Иқтисодиёт фаоллигининг айрим кўрсаткичларининг ҳафталик динамикаси
EconomyPressDecember 16, 2021
Тезкор божхона статистикаси маълумотларига кўра жорий йилнинг 6-12 декабрь кунлари товарлар экспорти ҳажми 184,1 млн. долларни ҳамда импорти ҳажми 573,5 млн. долларни ташкил қилганлигини кўришимиз мумкин.
Кузатилаётган ушбу даврда товарлар экспорт ҳажмининг 67,8 фоизи асосий 5 та товарлари гуруҳига тўғри келиб, жами 124,8 млн. долларни ташкил қилмоқда. Хусусан, 38,4 млн. долларлик тўқимачилик маҳсулотлари, 28,6 млн. долларлик калава ип, 25,5 млн. долларлик металл ва металл буюмлар, 23,7 млн. долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари, 8,6 млн. доллар миқдоридаги озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилинган.
Импорт товарлари гуруҳида улуши катта бўлган жами 382,2 млн. долларлик маҳсулотлар айнан 5 та товарлар гуруҳи ҳиссасига тўғри келмоқда. Хусусан, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари 175,8 млн. доллар, металл ва металл буюмлар 76,8 млн. доллар, технологик асбоб ва ускуналар 57,0 млн. доллар, озиқ-овқат маҳсулотлари 40,1 млн. доллар, фармацевтика маҳсулотлари 32,5 млн. доллар миқдорида импорт қилинган.
“Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси”да юқори ликвидли маҳсулотларнинг сотилишига кўра, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан цемент 1,5 баробарга, қора металлар прокати 3,4 баробарга, мис катоди 3,1 баробарга, минерал ўғитлар 3 баробарга ошган.
Истеъмол нархлари индекси (ИНИ) бўйича инфляция даражаси 0,01 фоизни, ташкил этди (65 та маҳсулот ва хизматлар кесимида). Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ҳафта давомида ўртача 0,03 фоизга ошган, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда хизматлар нархлари эса ҳафта давомида деярли ўзгармаган.
Ҳудудлар кесимида сезиларли ҳафталик ўсиш суръати Қорақалпоғистон Республикаси (0,13%) ва Фарғона (0,13%) вилоятида қайд этилди.