Ўзбекистонда мулкчилик қайси қонун билан тартибга солинади?!Ўзбекистон Республикасида мулкчиликка доир муносабатлар
мустақилликдан аввал қабул қилинган қонун билан тартибга солинади.
“Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги Қонун (кейинчалик – Қонун)
1990 йил 31 октябрда қабул қилинган бўлиб, бугунги кунга қадар амал қилиб келинади.
Қонуннинг асосий вазифаси – мулкчиликка доир муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, ўтган
35 йил давомида унга
8 марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
Амалиётда мулкий низоларни ҳал этиш ва қарор қабул қилишда судья, прокурор, адвокат ва юристлар асосан 1995 йилда қабул қилинган
Фуқаролик кодексига (кейинчалик – Кодекс) мурожаат қилишади.
Аксарият судларнинг
мулкий низоларни кўриб чиқиш бўйича қарорларида ҳам Қонун нормалари эмас, балки Кодекс нормалари асос қилиб кўрсатилади.
Қонун ва Кодекснинг мулкчиликка доир қисми билан танишган киши улар ўртасида айрим фарқлар борлигини яққол кўриши мумкин.
Хусусан, Қонуннинг 5-моддасига кўра,
мулк 5 шаклга, Кодекснинг 167-моддасига кўра эса,
2 шаклга бўлинади.
Шу каби,
мулк ҳуқуқи субектлари ва мулк ҳуқуқи объектлари Кодекс ва Қонунда турлича таърифланган.
Ёки, маъмурий-ҳудудий тузилмалар мулки Кодекснинг 213-моддасида
“муниципал мулк”, Қонуннинг 18-моддасида эса,
“коммунал мулк” сифатида эътироф этилган.
Юқоридаги каби фарқ ва қарама-қаршиликларни Қонун ва Кодекснинг бошқа моддаларида ҳам учратиш мумкин.
Қайд этиш керакки, Қонуннинг шакли ва тузилиши ҳозирги замон
қонунчилик теникаси талаб ва қоидаларига мос келмайди.
Қонун ижодкорларида бир гап бор:
“Кеча қабул қилинган қонун – эски қонун. Қонунлар биз яшаб турган замон ва макон билан ҳамнафас бўлсагина, тараққиёт ва ривожланишга асос бўлиши ва ёрдам бериши мумкин”.
Мулкчилик барча замонлар ва давлатларда
тараққиётнинг асосий омилларидан бири ҳисобланган.
Учинчи ренесанс сари қадам босаётган Янги Ўзбекистонда мустақилликдан аввал қабул қилинган мулкчиликка оид қонуннинг амалда бўлиши қанчалик мақсадга мувофиқ?!Ҳар бир эски қонунни янгитдан қабул қилиш керак, деган фикрдан умуман йироқмиз. Бироқ, масала давлат ривожи, ватан равнақи ва юрт тараққиёти ҳақида кетганда, бефарқ бўлмаслик керак, деб ҳисоблаймиз.
Мустақилликдан аввал қабул қилинган Қонун билан яна бир бор танишиб чиқиб, уни ҳозирги замон талабларига уйғун равишда янги таҳрирда қабул қилиш масаласини
янги сайланган депутатлар корпусига ҳавола қилиб қоламиз. Манба.
@generalissimo_marshal