Туфлашнинг ҳам суннати бор!Миллий «ҳасталигимиз» бўлиб улгурган шамоллаш ва томоқ оғриғи оила аъзоларимиздан бирига айланиб қолди. Бунинг «баракотидан» дорихона ходимлари билан ҳам анча танишиб олдик. Нонушта, тушлик ва кечки овқатимизни ҳам дорихонадан олаётгандек бўлиб қолдик. Аммо шунча «неъматларга» нонкўрлик қилиб, туфугини ва балғамини ҳар кўрган жойига реклама сингари ёпиштириб кетадиганлар ҳам йўқ эмас.
✅ Ҳеч бўлмаса туфлашга мезон қўйманглар, дейишингиз мумкин. Аммо бу – ўзгаларнинг дилини хира қиладиган муҳим масалалардан бири эканини унутманг. Аллоҳ бизга Ўз Расули орқали барча нарсанинг таълимини берди. Шунга мувофиқ яшасак, ўзимиз ҳам, атрофимиздагилар ҳам осойишта умр кечиришади. Жамоат жойларида фил хартумини қоққанидек бурнига босим берадиган одамлар ҳам шариат одобларига риоя қилганларида, кунимиз бундан-да хайрли ўтган бўлар эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бировга озор бермаслик ҳақида жуда кўп ҳадислар ворид бўлган. Ушбу ҳадисларга одамларнинг кўнглига тегадиган қилиб туфламаслик ва бурнини қўпол тарзда қоқмаслик ҳам киради.
🗣 Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сизлардан ким туфуришга мажбур бўлиб қолса, чап тарафидан, оёғи остига туфурсин. Агар бунинг имкони бўлмаса, бундай қилсин”, дедилар ва кийимларига туфлаб, бир-бирига ишқалаб юбордилар (Имом Бухорий ривояти).
Имом Насоий ривоятларида эса:
“Оёғи остига туфлаб, уни ишқалаб ташласин”, деганлар.
❌ Имом Шарбиний:
“Ўнг тарафга ва олдинга туфлаш – намоздан ташқарида ҳам макруҳдир,” деган.
Одамлар бор жойда туфлашга мажбур бўлган одам иложи борича узоққа кетиши керак. Энг афзали – рўмолчасига ёки ерга туфлаш. Агар ерга туфласа, уни кўмиб қўйиши зарур. Буларнинг иложи бўлмаса, кийими ичига туфласин.
Унутманг!⏺ Бошқаларнинг кўнгли бузилганидан кўра, кийимингиз балғам бўлгани яхшироқ!
®️
Абдулбосит Абдулвоҳид
t.me/muhaddisuz