🇺🇿🇫🇷
АОКА ва Миллий кутубхона мутасаддилари Халқаро китоб стандарт рақами агентлигининг (ISBN) йиллик ҳисобот йиғилишида иштирок этмоқдаЖорий йил
24-26 сентябрь кунлари ISBN халқаро агентлиги ташаббуси билан
Париж шаҳридаги Франция Миллий кутубхонасида йиллик умумий йиғилиш ўтказилмоқда.
Ўзбекистон бу йилги ҳисобот йиғилишида Озарбайжон ва Намибия давлатлари қаторида
илк маротаба иштирок этмоқда.
Ўзбекистон делегацияси таркибида АОКА Ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантириш бўлими бошлиғи А.Раҳмонов, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори У.Тешабоева, Миллий кутубхона Халқаро алоқаларни ташкил этиш мутахассиси И.Раҳматуллаев йиллик ҳисобот йиғилишида қатнашмоқда.
Мазкур ISBN йиллик умумий йиғилишида давлатларнинг ISBN рақамлар бериш бўйича ҳисоботлари тингланади. Шунингдек, электрон китоблар учун ISBN рақамлар бериш, мусиқа нашрларининг ISMN маълумотлар базасини ривожлантириш ва бошқа бир қатор масалалар муҳокама қилинади.
Бу каби йирик ва нуфузли умумий йиғилишда иштирок этиш орқали кўплаб хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш, ҳамкорлик ўрнатиш ва малака-кўникмаларни замонавий билимлар асосида ошириш имкониятлари яратилади.
Шу билан бирга, умумий йиғилиш миллий ISBN марказлари ўртасида алоқа ўрнатиш, глобал ахборот инфратузилмаси масалалари, ахборот ресурсларини шакллантиришда муҳим платформа ҳисобланади.
Умумий йиғилишда қатнашаётган ўзбекистонлик иштирокчилар қайд этишича, Х
алқаро китоб стандарт рақами агентлигининг (ISBN) раиси (24 сентябрдан эътиборан ваколати тугайди) қутлов нутқида
дунё миқёсида иқтисодий қийинчиликлар кузатилаётган даврда китоб нашр этиш соҳасида фаолият кўрсатаётганлар катта жасорат кўрсатаётганликлари ҳамда фидокорлик қилаётганликларини алоҳида таъкидлаган.
Маълумот учун: Ўзбекистон Халқаро ISBN агентлигига 2006 йил октабрь ойида аъзо бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 4 апрелдаги 98-сон қарори (2-илованинг 10-банди) асосида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида чоп этилаётган нашрларга халқаро стандарт китоб рақами (ISBN) ва даврий нашрнинг халқаро стандарт рақами (ISSN) беради.
Бугунги кунда Ўзбекистон Миллий кутубхонасида нашрларга китобнинг халқаро стандарт тартиб рақами (ISBN) Uzinfocom ягона интегратор томонидан ташкил қилинган тизимда амалга оширилиб келинмоқда.
Халқаро китоб стандарт рақами агентлигининг (ISBN) йиллик ҳисобот йиғилиши якунида
Франция Миллий кутубхонаси билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масаласини кўриб чиқиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, умумий йиғилиш доирасидаги тадбирлар 26 сентябрга қадар давом этади.Telegram |WhatsApp| Youtube | Facebook | Instagram | Медиабанк | Сайт