2025 йилдаги мақсадлар ва улар учун зарур насиҳатларҚўйган мақсадларимизга аксарият ҳолларда ўзимизнинг хатолар тўсқинлик қилади. Сўнгги йилларда кузатилаётган хатолардан бири молиявий ишлардаги ноқисликлар бўлмоқда. Қуйидаги насиҳатлар айнан шу муаммонинг ечимига қаратилган:
& Қарз олди-бердиларида пухта бўлишБиринчи навбатда, қарз олишда эҳтиёт бўлинг. Имкон қадар, эҳтиёжларингизни ўз даромадингиз ва жамғармаларингиз эвазига қопланг. Қарз олишга мажбур бўлиб қолсангиз, қаранг, мақсадингиз билан боғлиқ бўлсагина, олинг. Шунда ҳам, молиявий тоқатингиздан ортиқ юкни зиммангизга олманг.
Қарзни олишдаги оқиллик аломати - қарзга олинган маблағ мулк бўлиб қоладиган нарсага айланиши. Чунки вазият тақозо қилса, мулкни сотиб қарзни қайтариш осон бўлсин. Ўткинчи ва қийматини тез йўқотадиган матоҳ учун қарз олиш оқилларнинг иши эмас!
Қарз беришда ҳам оқилликни маҳкам тутинг. Берган пулингиз қайси мақсадга ишлатилади, қарз олувчига қанчалик фойда келтиради, белгиланган муддатда қайтара оладими, қарз қайтмаган ҳолатда сизнинг “Plan B” нима бўлади, каби саволларга қониқарли жавоблар бўлсин. Бир-иккита диёнатсиз ё қобилиятсизни деб бошқа яхшиларга ишончингиз йўқолмасин, қарз беришдек улуғ савобли ишдан ихлосингиз қолмасин.
& Тезда бойиб кетиш талвасасиБунга фақат ёмонлармас, яхши инсонлар ҳам мубтало бўлиши мумкин. Яқинларимга ва бошқа муҳтожларга ёрдам қўлини чўзаман деган хаёлда инсон баъзан қисқа фурсатда бойиб кетиш чораларини қидиради ва қалтис ишларга қўл уради. Тезда бойишни ваъда қилаётганларга ҳаргиз ишонманг, яқинларингизни ҳам бундан огоҳлантиринг.
Шуни яхши билиб қўйинг - бу узоқ кузатилган тажриба - ўз эгасига фойда келтирадиган ҳақиқий бойлик фақатгина инсонлар манфаати учун яратилган бирон нарса эвазига келади. Бу нарса кучли бизнес, пофессионал билим ё замонавий технология ёки ҳамманинг ҳурмати ва ишончини қозонган обрў-эътибор бўлиши мумкин. Бировларнинг ютқазиши эвазига бойликни ваъда қиладиган қимор, форекс, молиявий пирамида,
спекулятив трейдинг каби ишлар сизга ҳақиқий бойлик келтирмайди.
& Вазифаларни афзалият асосида бажаришЎқувчи ё талаба бўлсангиз, бор диққатингиз ўқишга қаратилсин. Мақсадингиз ўқиётган илмларингизни мукаммал эгаллаш бўлсин. Атрофдаги трендлар сизни чалғитмасин. Трендларга эргашувчи муқаллид эмас, балки ўз трендларига эргаштирувчилардан бўлишга интилинг.
Ишлаётган ходим бўлсангиз, бор диққатингиз соҳангиздаги билим ва кўникмаларни ўзлаштиришга қаратилсин. Шундай мутахассис бўлинг-ки, компания эгалари сизни йўқотишдан қўрқишсин. Меҳнат бозоридаги эшиклар доим сизга мунтазир бўлсин.
Компания эгаси бўлсангиз, бор диққатингиз бизнеснинг узоқ муддатли барқарор ривожланишига қаратилган бўлсин. Чунки қўл остингиздаги ходимлар сизга ишониб ёнингизга келишган. Оила тебратаман, келажагимни бирга қураман, деб келганларнинг масъулиятини ҳис қилинг.
Энди ким бўлсангиз ҳам ва нима иш қилаётган бўлсангиз ҳам, тўғрилик, ҳалоллик ва адолат бош шиорингиз бўлсин.
Агар ўқишни давом эттирайми (магистратура, PhD) ёки оила қурайми, ёки чет элга (иш, ўқиш учун) бориб келайми деган нуқтага етиб, қай бирининг афзаллигида бошингиз қотган бўлса, катталар билан маслаҳатлашинг. Тажрибали инсонлар билан машварат қилинг. Шахсий табиатингизни ҳам инобатга олинг. Энг афзал иш тасаввурингиздаги ёки бошқалар қилаётган нарсада эмас, балки сизнинг эҳтиёжларингиз орасидаги иш бўлиш мумкин. Масалан, уйланиб оила қуриш! Ёки истиқболли компаниядан таклиф тушган бўлса, ишга кириб ҳам профессионал ўсишни, ҳам молиявий мустақилликни бошлаш. Хуллас, вазифалар ичидан афзалини танлашга ўрганиш мақсадга етиш учун муҳим омил!
@alijon_ravshanov