фақат,
Эзгулик ел каби кезиб юрарди...
Воажаб, кузатдим ажиб ҳолатни,
Дов-дарахт ногоҳон бошлади мажлис.
Унутиб бир зумда вақту соатни,
Таклифу тортишув олди қизғин тус...
Энг аввало чинор айтди шундай гап,
У жойга арзир, деб серҳосил ўрик.
Қўйинглар, деди у, мендан келмас наф,
Мевалар бермасам бўлар нонкўрлик.
Кимдир номин айтди олма дарахтин,
Деб уни беозор, ҳосили тўкин.
Ҳеч қачон бузмаган у берган аҳдин,
Ҳар доим кўтарган ўзининг юкин...
Кимдир гилос деди, ёнғоқни кимдир,
Анору шафтоли қолмади тилдан.
Барибир номзодлар сўз айтмай жимдир,
Неларни ўйлашар яна кўнгилдан...
Дарахтлар суҳбати кўп этди давом,
Ҳар бири эринмай айтди бир-бир сўз.
Кимгадир ёқмади, кимни айлаб ром,
Маҳлиё боқарди эринмайин Куз.
Кўпни кўрган чинор боқди эгилиб,
Ҳайрату ҳавасдан эди у қувноқ.
Азизлар, деди у қалбингиз билиб,
Мамнунман!
Ғамхўрсиз яшнамайди боғ!
Қайрағоч фикрига қўшилдим мен ҳам,
Бу қадим жой қолган мерос бизларга.
Қувончу шодликни кўрганмиз баҳам,
Ҳаммаси аёндир дўстлар, сизларга.
Настарин, арчанинг сўзида жон бор,
Гулларнинг таклифи тоза ва хушрўй.
Не бўлса барини этдингиз изҳор,
Ниятлар покиза, бунчалар хушбўй.
Айтилган ҳар калом пурмаъно бирам,
Чидаган сабримиз очу тўқликка.
Гарчи, бу бўлса-да ҳур боғи эрам,
Ҳеч ким устун эмас мулки борлиққа...
Бу сўзни қайсидир гул айтди секин,
У бир райҳонмиди ёки атиргул.
Ҳаммасидан гумон қилманглар, тағин,
Сўзлаган гул эмас, балки у булбул...
Сездим бойчечак ҳам қўшилди аста,
Деди у лаҳзада ўтади даврон.
Боғимиз ҳеч қачон бўлмас шикаста,
Бўлса ёнимизда бир дўст меҳрибон.
Шундай бўлсинки у — ҳаммадан доно,
Эзгу амаллари кўкни бўйлаган.
Бўлсин ишидаю сўзида маъно,
Шунда қисмат бизни албат сийлагай.
Боққа меҳр берсин, шаън, шодон бўлсин,
Кечаю кундуз у турсин ёнма-ён.
Иссиғу совуқда биз томон бўлсин,
Мақсадга етказсин бўлиб соғ-омон.
Баҳсга нуқта қўйди митти бойчечак...
Унгурларда нафас ростлади шамол.
Тебранмасдан қотиб турарди терак,
Чинор ҳам бу ҳолдан қолган эди лол.
Ва бирдан сўзини бошлаб қолди у:
“Минг раҳмат барчага, фикрингиз тўғри.
Бўлсин десак агар бу гулшан мангу,
Ҳар бир дарахт бўлсин унинг қалб-қўри.
Эзгу ниятларни қилиб ҳимоя,
Ҳар бирига зафар тиласак бу он.
Ширин мева берсин ва ёки соя,
Ўз ишида бўлсин собит, фидожон.
Бу боғ ичра, билинг, ҳар бирин, ахир
Адо этилажак ўз юмуши бор.
Мен беҳад шодланиб турибман ҳозир,
Яширмай борини этдингиз изҳор.
Тилга олдингиз-ку менинг номим ҳам,
Ташаккур, биламан, бу аъмол мушкул.
Осонмас бўлмоқлик ҳамнафас, ҳамдам,
Уддалай олмайман бу ишни буткул.
Бугун англадингиз теран бир ҳикмат, Минг шукр, қалбингиз экан-ку уйғоқ.
Адашмайсиз энди бу йўлда фақат,
Ҳол сўраб келса у очганча қучоқ.
Бу юксак ишончни оқлагувчи ким,
Қалбдаги орзулар чўзармикан бўй?!
Тўлқинлар ичида қолди юрагим,
Жавобини топди мана ўша ўй:
Кўзию сўзида ўчмаган оташ,
Яшнатиш ишқига бағишлаган жон.
Меҳрибону ҳалол, танти, меҳнаткаш,
Боғбон у, боғбон у, боғбон у, боғбон!
© Ўткир Раҳмат#Хаёлот_сўқмоқларида |
@Otkir_Rahmat