Nosirjon JO‘RAYEV | ijodiy kanal


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: Books


Носиржон ЖЎРАЕВ ижодига мансуб
📝 Шеърлар
🎙 Аудиолар
🎶 Мусиқалар
🎬 Кўрсатувлар
t.me/Ijodiydavra

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Category
Books
Statistics
Posts filter


#ЯНГИ_ШЕЪР

* * *
Яна телба дунё қайтди ҳолига,
Ранг-баранг чироқлар,
Сачроқ мушаклар,
Бир лаҳза порлаган кўзлар ҳам сўнди.
Жўнлик қайтди турмуш дастурхонига,
Қалблар,
Онглар,
Руҳлар
Байрам ўтганини тушунди.

Ерга яқин келган юлдузлар ўчди,
Яна ғижим бўлди осмон чойшаби.
Кеча ахир олам тенг кўрган эди
Қорни тўқни, юпунни, очни,
Ҳаммада нон бутун эди ой каби.

Кеча қашшоқ бойдек сезди кунини,
Дуолар қадаҳга солиб ичилди.
(Дуо кафтда бўлар, қадаҳда эмас!
Тавба дилда бўлар, ваъз-аҳдда эмас!)
Мандарин пўстидек арчиб тўнини,
Жулдур қалби,
Қуруқ устихони,
Ғариб ҳоли қолгунча ечинди –
Мақтанмоқчи эди
ҳеч қурса бир кун!

Банан пўчоқлари ярим ой каби –
Кимсасиз йўлларга ойлар сочилган?
Худди қарз устига ўтган тўй каби,
Тонгда қорлар ёға бошлар сочига...

Босриқиб тураман – байрамда ухлаб,
Оддий намозшомда уйғонган беғам.
Шуурим тирилар – ҳаётни йўқлаб:
Ғазо тинчми!
Қулаб тушмадими бир учоқ одам!
Ватан турибдими – уйқумдан аввал
Сархуш тилакларга тўлган бу Ватан
Ҳануз жойидами!
Сотишмадимикан уйқумда мени!

Яна там-там дунё қайтди ҳолига,
Кимлигингни эсла,
ишга бор,
кийин.
Нон керак,
ёғ керак,
туз керак дастурхонингга,
ахир фақат Тангри қолди байрамдан кейин!

📆 3.01.2025.

✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ


31 ДЕКАБРЬ

Яғир босган елкамни
ёпди олифта костюм,
Дард ўйнаган кўксимни
пана қилди бўйинбоғ.
Янги йил – остонамда
турган навқирон дўстим,
Сен билан ҳаёт ҳақда
суҳбатимиз муҳимроқ.

Телефонлар жаранги,
қоғозлар қуршовида
Жиддий нигоҳларимни
йўлларингга тикдим мен.
Шоир кўнглим ўлтирар
дераза – гул шохида,
Бу сафар ҳузурингга
одам бўлиб чиқдим мен.

Янги йил, сен наинки
тақвимдаги имлолар,
Отам, онам, боламни
улаб берган боғич – сен.
Намангандан Тошкентга
ёғаётган дуолар,
Тошкентдан Наманганга
оқаётган соғинч – сен.

Ўтмишим келажакка
ўтаётган нозик пайт
Тилим, дилим рост бўлсин,
ёлғонлардан тўйганман.
Янги йил, фақат менга
сеҳрли ҳақиқат айт,
Янги йил, мен сеҳрли
эртаклардан тўйганман.

✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ


#Мақола

“Тила тилагингни!” дегувчи чексиз ҳожатбарор персонажлар барча дунё халқлари оғзаки ва ёзма ижодида, хусусан, эртак ва ривоятларда истаганча топилади, уларнинг қиёфаси, шакл-шамойили ҳам турфа. Масалан, русларда тешик тоғорадан қутқариб кўшк-саройлар ваъда қиладиган тилла балиқ бўлса, арманларда тукдор сумбати ва якка кўзи билан ўта важоҳатли кўринадиган, бироқ ўзи кутилмаганда раҳмдил дев, араб халқларида кўзадан тутунлар билан вошиллаб чиқиб келувчи жин бўлса, бизда гоҳ турна ё лайлак, гоҳ чол ё кампир қиёфасидаги мўйсафидлар, учратиб қолганда бош бармоғини маҳкам ушлаб олиш кераклиги таъкидланадиган Ҳизр сиймосида келади бу талқинлар. Ушбу жодуларнинг халқ онгига жуда чуқур сингишининг боиси эса, одам зоти яралибдики, ҳамиша ўшанақа сеҳр-макрга ишқибоз эканидан, қандайдир ажиб мўъжиза содир бўлиб тез ва осон бойиш, кучли ва қудратли бўлиш истаги юрагида ловиллаб туришидан бўлса керак...


Давоми...

✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ
📖 Тафаккур журнали (2024)


#Мақола

“БЕЛИГАЧА БОТҚОҚҚА БОТИБ БИНАФША ИЗЛАГАНЛАР”

Федерико Гарсиа Лорка. “Энг қайғули шодлик”. Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти. 1989 йил.

Одам боласининг ҳаётида ҳадеб ҳам ақл пешволик қилавермайди, баъзан-баъзан жунун деган ичкин бир безовта ҳолат юзага чиқиши ҳам бор. Бу ҳодиса пешонасини читрўмол билан танғиб боғлаган деҳқондаям, бўйнини бўйинбоғ билан сириб қисган амалдордаям содир бўлиб туради. Чунки инсон тийнатида, хамиртурушида барибир она табиат моҳиятидан юққан исён бор – у гоҳи-гоҳи бош кўтариб қолади.
Лорка жаноблари ана шу жунунни, изтироблар кўламини гўё мусаввирдек чизиб кўрсата билган, ҳеч қандайин шаклга сиғмайдиган жазаваларни сўзлар геометриясига сола олган, қурама шаклларга изтиробларни мажозлар орқали пухта яширган шоирдир. Кўҳна испан халқ оғзаки ижодидан эмган қувватлари эса уни чинакам руҳият ва тимсол қиролига айлантирган.
Бақалар, чигирткалар, капалаклар, қўнғизу шиллиққуртлардан тортиб токи ою юлдузларгача сатрларга бирма-бир боғлаб чиққан Лорка уларнинг барида битта суратни – инсон изтироби номли манзарани чизади.
Лорканинг чинакам ошиғи ва софдил таржимони Шавкат Раҳмон таъбири билан айтганда, “гул йиғисини шеърда янгратган” шоир бутун ёзганларида қанақадир тушунарсиз чизиқлардан, қоришиб ётган ранглардан фавқулодда тушунарли адабиёт яратган эди.
Бугун икки карра икки тўртдек сап-саёз ёзмалардан, минбарларда атайин ясама байрамона тус бериб ўқилаётган маддоҳ тизмалардан қочиб эсон-омон уйимга етиб олсам, худди юраги ўйнаган одам корвалолга чопгандай, мен ҳам Лоркага ошиқаман. Унинг исталган варағини очаман-да, масалан:
“Шивит, илон, қамиш,
ҳид ва из, соя,
ҳаво, ер, ёлғизлик.
(Ойга уч зинапоя)”
деган сатрларини ёки
“Қуриган ўтлар йўлдан
борар дарё бошига.
Бу йўл ёруғ, улуғдир –
борар дарё бошига.
(Йўлга тушмаймизми деб,
юрак ғамгин сўрайди)”
каби мисраларини ютоқиб ўқий бошлайман.
Юрагимга Андалусиянинг бепоён кенгликлари ва инсон деб аталмиш яратиқнинг қафасга солиб бўлмас руҳи киради. Шунда манови ҳаёт деб аталган моддият оламининг зил-замбил юки елкамдан тушиб, ўрнида чайир қанотлар ўса бошлайди. Атрофимдаги одамлар гул, минора, шамол, калтакесак, чивин кабиларга айланиб, табиатнинг зийнати ва ювиндилари бўлиб сўзлай кетадилар. Шоир мени заминдан узиб, рамзлар орасига ғарқ қилади.
Шу ўринда, ўзининг, қилич руҳининг испанча вариантини адашмай айнан топа олган Шавкат акага тасанно дейман. Рус мутаржимлари таржимасини таржима қилишдан кўнгли тўлмай, саккиз ой ичида испан тилини ўрганиб, Лоркани аслиятдан таржима қилишни уддалаган шоир матонати мени ҳамон ҳайратда қолдиради. Федериконинг ўзи айтганидек, белигача ботқоққа ботиб бинафша излаш, қора меҳнат билан ёп-ёруғ дунёлар яратиш асли мана шундай бўлар балким...

✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ
📖 Тафаккур журнали (2024)


#ЯНГИ_ШЕЪР

ФАРРОШ АЁЛ ВА БОЛАКАЙ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ


Калишидан сув ўтар манов кекса фаррошнинг,
Тушликка пул ололмай дарсга кетар болакай.
Ким қадрига етарди почаси нам бардошнинг,
Нонга тўймаган уйнинг ҳаққини ким тўлагай?
Умр эса ўтмоқда тўқ ва оч ўртасинда!

Олифта автолардан тушар қиммат палтолар,
Чарм этик жаноблар қимор ўйнар шаҳардан.
Болакайга шаън ҳаёт қилмагандек парволар,
Фаррош гуноҳ супуриб қийналади саҳардан.
Умр эса ўтмоқда тош-у тож ўртасинда!

Яхшиликдан ҳамма тенг фалсафа ўқир ажаб,
Эътиқоддан фатволар бергудайин дониш кўп.
Болакайга бир танга бермас бундай келажак,
Фаррош хўрсиниғини сезмасликка олиш кўп.
Умр эса ўтмоқда ҳилол, хоч ўртасинда!

Мен бугун кўксим ичин оғир-оғир супурдим,
Хаёлимни Ҳақ тортди, хаёлимни Ҳақ тортди.
Болакайнинг ҳаёти, менинг қалбим юпундир,
Фаррошнинг оёғи нам ва юрагим зах тортди.
Умр эса ўтмоқда дор-у бош ўртасинда!

19.12.2024.

✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ

👉«Facebook»да ҳам ўқиш ва улашиш учун👈


#ЯНГИ_ШЕЪР

* * *
Қор – хотира,
қатма-қат тушган.
Истайсанми-йўқми, эрийди.
Хунобсан,
ажратиб ололмай тушдан
кўксингда жизиллаб турган ерингни.

Қор эрийди –
милдир-милдир мавж,
Хотиралар оқар пойингда.
Сен ўзингга боқасан аянч –
Юрагинг йўқ,
ақлинг жойида!

Ва даҳшатдан кўкарар лабинг
Бўм-бўш,
руҳсиз кўксингга қараб,
Худди чирс-чирс гулханлар каби
Энди сенда жизилламас қалб!

Ҳаёт – чилп-чилп эриётган қор,
Тушга кўчгинг келади,
шунда
хотирамга қайтасан илк бор,
Сен бахтлироқ эдинг тушингда...

16.12.2024.

Носиржон ЖЎРАЕВ

👉 «Facebook»да ҳам ўқиш ва улашиш учун👈


#аудиошеър
#мухлисдан

* * *
Олислардан бир интиқ
нигоҳ менга термулар,
Кўнгли чўкиб, ўксиниб,
ногоҳ ерга термулар,
Дийдоримни тополмай
бир-бир элга термулар,
Шу интизор кўзларни
ҳеч юмилмас – уйғоқ қил,
Оллоҳ, онамни асра
ва умрини узоқ қил.


Юзларига тақдирнинг
шамоллари битди хат,
Ҳар йўқотган кунидан
топди аччиқ бир ҳикмат,
Умри кимларга бахш-у
ўзига йўқдир шафқат,
Майли, қадди дол бўлсин,
майли, сочларин оқ қил,
Оллоҳ, онамни асра
ва умрини узоқ қил.

Кафтларида мен учун
доим ризқ ва дуо бор,
Менинг бахтимдан бўлак
унда не муддао бор,
Она деган каломда
наҳот шунча даво бор,
Ҳеч кимга зор бўлмай-у,
онамга яқинроқ қил,
Оллоҳ, онамни асра
ва умрини узоқ қил.

Ўз боғини тарк этган
қуш каби учдим-кетдим,
Хотирда сақлаб бўлмас
туш каби учдим-кетдим,
Худди онам боқийдек
ташлаб-у учдим-кетдим,
Мен қуш каби қайтайин,
уни яшнаган боғ қил,
Оллоҳ, онамни асра
ва умрини узоқ қил.


✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ
🎙 Нодира

807 0 19 1 17

#ЯНГИ_ШЕЪР

* * *
Қора қаҳва.
Оппоқ дастурхон.
Қиш тўшалган ҳозир олдимга.
Тақдир отли муҳим дастурдан
Чиқиб,
кетолмайман олдингга.

Кўчалар муз,
манглайи силлиқ.
Боғни кўмган қорлар шиддати.
Биз умиддек
шартта кесилдик,
Битмай туриб соғинч муддати.

Деразангни ланг очасан – қиш.
Қор илинар кипригингга – хат.
Уй ичингга бошқатдан қайтиш
Шартдир беҳис ва
бемуҳаббат!

Мен қаҳвадек аччиқ додингни
Кўксим ичра ёзганман бошдан.
Бироқ,
сен ҳеч зерикмадингми
Хаёл ва шеър бўлиб яшашдан?

3.12.2024.

Носиржон ЖЎРАЕВ

👉 Facebookда ҳам ўқиш ва улашиш учун👈

1k 0 12 3 26

СУҲБАТ

Кўзим тушса қуруқ ўтин боғламига,
Хўрсиниб қарайман дунё боғларига.

Қачон кўрсам ёқавайрон кўйлакларни,
Соғинаман ҳаёт исли йўргакларни.

Кимдир йиғлаб ўтса нола-афғон билан,
Аллаларни эслагайман армон билан.

Милтилласа ногоҳ бир чўғ эски кулдан,
Хаёлимда чарсиллайди баланд гулхан.

Дарахтларнинг учса заъфарон барглари,
Куртаклари ёдга келар, куртаклари.

Ва ниҳоят, қачон кўрсам оқ сочларни,
Қўмсагайман қўнғироқ, сиёҳ сочларни.

Худди шундай, тарихи бор ҳар нарсанинг,
Ҳаётингда тасодифмас булар сенинг.

Энди ўзинг изоҳлаб кўр бу нафратни,
Муҳаббатни тушунгайсан, муҳаббатни.

✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ
📖 ШAРҲ


ЎКИНЧ

Синфдошларимга

Илк бор севги хатини
Очган мурғак юрагим,
Ўпиб ҳар бир қатини
Тошган ҳуркак юрагим,
Илғаб ҳароратини
Ўсган гулбарг юрагим,
Хат олмоқ роҳатини
Сезган бешак юрагим
Энди бефойда, бенаф
Қоғозлар ичра хайфдир,
Бугун ўзим бир тараф,
Юрагим бир тарафдир!

Ўрик гулидай ҳарир,
Омонат кунлар кечди,
Ўрик гулидай бари
Шамол измида учди.
Сочга қировлар тушди,
Бошга синовлар тушди,
Унут кимнинг номлари –
Кимлар юракдан ўчди.
Энди кетган йиллар сарф –
Дўстларим каби сафдир.
Бугун ўзим бир тараф,
Юрагим бир тарафдир!

Унда шовқин йўқ эди,
Майин куйлар ёдимда,
Унда тошқин йўқ эди,
Сокин сойлар ёдимда.
Бир хушбўйлар ёдимда,
Бир хушрўйлар ёдимда,
Унда шошқин йўқ эди,
Ҳазин ўйлар ёдимда.
Энди хотиралар соф,
Эсдаликлар – шарафдир.
Бугун ўзим бир тараф,
Юрагим бир тарафдир!

У пайтлари шу қуёш
Ерга интиқ бўларди,
Ой бағримга қўйиб бош
Бирга иссиқ бўларди.
Менга тансиқ бўларди,
Сирга лиқ-лиқ бўларди,
Кеч англадим, у кўзёш
Нега илиқ бўларди?
Энди кечдир сўрмоқ авф,
Энди йўқламоқ – таҳқир.
Бугун ўзим бир тараф,
Юрагим бир тарафдир.

Сунъий гул деб, кўзимга
Санъатни олис қилдим,
Боқмадим илдизимга –
Ҳолимни ҳолсиз қилдим.
Отамни ёлғиз қилдим,
Онамни ёлғиз қилдим,
Ўзим билмай ўзимга
Жаннатни олис қилдим.
Улар дуо тўлган кафт,
Улар туганмас тафтдир.
Бугун ўзим бир тараф,
Юрагим бир тарафдир!

Тунлар тушимга кирган
Бир туп райҳон чайқалар,
Райҳон бўйли қиз берган
Мактуб ҳамон чайқалар.
Уйғонмасам на қилар!
Уйғонмасам на қилар!
Аммо онамдек келган
Туртиб нолон ой қарар.
Энди яшамоқ бир нав,
Уйғоқлик ҳам бир хавфдир.
Бугун ўзим бир тараф,
Юрагим бир тарафдир!


Носиржон ЖЎРАЕВ
📖 ШAРҲ


Video is unavailable for watching
Show in Telegram
#ТАФСИЛОТ🇺🇿🤝🇹🇲

ТУРКМАНИСТОНда бўлиб ўтган «ЎЗБЕКИСТОН МАДАНИЯТИ КУНЛАРИ»га бағишланган махсус кўрсатув «Ўзбекистон» телеканалининг «Жараён» дастурида эфирга узатилди.

Маълумот учун, таниқли шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Носиржон Жўраев икки дўст давлат ўртасидаги маданий-адабий алоқаларни ривожлантиришга доир ушбу нуфузли тадбирда иштирок этиб қайтди.

✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ








Туркманистоннинг Туркманобод (Лебоб) вилояти. Давлат кутубхонаси ва театри.

20.11.2024.

Носиржон ЖЎРАЕВ

👉 Facebook











20 last posts shown.