Меҳр-мурувват ва таассуротларга бой тадбир Жорий йилнинг 16-17 апрель кунлари Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари Зайниддин домла Эшонқулов ва Обиджон Кадировлар ташриф буюришди.
Ташриф аввалида Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарҳод Кушаков ва вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмоновлар билан биргаликда имконияти чекланган фуқаролар ҳолидан хабар олиш мақсадида Шаҳрисабз “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйига ташриф буюриб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ажратилган зарурий маҳсулотлардан иборат хайриялар қилинди.
Шунингдек, Китоб туманидаги “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси устоз ва талабалари билан учрашув ўтказилди. Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов маъруза қилиб, ёшликда илм олишнинг фазилати, илм кишининг ҳаётидаги энг муҳим восита экани, илм нафақат тараққиёт, балки маънавий камолотнинг ҳам асоси эканлиги борасида батафсил тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, Шаҳрисабз шаҳридаги “Сирожиддинхон Бурҳониддинхон ўғли” жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, Қашқадарё вилояти вакиллиги раҳбарияти, туман бош имом-хатиблари ҳамда отинойилари, шунингдек, Шаҳрисабз шаҳридаги масжид имом-хатиблари, ноиблари, отинойилар, “Ҳаж-2024” зиёратчилари ва МФЙ раислари билан учрашув ўтказдилар.
Шунингдек, Шаҳрисабз шаҳридаги муаммоли хонадонларга кириб, улардан ҳол-аҳвол сўрадилар. Ёт ғоялар таъсирига мойил бўлганлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтожлар билан маънавий-маърифий суҳбатлар қилинди. Эр-хотин, ака-ука, ота-бола, қайнона-келин ўртасидаги келишмовчилик ва жанжаллар сабабли нотинч бўлиб турган оилалар ўрганилиб, уларга насиҳат қилинди. Нотинчлик сабабларини бартараф этиш, аразлашганларни яраштириш чоралари кўрилди. Муаммолари ўрганилиб, таклиф, фикр, мулоҳазалари тингланди. Умумий ҳисобда 150 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирларини олиб бордилар.
Ногиронлиги бўлган ва касалманд, эҳтиёжманд фуқаролар, шунингдек табаррук ёшдаги қариялар яшайдиган оилаларга кирилиб, улардан кўнгил сўралди, совға-саломлар берилди, даволаниш ва дори дармон учун моддий ёрдам кўрсатилди. Ҳомийларни жалб қилган ҳолда эҳтиёжмандларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Улар орасидан ўта ночор бўлганларининг моддий таъминотидан хабардор бўлиб туриш режалаштирилди.
Қашқадарё вилоятининг шаҳар ва туман бош имом-хатиблари Шаҳрисабз шаҳридаги масжидларда пешин намозини адо қилиб, йиғилган қавмга “Юртимизда бўлаётган ислоҳотлар”, “Инсон қадри улуғ”, “Интернетдаги хатарлардан огоҳ бўлайлик”, “Ёт ғоялар таъсиридан сақланайлик”, “Тинчлик олий неъмат”, “Шукроналик фазилати”, “Масжидларни обод қилиш”, “Ислом - бағрикенглик дини”, “Фарзанд тарбиясига барчамиз масъулмиз”, “Ёшлар - келажагимиз”, “Ҳусни хулқ”, “Қўни-қўшничилик одоблари” каби долзарб мавзуларда маърузалар қилишди.
Тадбирлар давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалий тарғиб қилинди. Шаҳрисабз шаҳридаги барча масжидлар ҳудудида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқаздилар. Зеро, Ислом динида ҳам дарахт экиб боғ яратиш савобли амаллардан ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан кўчат экишга тарғиб қила туриб шундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин”
(Бухорий ва Аҳмад ривояти). Албатта, бу каби тадбирлар юртимизда аҳиллик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайди.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, оилаларимизни фаровон қилиб, олижаноб халқимизни паноҳида асрасин.
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
https://t.me/joinchat/AAAAAFLbtImNQqKWruwBuA
Telegram |
Facebook |
Instagram |
Youtube |
nasafziyo.uzhttps://taplink.cc/nasafziyo.uz
📲 https://t.me/nasafziyo?boost