Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Мусулмонлар ўзаро меҳр-муҳаббатларида гўёки бир тану бир жонлар: агар бу таннинг бирон аъзоси оғриса, қолган аъзолар иситма ва уйқусизлик билан бир-бирини ёрдамга чақиради» (Муслим ривояти).
Бугунги кунда Ғазода бўлаётган воқеалардан ҳаммамиз хабардормиз. Мусулмонларнинг бошига дин душманлари томонидан тинимсиз ўқлар ёғдирилмоқда, минглаган мусулмонлар ҳалок бўлмоқда. Душманлар ҳар сонияда Ғазо аҳлини қиришмоқда, уларни ерларидан қувишмоқда. Аллоҳ таоло куч-салтанат берган диндошлари эса жим кузатишдан ортиғига ўтолмаяпти.
Шундай ўринда бизлар тутишимиз мумкин бўлган йўл қандай, нима қилсак бўлади? Жисмонан бориб ёрдам беришга қодир бўла олмаяпмиз, нима қила олишимиз мумкин?
Энг аввало, ҳаммамиз Аллоҳга қайтайлик. Гуноҳларимизга бугуноқ тавба қилайлик, Аллоҳдан бизларни кечиришлигини сўрайлик. Албатта, бугунги кунда умматнинг устига тушган кунлар фақат гуноҳларимиз сабабидандир. Бугундан бошлаб фақатгина мусулмон эмас, балки чин мўмин бўлишга ҳаракат қилайлик. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Нисо сурасида шундай деган: «Ва Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай» (141-оят).
Иккинчидан, биз ушбу умматга, хусусан, Ғазо аҳлига имконимиз етганча ёрдам берайлик. Шу ҳолатимизда нималарга қодирмиз? Аввало, Ислом аҳлига нусрат сўраб дуо қилайлик. Аллоҳнинг исм-сифатлари билан дуо қилайлик, бирор солиҳ амал қилиб, ўшани васила қилиб дуо қилайлик, солиҳ кишиларнинг олдига бориб, улардан дуо қилишини сўрайлик. Кечқурун таҳажжудларда сўрайлик, Албатта, Аллоҳ дуога кўтарилган қўлни бўш қайтаришдан ҳаё қиладиган Зотдир.
Қўлимиздан келадиган ишлардан яна бири, бўлаётган зулмларга жим қараб турмасдан, унга имконимиз қадар қаршилик қилиш. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деётганини эшитдим: «Сизлардан ким бир мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар бундай қила олмаса, тили билан, агар буни ҳам қила олмаса, қалби билан (норози бўлсин). Лекин бу иймоннинг энг заиф кўринишидир» (Муслим ривояти). Мункарни қўлимиз билан ўзгартиришга имкон топмаяпмизми, тилимиз билан ўзгартирайлик. Ён-атрофимизда, ижтимоий тармоқларда Ғазода бўлаётган воқеалар ҳақида нотўғри маълумотга эга бўлган, нохолис ёндашаётган мусулмонларга воқеликни англатайлик, ушбу зулмни оқлаётган одамларни фикрларини тўғрилайлик.
Аллоҳ таоло мусулмонларга нусрат берсин, золимларга Ўзи кифоя қилсин, мусулмонлар устига бостириб келган аҳзобларни Ўзи мағлуб қилсин.
••┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈••
Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Telegram|Instagram|YouTube|Facebook👉
Musolliyn