❓ДОКТОРАНТЛАР (ТАЯНЧ ДОКТОРАНТ) ИШДАН БЎШАТИЛИШИ КЕРАКМИ?
Cўнги вақтларда докторантура ва меҳнат муносабатлари юзасидан муаммоли ҳолатлар кўплаб учрамоқда. Бизга келаётган саволлар кўпайган. Сабаби январь ойида докторантурадаги ўқув йили бошланди. Шу сабабли бугун таянч доктарантура ва меҳнат муносабатлари ҳақида энг муҳим саволларга жавоб берамиз.
1-савол. Докторантура (таянч докторантура) нима?
2020 йил 23 сентябрдаги “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддаси ва 2017 йил 22 майдаги ВМҚ 304-сон қарорига кўра докторантура — фан доктори (Doctor of Science DSc), таянч докторантура — фалсафа доктори (Doctor of Philosophy PhD) илмий даражасига даъвогар изланувчилар учун, “ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда” ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим шакли.
2-савол. Докторантурада (таянч докторантура) ўқиш муддати қанча?
Олий таълимдан кейинги таълим институтларида ўқиш уч йилгача давом этади. Фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун докторлик диссертациясини тайёрлаётган шахс уч йилни кутмасдан диссертацияни якунлаб муддатдан олдин ҳам ҳимояга чиқиши мумкин.
3-савол. Докторантурада (таянч докторантура) ўқишга кирган ходим ишлашга ҳақли эмасми?
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасига асосан, ҳар бир шахс меҳнат қилиш ҳуқуқига эга. Меҳнат кодекси 97-моддасига асосан, ходим билан тузилган меҳнат шартномасини “ходим докторантурага (таянч докторантура) ўқишга кирса меҳнат шартномаси бекор қилинади” деган асос йўқ. Демак ишлашга ҳақли.
4-савол. Унда “ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиш” дегани нимани англатади?
Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиш ишдан бўшаш дегани эмас. “Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиш” тушунчасининг моҳияти шундаки, ходим ўқиш давомида вазият тақозосидан келиб чиққан ҳолда бевосита ўзига юклатилган вазифаларни бажармайди.
5-савол. Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиётган ходимларга қандай имтиёзлар бор.
Меҳнат кодексида докторантлар учун алоҳида имтиёз назарда тутилмаган. Кодексининг 67-моддасига асосан, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда малакасини ошираётган ходимларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва миқдорларда стипендия тўланди. Бироқ бу докторантларга тегишли эмас.
6-савол. Докторантлар (таянч докторантлар)га пул тўланадими?
Таянч докторантларга кичик илмий ходим, докторантларга етакчи илмий ходим лавозим маошининг базавий миқдорига тенглаштирилган миқдорда стипендия тўланади.
7-савол. Докторантура (таянч докторантура)га кирган ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинмайдими?
Иккита ҳолатда мумкин. Биринчи, МКнинг 99-моддасига асосан ходим ўқув юртига қабул қилинганлиги муносабати билан унинг ёзма аризасига кўра меҳнат шартномаси бекор қилинади. Иккинчи, МКнинг 89-моддасига кўра ходим билан меҳнат шартномаси у янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги сабабли бекор қилинади.
8-савол. Янги меҳнат шартлари деганда нима назарда тутилади?
МКнинг 119-моддасига асосан, докторант иш берувчи билан келишиб тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилашга ҳақли. Бу меҳнатнинг янги шарти ҳисобланади. Ўрнатилган янги шарт асосида меҳнат шартномаси бекор қилинмайди. Ходим 0,5 ёки 0,25 ставка асосда ишлаши ҳам мумкин.
Хулоса докторантурага ўқишга кирган ходимлар иш ва докторантурани бирга олиб боришга шароит мавжуд бўлса ишдан бўшамасдан, тўлиқсиз иш вақти режимида ишлашга ҳақли. Ишдан бўшаб қўйганлар ҳам иш берувчига мурожаат қилиб тўлиқсиз иш режимида (0,5 ёки 0,25 ставка) ўриндош эмас асосий штатда ишлашга ҳақли. Сабаби докторантура иш эмас, балқи ўқиш ҳисобланади.
@doktorantlarofficial@doktorantlarofficial_group