Forward from: мунаввар пардаев
ИККИ ХАЛҚ ЭЪЗОЗИ
Биз яна Янгиернинг меҳмондўст ва файзли Маматовлар хонадонидамиз. Бу галги дилкаш учрашув “айбдор”и - улуғ шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур.
Бобур Мирзо Самарқанд қўлдан кетгач, маълум вақт Зомин, Шаҳристон, Ховос ва ҳозирги Тожикистоннинг бир қатор қишлоқларида умргузароник қилишга мажбур бўлган эди. Халқ бу орада анча машҳур бўлиб қолган шоҳ ва шоирни ёлғизлатиб қўймади. Қаерга бормасин юксак ҳурмат-эҳтиром билан қаршилади. Бобур сафари қариб, кетар чоғида ўзи ва аҳли аъёнлари истифода қилган шоҳона уй-рўзғор буюмларини маҳаллий аҳолига тарқатган экан. Шундай нодир эсдаликлардан бири айни вақтда Ховос туманининг Карвонсарой қишлоғида марҳум шоир Нарзулло ҳожи Асадов хонадонида сақланмоқда.
Қўшни Зафаробод туманидан келган тожикистонлик адабиёт мухлислари иштирокида шоирдан хотира сифатида қолган ушбу табаррук лаганни кўриш баҳона роса дийдорлашдик. Тарихий лаганни қўлимизга олгандаги ҳаяжонимизни айтмайсизми!
Ўзбекистон тожик миллий-маданий маркази Сирдарё вилоят бўлими раҳбари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мунаввар Пардаев Бобурнинг бугунги кунда ҳам аҳамияти катта хизматларидан бири ушбу учрашув, яъни ўзбек ва тожик қардошларнинг дийдорлашуви эканлигини таъкидлади ва хонадоннинг “Бону Зиё” кутубхонасига улуғ рус ёзувчиси К.Симоновнинг Янгиер тарихи, халқлар дўстлиги мавзуидаги “Журналист бўлиб қоламан” китобини совға қилди. Китоб миллий марказ фаоллари томонидан таржима қилиниб, чоп этилган.
Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан ховослик таниқли шоир Муҳаммад Исмоил ҳам Ҳиндистонда, Бобур қадамжоларида кечган саёҳатлари, шоирнинг ижоди ҳақида қизиқарли янгиликлардан гапирди ва ўз навбатида кутубхонага китоблар тақдим қилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими раиси, шоир Бойжигит Абдуллаев, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, шоирлар Алишер Нур, Ҳасан Абдувоҳидов, тожикистонлик тадбиркор Собир Шамсиев, маданият ходими Жуманазар Каримбердиев, Зафаробод тумани ҳокимлиги вакили Райимжон Ўринхўжаев ва бошқаларнинг дил сўзларида, ўқиган шеърларида ҳам икки халқ дўстлигига алоҳида урғу берилди.
Тадбирда Ўзбекистон тожик миллий-маданий маркази Тошкент вилоят бўлими раиси Савронбек Мирзаев ҳам қатнашиб, дил сўзларини изҳор қилди.
Бобурга бағишланган тадбир шинам дастурхон атрофида давом этди. Куйлар куйга, шеърлар шеърга уланиб, файзли хондонга янада файз қўшди.