🍃🌸🍃
ЗАРДА ҚИЛМА БОЛАМ... 😞
Дуоларга қўл кўтариб,ҳеч тинмайман,
Сенга зарар етказишга уринмайман,
Уйга келган дўстларинга кўринмайман,
Менга қилган зардаларинг қилар алам,
Овозингни кўтармагин, жоним болам.
Индамайман,мендан кўнгил узавергин,
Отанг қурган айвонларни бузавергин,
Овқатингнинг сўнггин менга сузавергин,
Менга қилган зардаларинг қилар алам,
Овозингни кўтармагин,жоним болам.
Ахир умр дарёсида оқаяпман,
Юрагимни армонларда ёқаяпман,
Индамасдан болаларинг боқаяпман,
Менга қилган зардаларинг қилар алам,
Овозингни кўтармагин,жоним болам.
Мендан нолиб нолаларинг сўзламагин,
Бўлак яшаш учун уйлар кўзламагин,
Бир кун келиб мозоримда бўзламагин,
Менга қилган зардаларинг қилар алам,
Овозингни кўтармагин,жоним болам.
Тушларимда отанг билан кезаяпман,
Қўлим билан ёнидан жой қазаяпман,
Кўп турмайман,кетишимни сезаяпман,
Доим қилган зардаларинг қилар алам,
Овозингни кўтармай тур,жоним болам.