Анафилактик шок!
Аллергик реакциянинг тез содир бўладиган типига киради ва аллерген парентерал (томир ичига, тери остига, тери ичига) юборилганда юзага келади.
Анафилактик шок келиб чиқишини асосий шартларидан бири бемор организмини шу аллергенга нисбатан сезгирлиги кескин ошган бўлиши керак. Шу сабабли айрим ҳолларда аллерген нафас орқали ёки энтерал йул билан организмга кирганда анафилактик шок ҳолати келиб чиқиши мумкин. Анафилактик шок кўпинча антибиотиклар, зардоб, В гурух витаминлардан ва ари чаққанда келиб чиқади.
Анафлактик шок патофизиологик босқичлардан иборат бўлиб, аввал антиген ва антитаначанинг иммунологик тўқнашуви руй беради, кейинги биохимик босқичида вазофаол моддалар (гистамин,брадикинин) қонга чиқади ва охири вицерал босқичда шокнинг клиник белгилари намоён бўлиши билан характерланади. Шокнинг ривожланиш механизми асосида қонни қайта тақсимланиши ва микроциркулциянинг бузилиши ётади. Бу ўзгаришларнинг хаммаси томирлар ўтказувчанлигининг бузилиши, шиллиқ пардаларнинг шишиши, томирдаги эритроцитлар экссудацияси (атрофидаги тўқималарга чиқиши) ва агрегацияси билан бирга қўшилиб келади.
🩺 Анафилактик шок клиникаси.
Одатда, беморлар ҳолсизликдан, ҳансирашдан, қуруқ йўтал, қизиб кетиш ҳолати, совуқ тер чиқиши, ўлим ҳиссидан шикоят қиладилар, бемор ўзини қўйгани жой тополмайди, бадан териси қизариб кетади, қоринда оғриқ, тахикардия, қон босими кескин пасайиши, биринчи қон босими қиска вақт кўтарилиши мумкин. Анафилактик шок дори организмга киритилгандан кейин бир дақиқадан бир соатга қадар вақт орасида ривожланиши мумкин. У қанчалик тез бошланса, клиникаси шунча оғир кўринишда ўтади.
Анафилактик шокнинг бир неча клиник турлари мавжуд.
📌 Гемодинамик тури. Бунда юрак қон -томир тизимидаги бузилишлар бошқа белгиларидан устунлик қилади: юрак сохасида оғриқлар қон босимининг пасайиши, микроциркуляциянинг бузилиши (ранглари оқариб ёки қизариб кетиш) кузатилади ва кўпинча юракнинг ишемик касаллиги ёки миокард инфаркти билан қўшилиб келади.
Церебрал тури (бош мияга оид тури). Беморларда ўлимдан қўрқиш ҳисси яққол кўриниб туради, талваса, нафас олиш ва чиқаришдаги бузилишлар, мия шиши белгилари қайд этилиши, менингал белгилари ва ҳушини йуқотиш холатлари юз бериши мумкин.
📌 Асфиктик (буғилиш) тури. Беморларда ҳиқилдоқ, ўпка шиши ва бронхоспазм белгилари билан пайдо бўлади. Бунда ўткир нафас етишмовчилиги белгилари устунлик қилади.
📌 Абдоминал тури. Бунда кўнгил айниши, қайт қилиш, ошқозон сохасида оғриқлар бўлиб, кўпинча "ўткир қорин" белгиларини намойиш қилади хатто ичак тутилиши, ахлат билан қон келиши ҳам кузатилиши мумкин. Аёлларда тухумдон ва бачадан йуллари сохаларида оғрик қайд этилади.
🩺 Анафилактик шок клиник боскичлари.
📍 Енгил босқич икки дақиқадан икки соатгача давом этади. Бунда тери қизариши, томоқ қуриши, бурун оқиши, бош айланиши, бош оғриғи, қон босими кўтарилиши, юракнинг тез-тез уриши, ҳолсизлик кузатилади.
📍 Шокнинг ўртача оғирлигида кечадиган босқичида токсикодермия, Квинке шиши, коньюктивит, стоматит, юрак тез уриши, юрак соҳаларида оғриқ, томир уриш маромининг бузилиши, қон босимининг пасайиши, ҳолсизлик ва бош айланиши, кўришнинг бузилиши, ўлимдан қўркиш ҳисси, тери рангининг оқариб кетиши, совук тер чиқиши, эшитишининг пасайиши, кулок шангиллаши, ошкозон-ичак йули, бронхлар, буйраклар томонидан бузилишлар билан кузатилади.
📍 Шокнинг оғир босқичи коллапс (ранг оқариб кетиши), цианоз, томирнинг ипсимон уриши, қон босимининг пасайиши, кома чуқур уйқу ҳолати, ҳушдан кетиш, кўз қорачиқларининг кенгайиши, юрак ва нафас фаолиятининг тўхташи билан намоён бўлади.