Илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш уйғунлигидаги янги саҳифа2025 йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Наманган давлат техника университетини ташкил этиш туғрисида”ги Қарори (ПҚ-23-сон) қабул қилинди. Мазкур тарихий ҳужжат минтақамизда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш орқали ривожланишнинг янги босқичига йўл очади.
Наманган муҳандислик-технология институти, Наманган муҳандислик-қурилиш институти ва Наманган тўқимачилик саноати институти негизида янги университетнинг ташкил этилиши, аввало, ушбу олийгоҳларда шаклланган илмий ва амалий тажрибани бирлаштириб, юксак сифатли таълим тизимини яратишга хизмат қилади. Университетнинг асосий вазифаларидан бири сифатида ҳудуднинг юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш белгилаб қўйилгани унинг стратегик аҳамиятини янада оширади.
Янги университет доирасида ташкил этиладиган Илғор муҳандислик мактаби бугунги кун талабларига жавоб берувчи мутахассислар тайёрлашда муҳим ўрин тутади. Ҳозирги глобаллашув ва рақамли технологиялар даврида, таълимнинг илғор ютуқларидан фойдаланган ҳолда, амалиётга йўналтирилган дастурларни татбиқ этиш устувор йўналиш сифатида белгиланди.
Шу билан бирга, 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб иш берувчи корхона ва ташкилотларнинг реал муаммолари асосида битирув малакавий ишлар ва магистрлик диссертациялари мавзуларини белгилаш, уларни ҳимоя қилиш жараёнини ишлаб чиқариш майдонларида ташкил этиш талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан боғлашга ёрдам беради.
Қарорда 2026/2027 ўқув йилигача камида иккита бакалавриат таълим йўналиши ва учта магистратура мутахассислигининг халқаро тан олинган ташкилотлар аккредитациясидан ўтказилиши белгиланган. Бу эса университетда таълим сифатини халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга имкон беради. Натижада, халқаро миқёсда рақобатбардош мутахассислар тайёрланади.
Янги университетнинг яна бир муҳим жиҳати – йирик ишлаб чиқариш корхоналарини саноат ҳамкори сифатида бириктиришдир. Бу жараён университетда илмий тадқиқот ишларининг янада ривожланишига, янги технологияларнинг ишлаб чиқаришга интеграция қилинишини таъминлашга қаратилган. Ҳозирги вақтда бундай ёндашувнинг самарадорлигини дунё миқёсида кўриб турибмиз.
Энг муҳими, ушбу қарор орқали Наманган муҳандислик-технология институти, Наманган муҳандислик-қурилиш институти ва Наманган тўқимачилик саноати институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўз ўқишларини узлуксиз давом эттириш имкониятига эга бўлади. 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб уларга янги университетнинг дипломи топширилиши белгилангани талабалар учун катта рағбат ва масъулият юклайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мазкур Қарори Наманган вилоятининг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор яратди. Бу ҳужжат нафақат таълим тизими, балки минтақанинг умумий салоҳиятини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бизнинг вазифамиз – ушбу имкониятларни самарали тарзда амалга ошириш, илмий ва амалий ютуқлар билан мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшишдир.
Ойбек Эргашев,
Наманган муҳандислик-технология
институти ректори в.в.б, Профессор.📝
Namangantoday➡️
Обуна бўлинг ➡️
https://t.me/namangantoday