Дунё ёлғизоёқ йўлдирГоҳида битта сўз ҳам бир бутун шеърдай ўқилади. Масалан, ёлғизоёқ йўл!
Шу сўз ёдимга тушганида яшил тепаликни кесиб ўтган сўқмоқ кўз олдимга келади. Назаримда дунёнинг асл манзараси шу. Атрофимизда қанча одам, яқинларимиз бўлмасин, гуноҳу савобларимиз ила уни ёлғиз яшаб ўтамиз. Фикримга далил излаб “Алпомиш”ни эслайман. Аввало Ёдгорнинг юракни эзадиган ноласи ёдга тушади: “Ёлғиз шўрни яратгунча, тошни ярат!”
Ҳа, Ёдгор ёлғиз эди. Аммо достонда шундай ёлғизликлар борки, Ёдгорнинг яккалиги иккинчи даражага тушиб қолади. Масалан, Қоражон. Тўқсон алпнинг бири, Қалмоқ элнинг паҳлавони ёлғиз эди. Қалмоқ юртдай катта мамлакатда унга узанги йўлдош бўладиган биронта мард топилмайди. Ёдгор онадан якка туғилган. Қоражоннинг саксон тўққизта алп акаси бор, аммо доим якка.
Достоннинг яна бир асосий қаҳрамони Барчин ҳам ёлғиз. Гарчанд Ҳакимбек унинг иккинчи ярми деб айтилади. Қолаверса, алпнинг Қалдирғочдай синглиси бор. Аммо... бу ҳақида кейинроқ.
Алпомиш чоҳда ётганида Тавкаойим Қайқубод чўпонга якка оқ саркасини боқишга беради. Қалмоқ шоҳнинг ёлғиз қизи, биттагина саркани отасининг қўйларини боқадиган чўпонга пул бериб боқишга топширади. Ана шу сарка ҳам ёлғиз. Шу яккалиги сабаб сурувга қўшилмайди. Оқибат, чоҳга тушиб кетади. Сарканинг ранги оқ, яхшилик белгиси. Алпомиш шу эчкининг гўштини еб қувват олади, суягидан чанқовуз ясайди. Ўша чанқовуз сабаб Тавкаойим Алпни излаб келади. Унинг келиши Алпомиш учун озодликка йўл эди.
Алпомиш чоҳда ётганида Қоражон ёлғиз ўзи уни қутқаришга келади. У Алпнинг қаерда эканини билмасди. Ғирромчи болаларга ошиқларини ютқазиб аламзада бўлиб ўтирган ёлғиз етим бола, Қоражонга Алпомишнинг манзилини беради.
Дарвоқе, Алпомишнинг тириклиги ҳақидаги хабарни ёлғиз ғоз етказган эди. У Шакаман тоғидаги якка овчининг ўлжаси. Аммо она ягона боласининг истагига қарши бориб, ғозни отма дейди. Шунда она-бола ўртасида даҳшатли айтишув бўлади... бу ҳақида бошқа сафар ёзарман.
Юқорида айтганимиздай, Барчиной Ҳакимбекнинг иккинчи ярми. Алплик тимсолида ҳам, оддий ёр сифатида ҳам. Тағин унинг Қалдирғоч синглиси бор. Шунга қарамай Алпомиш синовни ёлғиз ўзи енгиб ўтади. Дастлаб Қалмоқ юртга бир ўзи бориб Барчинни олиб келади. Қалмоқ шоҳнинг зулмида қолган амакисини қутқариш учун эса навкарлари билан йўлга чиқади. Аммо навкарлар Мастон кампирнинг ҳиласи сабаб ўлимга юзлашади. Алп яна ёлғиз қолади. Кунтуғмишда ҳам худди шундай. Айни синов даврига келганида Кунтуғмиш қирқ навкарисиз қолган эди. Шу сабаб синовнинг биринчи қисмини ёри Холбека билан, кейинги қийинчиликларни якка ўзи бошдан кечиради. Худди Алпомиш ва Бойчибор каби. Яъни Алплар доим синовдан якка ҳолатда ўтади.
Ҳа, дунё ёлғизоёқ йўлдир, биродарлар!
***
Энди муддао: “Алпомиш”даги бошқа ёлғизликларни ҳам ўрганиб, юқорида саналганларга қўшиб, сўнг буларнинг барчасини бирма-бир таҳлилга тортса ихчамгина китоб бўлади. Кейин шу монография асосида каттагина роман ёзиш мумкин.
Ярим кечада якка ўзим шу ҳақида ўйлаб, бунинг иккисини ҳам бажаришим учун Алпларга хос матонат ва сабр керак деган тўхтамга келдим. Тағин бу томонда “Ёлғизлик”дан ташқари ҳам жуда кўп режалар, навбат кутаётган ишлар бор. Шуларни ёд олгач, Алпомишни чоҳдан чиқара олмай Қўнғиротга якка қайтаётган Қоражоннинг гапини эсладим: “Ёлғизман, телпагим, бергин маслаҳат...”
Бобо Равшан@katarsis_kundalik