Наманган давлат университети ректори Собитхон Турғуновнинг Қурбон ҳайити муносабати билан
БАЙРАМ ТАБРИГИ
Ассалому алайкум, азиз устозлар, талаба-ёшлар, жамоамизнинг жонкуяр ходимлари, қадрдонларим!
Барчангизни муборак Қурбон ҳайити муносабати билан табриклайман ҳамда энг эзгу ва самимий тилакларимни изҳор этиб қоламан!
Мусулмон оламининг қутлуғ ойи ва Қурбон ҳайити ҳаётимизда энг қувончли айём сифатида ўрин тутади ва юртимизда катта шодиёна билан нишонланади. Гувоҳи бўлиб турибмизки, мамлакатимизда бу байрам меҳр, саховат, мурувват туйғулари, бир сўз билан айтганда, эзгулик ва хайрли амаллар намойиши ва кўзгусига айланиб бормоқда.
Тилагим, ўртамиздаги мана шундай меҳр-оқибат асло йўқолмасин. Саховатдан юксалган кўнгиллар ҳамиша ёруғ бўлсин. Дуоларимизни Яратган қабул айласин.
Бунёдкор, яратувчан халқимизнинг, шу жумладан, илм аҳли - университетимиз жамоасининг ўз олдига қўйган улуғ мақсадлари ижобат бўлаверсин. Аҳиллигимиз, бирдамлигимиз, юртимиз тинчлигига кўз тегмасин.
Қадрли ҳамкасблар, азиз ўғил-қизларим!
Барчангизни яна бир бор Қурбон ҳайити билан муборакбод этаман. Сизлар орқали оила аъзоларингизга ҳам тани-сиҳатлик, тинчлик-хотиржамлик, оилавий бахт, дастурхонларингизга қут-барака тилайман.
Шундай улуғ кунлар файзи, шукуҳи, таровати қалбларимизни асло тарк этмасин.
Қурбон ҳайити муборак бўлсин!