Музейлар —тарих кўзгуси
ХАЛҚАРО КЎРГАЗМА ИШ БОШЛАДИ
Мамлакатимизда музейлар фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек, бу соҳада халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, турли мавзуларда ўзаро ҳамкорлик асосида кўргазмалар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ ва Маданий мерос агентлиги буйруғига асосан давлат музейларида “Аёллар ипак либослари: тарих ва замонавийлик” мавзусида кўргазмалар ташкил этилмоқда.
Ичан қалъа давлат музей қўриқхонасидаги Тош ҳовли саройи тарихий-меъморий мажмуасида Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи билан ҳамкорликда шу мавзуда кўргазма ташкил этилди. Кўргазмадан ўзбек аёллари кийим-кечаклари билан бирга Тайланд давлати қироллиги аёллари ипак либосларидан намуналар ҳам ўрин олган.
Шу йил 14- март куни кўргазманинг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда музей ходимлари , маҳаллий ва хорижий сайёҳлар иштирок этишди.
Очилиш маросимида сўзга чиққан Ичан қалъа давлат музей-қўриқхонаси илмий котиби, тарих фанлари номзоди, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Комилжон Худойберганов, Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи катта илмий ходими Нигора Раҳматуллаева ва бошқалар ушбу кўргазманинг тарихни, миллий анъаналарни ўрганиш ва тарғиб этиш баробарида мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги дўстлик ҳамкорликни мустаҳкамлашда ҳам катта аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлашди.
Тадбир давомида иштирокчиларга Хоразм вилоят қўғирчоқ театри ижодий жамоаси томонидан театрлашган томошалар ҳамда концерт дастури ҳам намойиш этилди.
Шу йилнинг 29- март кунигача намойиши давом этадиган нодир экспонатлардан иборат кўргазма музей шаҳарга ташриф буюраётган чет эллик ҳамда маҳаллий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда ва унутилмас таассуротлар қолдирмоқда.
Telegram | Instagram | Facebook | Website |
VR. ✨