Ота тилаги... Таажжуб, дейман-у ёқа тутаман,
Мурғак бола эдим кеча-ку ўзим.
Бугун қарабсизки, мен ҳам отаман,
Менинг ҳам ўғлим бор — умид юлдузим.
Ўғлим, эй, умидим боғида ниҳол,
Ёруғ пешонангни ўпиб силайман.
Шу азиз бошингга энг нурли хаёл,
Қалбингга энг тоза ҳислар тилайман.
Улғаярсан, йигит бўларсан бир кун,
Ортда қолар ёшлик, ўйин, эрмаклар.
Оламни елкада кўтармоқ учун
Дунёга келади, билсанг, эркаклар.
Эртанги кунингни ўйлаб шу пайтдан
Борлиқни қувончим билан ўрайман.
Сени менга берган бу табиатдан
Сенинг юрагингга олов сўрайман.
Майли, мушкул бўлсин сен танлаган йўл,
Толе ҳам, майлига, келмасин осон.
Фақат одам қадрин билар одам бўл,
Бўл инсон дардини билгувчи инсон!..
✍️
Эркин ВоҳидовКаналга уланиш👉@olimjuraev