Аёлга эътибор хафталиги амалда
Жиззах вилояти Мажбурий ижро бюроси ходимлари 8-март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида хайрия тадбирларини ташкил этди.
МИБ ходимлари шаҳар ва туманларда истиқомат қилувчи алимент олувчи ва кам таъминланган оналарнинг хонадонларига ташриф буюриб, уларни байрам билан муборакбод этди.
Зомин туманида истеқомат қилувчи Машхура Рахимова ҳам Бюро ходимларининг эътиборидан четда қолмади. Турмуш ўртоғи билан ажрашганидан сўнг икки нафар фарзанди билан ёлғиз қолган Машхура опага суд қарорига асосан ҳар ойда тўланиши лозим бўлган алимент маблағи Бюро органлари томонидан ундириб берилмоқда. Байрам арафасида эса давлат ижрочиси томонидан тақдим этилган гуллар ва бадиий китоблар опанинг дилини шод этди.
“Аёл – миллат келажаги, ҳаёт давомчиси. Хотин-қизлари эъзозланган, қадрланган юртнинг бугуни ва эртаси фаровон бўлади”, - дейди М.Рахимова. “Байрам арафасида биз каби хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибордан жуда мамнунмиз”.
Тадбирлар давомида ходимлари томонидан кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларга моддий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашилди.
Мазкур тадбирлардан аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини эътироф этиш, уларга байрам кайфиятини улашиш ҳамда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсади кўзланган.