🌸ИЖОД СЕҲРИ 🌸 Феруза Салходжаева (Феруза Баҳодир қизи)


Channel's geo and language: Uzbekistan, Uzbek
Category: not specified


"Халқ таълими аълочиси", олий тоифали устоз, ёзувчи Феруза Салходжаева Баҳодир қизининг ижодий, маърифий, адабий канали
Мактублар учун: @Salxodjayeva_bot

Related channels  |  Similar channels

Channel's geo and language
Uzbekistan, Uzbek
Statistics
Posts filter


"Йўқотишдан қўрқаман" ва "Қанотсиз фариштам" ҳикоялари фақат ёпиқ каналга жойланади.
Пул тўлаб, обуна бўлинг.

Мурожаат @Salxodjayeva_bot


Соҳир сатрларнинг соҳибаси

      Чўлда кетаётган йўловчи роса чанқаб турганда, зилол булоқ олдидан чиқиб қолса, ундан тўйиб-тўйиб ичиб, баҳраманд бўлади. Мен ҳам  Қозоғистон Республикаси ижтимоий, адабий-бадиий газетаси бўлмиш "Адабиёт ва санъат" да Феруза Салходжаеванинг илк бор ҳикоясини ўқиганимда шундай ҳолатга тушганман. "Ким экан бу ажойиб асар муаллифи?"  - деб интернетдан  излай бошладим. Телеграм ижтимоий тармоғининг "Ҳикоялар ва қиссалар" каналида "Кўктерагим" қиссасини ўқиб, кўзларим қувончдан порлаб кетди. Феруза—менинг энг суюкли шоирим, ёзувчим, юртдошим Баҳодир Собитнинг зурриёдлари экан. Падари бузруквори Қозоғистон ўзбекларининг энг кўзга кўринган шоири, ёзувчиси ва драматургидир.
  Феруза Салходжаеванинг  ҳар бир  ҳикояси, ҳар бир қиссасининг битикларида ўзбекнинг ҳаёт йўсини, ўзбекона тутумлар, инсоннинг руҳий олами таъсирли воқеалар орқали баён этилади.
"Гўзал мерос"," Оппоқ тонг", "Чиннигул"," Яхши кунлар", "Ифор", хуллас, қайси бир асарини олманг, одамлар ҳеч пайқамаган, изоҳлаш хаёлига ҳам келмаган энг нозик жиҳатларни моҳирлик билан қаламга олганлигининг шоҳиди бўласиз
  Ферузанинг асарларининг қаҳрамонлари ўзи каби ҳокисор, ўзи каби қалби пок, ҳамма нарсага ишонувчан, баъзан эркатой ва самимий инсонлардир. Шунинг учун китобхон уларни дарров севиб қолади. Ферузанинг ҳикоя ва қиссалари орасида баъзан салбий тимсоллар ҳам учрайдики, уларга нисбатан қалбингизда нафрат пайдо бўлганлигини сезмай қоласиз. Масалан,
"Ифор"қиссасидаги ўгай она тимсолида Ифорга бўлган ичи қоралик, ҳасад, зулмни шунчалар ишонарли қилиб тасвирланганки, китобхон бу аёлни шунчалар ёмон кўриб қолади.
Феруза  Салходжаеванинг қаҳрамонларининг деярли барчаси ўзбеклар. Бу миллатнинг  самимийлиги, мардлиги, меҳнатсеварлиги ва одамийлиги соҳир сатрлар замирига сингдириб юборилган.
   Фикрларим хулосасида ишонч билан шуни таъкидламоқчиман:
замонавий ўзбек насри яна бир ажойиб  муаллиф, адиба, моҳир ёзувчига кўпайди. Ҳали кўп йилларгача ўзбек китобхонлари Феруза  Салходжаеванинг нодир асарларидан баҳраманд бўладилар ва севиб ўқийдилар

Гулхумор  Умрзоқ қизи ( Саййида Саййид.) Шоира
Қозоғистон Республикаси  халқ таълими аълочиси, олий тоифали ўқитувчи

24 январь, 2025 йил

@ijod_sehri21

https://t.me/ijod_sehri21

4k 0 3 14 152

#Darding_meninig_dardimdir

Дардинг менинг дардимдир

(2-қисм)

—Олинг, бу фақат менинг боламми? Уйимдан орттириб келибманми? Сиз ҳам қаранг, бундоқ ота бўлиб!
Бола биғиллар, сочларига тароқ тегмаганига анча бўлган ёшгина рангпар Малика уни беҳол кўтариб турар, эркак эса ўшқирарди. Аёл асабий тарзда оғзига келган сўзни қайтармас, эркак ҳам ундан қолишмасди. Охири Маҳмуд хотинига бир тарсаки туширди. Аёл боласини қучганча ерга чўккалаб қолди.
—Номард!
— Ҳа, мен шунақаман. Бор, мардини топиб тегиб ол!
— Кетаман!
—Катта кўча!

Малика уйга кирди. Боласининг кийимларини йиғиштирди, ўзининг ҳам бир-иккита кўйлагини сумкасига солиб, уйдан чиқди. Остонада жанжални эшитиб югуриб келаётган қайнонасига дуч келди.
—Ҳой, ўзингизни босинг, болани менга беринг!—деди қайнонаси.
—Эндими?  Уни бир соат боқишдингизми? Бир марта қўлингизга олдингизми ўзи?  Йўлимдан қочинг, ҳаммаси жонимга тегди! —деди келинчак сўнг қайнонаси эгаллаб турган эшикдан уни итариб чиқиб кетди.

Кўзда ёш билан боласини қучоқлаб кетиб бораркан, кўнглининг бир четида хато қилаётганлигини сезарди.
Осмон қоп-қора, булут ёпирилиб келар, қишлоқ итлари тинимсиз ҳурар, ғазаб кўзларини кўр қилган аёл қўрқувни ҳис қилмай ота уйи томон кетиб борарди.

***
—Ойи, кўзи қаттиқ экан, уялмасдан бошдан оёқ қараб
чиқди, —деди қиз учрашувдан келгач. Йигит ёқмади, хуллас.. Кўзи қўрқинчли.
— Сенга шунақа туюлган.
Саломатхон гапини тугатмасидан телефон жиринглади.
—У ёқ томон! Кейин дарҳол гўшакни кўтарди.
—Ассалому алайкум, Зарнигорхон, яхши етиб олдингларми? Ҳа, ҳали йўлдамисизлар. Майли, ман ҳали қизим билан гаплашмадим. Бир сўраб кўрай, дадаси билан маслаҳатлашайлик, кечроқ айтамиз жавобини.
—Йигитга жудаям ёқиб қолибсан, уйга етиб боришга сабри етмай қўнғироқ қилишибди, —мамнун жилмайди онаси.
—Менга, умуман, ёқмади ойи, кўнглим музлаб ғалати бўлдим.
Йўқ деб юборинг!
—Даданг келсинлар-чи?
—Ойи, ман, барибир, унга тегмайман. Дадамга қизингизга ёқмабди денг!
Хуршида ойисига қатъий қилиб берган жавобидан сўнг юрагига бир ғашлик ўрнашиб қолди. Йигит унга тикилиб қолгани рост, аммо ўзи ҳам сал ошириб юборди. Нима қилсин ахир, Закариё акаси  шундай деб ўргатган бўлса.
У Закариёга икки йилдан буён уйига совчи келаётганлигини айтади. "Сал шошма, синглимни узатиб олайлик!" Синглиси ҳам эрга тега қолмайди. Ўзи эса уйидагиларга "йигити" борлигини айтгани юраги бетламайди. Онаси ниманидир сезади.
—Ҳой қиз, кўзингга қара, бир-биридан яхши жойлардан қуруқ қоляпмиз.
Хуршиданинг қулоғи кар, кўзи кўр!  Закариё совчи жўната қолса, ҳаммасидан қутуларди. Совчилардан ҳам. Бемаъни учрашувлардан ҳам. Кейинги пайтларда Хуршида шу йигит билан гаплашиб юрган беш йилига ачина бошлади. Негадир, охири кўринмасди бу йўлни.
Энди ҳаммасига нуқта қўяман деганида йигит алламбало совғалар келтирар, ёки кўнглига хуш ёқадиган сўзлар айтар, Хуршида яна унинг домига илинарди. Барибир севарди шу йигитни.
—Мана шуниси-охиргиси! Тегса ҳам, тегмаса ҳам шунга бераман.
Манга қара, шу жой манга маъқул, билдингми? Қизингни кўндир! Дадасининг талаби шундай бўлди.
Бу келаётган совчилар чиндан ҳам кўнгилдагидек эди. Таг-зотли, бой-бадавлат, бола ўқимишли, қайнона-қайнотанинг юзлари офтобли.
Йигит билан учрашувга чиққан Хуршида унинг ақлли, оғир-босиқ, ўта хушмуомала эканлигини билгач, бир зум бўлса ҳам тўпори Закариёни унутгандек бўлди.
Ўзини яхши жойда, тўкин хонадонда яшашини тасаввур қилиб розилик бермоққа шайланди.
У уйига катта-катта япроқлар билан безак берилган голланд атиргулларини кўтариб кириб келганида деярли бир қарорга келиб бўлган эди.
"Шу йигитга тегаман! Закариё уйланса, шу пайтгача уйланарди. Ҳар сафар алдайди. Менга уйланиш нияти бўлганида лоақал бир марта онасини совчиликка жўнатарди!" У энди у билан гаплашиб юрганига ачинаётган, ўзини  ич-ичидан хиёнаткордек ҳис қилаётган эди.

Кечқурун Закариёга хабар ёзди.
"Закариё ака, шунча кутдим совчи жўнатишингизни. Кўп жойларни рад этдим, биласиз. Энди орамиз очиқ. Мен турмушга чиқяпман. Илтимос, бошқа қўнғироқ қилманг, ҳаммасини унутинг"

(давоми бор)

Феруза Салходжаева

@ijod_sehri21

https://t.me/ijod_sehri21


#Darding_ menining_ dardimdir


Дардинг менинг дардимдир

(1-қисм)

Эрталабдан буён ҳавонинг авзойи бузуқ. Ҳеч очилай демайди. Ёмғир эзиб ёғмоқда.

Кечагина дарахтлардаги кузги япроқлар сўнгги рақсини адо этмоқчидек ҳавода чирпирак бўлиб айланаётган, кейин чарчаб ер бағирлаётган эди. Дайди шамол ўзи билан булутларни етаклаб келди. Осмон ранжигандек қовоғини бир уйди-ю, кейин кўз ёшларини қўйиб юборди.

—Роса қирмоч еган экансан-да, ёмғирни қара? Тўхтармикан? Санобар деразага тикилганча, дугонасига сўз қотди.
—Тўй ҳам тўй бўлади энди.
Малика индамайди. Ҳадикми, ҳаяжонданми нозик жисми эгилиб қолгандек курсида ўйчан ўтирибди.
Онаси кирди. Яна бир бор қучоқлаб бағрига босди. Яна кўз ёш қилди. Холалари кирди. Кейин аммалари. Ҳамма келинни бир кўриб, кейин эшикдан чиқиб кетар, барча кирганлар келишиб олгандек Маликанинг йиғлоқ эканлигини яна бир бор эслатиб ўтардилар...

Тўйхонага кириб борган келиннинг оппоқ кўйлаклари этакларига лой сачраган, шунча эҳтиёт қилсалар ҳам эпини қилолмаган эдилар.

Тўй ўтди ҳамки, ёмғир тинди. Эрталаб қуёш чиқди.
—Ассалому алайкум, келин салоом!
Дастурхончи аёл ўктам овозда қишлоқ аёлларини саломга чорларди.
Кейин юз очди бўлди. Кимдир кичкинагина қизчасини кўтариб унга яқинлашди. Қизча келиннинг бетини тўсиб турган каттагина дастрўмолни юлқиб олди.

Кейин ҳамма ўзига теккан совға-саломни олиб, истар-истамас уй-уйига тарқалди.

Қишлоқ аёллари учун тўй кўнгилларни ёзиш учун бир имконият. Кейин яна ҳамма рўзғорнинг битмас-туганмас ташвишлари ичра ғарқ бўлади.

Малика ҳам бир ҳафталик иззати битгач, янги оиласидагиларнинг оғирини енгил қилмоққа тиришиб кетди. Қизиғи, уйида кичик хизмати учун ҳам раҳмат эшитиб ўрганган келинчакка бу уйдаги совуқроқ муҳит ёмон таъсир қила бошлади. Унинг тоборо ғаши келар, негадир шу хонадондан қочиб кетгиси келарди.

— Сабрлироқ бўл, — деди онаси.
— Портлаб кетаман!

Ҳар сафар уйга шу кайфиятда борадиган бўлди.
Турмуш ўртоғи кечгача ишда. Уйда ёлғиз пул топадиган одам шу. Топганини тийин-тийинигача қайнотасига беради. Катта рўзғор.
Қиз бола тушган жойига бошидан кўнгил қўёлмаса қийин экан.
Маликага ҳеч нарса ёқмайди. Қайнота-қайнонасининг иш буюриши ҳам, турмуш ўртоғининг тергаши ҳам, бири олиб бири қўйиб, бир этак боласи олдинма чоршанба куни етиб келадиган қайнопалари ҳам. Унга тинимсиз ақл ўргатадиган овсинини эса кўргани кўзи йўқ.
Ит тинса тинади, қуш тинса тинади, Малика тинмайди.
Ҳамма ухлаганда иккита овсин қоқ пешинда кир ювиши керак. Уйда алмисоқдан қолган кир машина бор. Аммо қайнонаси кирлар қўлда ювилишини истайди. Маликанинг норозилиги кундан кун кучаяди. Ишдан қайтгач ҳам телефон титкилаб ўтирадиган, гаплашмоқчи бўлса танбеҳ берадиган эри Маҳмудни ҳам кўришга тоқати йўқ.

Мана шу норозиликлар билан бир йил ўтди. Ҳомиладор бўлганини билгач қувонди. Турмуш ўртоғи ҳам. Энди ҳаётида нимадир ўзгариши керак эди. Жуда бўлмаганда энди уни оғир ишлардан озод қилишлари лозим эди. Йўқ, ҳеч нарса ўзгармади...

Ўшанда эрта баҳор эди. Унинг ой куни яқин.
Тушлик маҳали қайнонаси овсини иккисига қарата
—Овқатланиб бўлгач, помидор кўчатларини экиб ташланглар, — деди. Унинг эса ётгиси, бироз бўлсада дам олгиси келарди.
Чўккалаб ўтирганча кўчат экиб кетаркан, мадорсизланиб борарди. Ич-ичидан қайнонасига, битмас-туганмас ишларга, фақат ўз манфаатини ўйлайдиган эрига нафрати ошиб борарди. Шу куни кўзи ёриди.
Туғруқ жараёнлари оғир кечиб, руҳиятида ўзгаришлар бўла бошлади.( Аёл замонавий тиббиёт бу ҳолатни депрессия деб номлашини кейин билди)

Уйга чиққач, тинимсиз йиғлаётган бола билан ҳеч нарсага улгуролмас, жойини бўлак қилиб олган эридан ҳам, қайнона-қайнотасидан ҳам дакки эшитар, бир коса овқатни дўқиллатиб қўйиб кетадиган овсинини кўрарга кўзи йўқ эди.
Биғиллаб йиғлаётган боласини кўтариб, қотиб ухлаётган турмуш ўртоғининг бошига борди

—Маҳмуд ака, туринг, бироз болага қаранг, ҳолдан тойдим, мижжа қоқмадим, озгина ухлаб олай, —деди у йиғлаб.
Қовоғини очолмаётган эри ўшқирди
—Битта болани эплолмайдиган қандай аёлсан?

(Давоми👇👇👇)

Феруза Салходжаева

@ijod_sehri21

https://t.me/ijod_sehri21


Forward from: 🌸ИЖОД СЕҲРИ 🌸 Феруза Салходжаева (Феруза Баҳодир қизи)
Кеча бир зарурат билан ФҲДЁ га борган танишим айтади.

— Тўрт соат кутиб ўтирган бўлсам, олтита оила ажрашди. Шунда онамни эсладим ва йиғладим. Отам жудаям қаттиққўл бўлиб, зулмни ҳаддидан ошириб юборарди, урмасди-ку, ҳақорат қиларди, онам биз учун ҳаммасига чидабди, йўқса, отамдан кўп пул топардилар...
Онамнинг сабри ўлароқ отасиз ўсмадик, онамга қаттиққўл бўлган отам биз болаларининг кўнглига қарарди.
Ажрашаётган аёлларга шуларни айтгим келди, устоз, аммо кўзлар кўр, қулоқлар кар эди.
Ҳамма ҳам роҳатда яшамайди, чидаб яшайди ахир.
Инсон инсонга синов экан. Бир яхшига бир ёмон-, дея гапини тугатди танишим.

Мен эса ўқитувчи сифатида кўпдан бери ўйлаб юрган фикрларимга жавоб топмоқчи бўлиб, сизга мурожаат қилмоқчиман.
Нега ажрим кўп? Одамлар бир-бирига чидаб яшашга мажбурми? Фарзандлар келажаги ҳақида ким қайғуради? Умуман, аёллар сабр қилиши керакми?
Фикрларингиз биз учун муҳим.

@ijod_sehri21

https://t.me/ijod_sehri21

3.5k 0 15 45 94

Онаизоримга

Вақт ўтган сари ақлинг тўлиб, кўп нарсаларга бошқача назар ташлай бошлар экансан. Ҳаяжонлар ҳам тарк этар, ўзинг ҳам бепарво бўлиб қолар экансан. Аммо болалик хотираларингни ёдга соладиган буюмларга кўзинг тушса, юрагинг ҳапқириб кетавераркан. Балки, мен шунақадирман.
Ишдан қайтаётганимда шундоқ машиналар қатнайдиган йўл юзида азамат дарахт бор. Чилонжийда! Бу дарахт одатда шаҳарда учрамайди. Ҳозир роса пишган пайти. Майда, қип-қизил меваларига соатлаб тикилгим келади. Унда беғам, беташвиш болалигим бор.
—Кўп ема, қонингни суюлтириб юборади, дерди онам. Мен эса шундоқ дарахтдан узардиму ювиб ўтирмасдан оғзимга солардим.
Тандирда нон ёпаётган аёллар расмини кўрсам ҳам йиғлайвераман. Йигирмата нон учун қирқ бор тандирга кирган онамни эслайман.
Ҳамма таомдан онам пиширган овқатлар тотини қидираман.
Ўқитувчилик касбим орқасидан кўп оналарни кузатаман, назаримда ҳеч бирининг меҳри онам меҳрига тенг келмайдигандек туюлаверади. Менинг онам бошқача.
Дуолари ҳам бошқача онамнинг
"Эл ардоғида, халқ эъзозида бўл!"
Қўнғироқ қилсам, қувониб қоладилар. Сира ғийбат қилмайдилар. Биров билан иши йўқ онажонимнинг. Ҳасад нима эканини билмайдилар. Жигарларига жонини беришга тайёр турадилар. Силайи раҳмни қаттиқ ушлайдилар. Ака-укаларим совға қилган кўйлакларни бир марта ё киядилар, ё киймадийлар, дарров ҳадя қилиб юборадилар. Ҳеч қайси невараларининг туғилган кунини эсдан чиқармайдилар. Жудаям эътиборлилар.
Мен шу аёлнинг қизи бўлсамда, сира уларга ўхшай олмадим.
Бундан кейин ҳам ўхшай олмасам керак. Бетакрорим, жоним онам,, умрингиз узоқ бўлсин. Сираям касал бўлманг. Аллоҳ сиз азизамни икки дунёда азизу мукаррам қилсин
Отам билан бирга ҳеч кимдан кам қилмай ўстирдингиз. Олти фарзандни олий маълумотли қилиб, жамиятга қўшиб юбордингиз. Куни кеча укам Жавлонхўжа депутат сифатида Қозоғистон Президенти билан учрашиб қайтди. Лавҳаларни томоша қилиб ўтириб ҳам сизни эсладим. "Ҳар бирингизнинг чиққан тепангиз баланд бўлсин!" Барча ютуғларимиз ортида куну тун гоҳ яширин, гоҳ ошкора қилган дуоларингиз бор, онажоним, ҳамиша дуоларингиз қудратини ҳис қилиб тураман. Жоним онам, бошимга нима мушкулот тушса, биринчи сизни ўйлайман "Ахир менинг онам бор!". Кейин ҳамма ташвишларим ўз-ўзидан тарқаб кетади. Бахтимга омон бўлинг, онажоним.
Дуогўйим, меҳрибоним, Хожи онам, Сизни жудаям яхши кўраман!


Қизингиз Феруза ёздим

https://t.me/ijod_sehri21

4.1k 0 16 19 238

Forward from: 🌸ИЖОД СЕҲРИ 🌸 Феруза Салходжаева (Феруза Баҳодир қизи)
Бир аёл билан суҳбатлашиб қолдим. Келин излаётган экан. Ёши мендан каттароқ, ўғли ҳам ўттизга яқинлашиб қолган.
Аёл ўғлини, оиласини обдон мақтади, кейин яхши қизлар бўлса, тавсия қилишимни сўради. Мўлжалимдаги қизлар ҳақида айтмоқчи бўлдим, аммо...

—Кеча бир жойга совчиликка бордим. Дастурхонга патир қўйди, ушласам муздек. Шуни иситиб кел! Муздек патирни ушатганига ўласизми? Музлаткичда турган нон бўлса керак, худо билади неча кунлик...

Фикримдан қайтдим, мўлжалимдаги қизларни айтмай қўя қолдим.

Бу аёл шу туриши бўлса, ўғли яқин ўртада уйланмаса керагов...
Бировнинг азиз боласини сўраб бораётган одам нонни ушлаб кўришга ҳам журъат тополмаслиги керак, назаримда


Феруза Салходжаева

@ijod_sehri21

https://t.me/ijod_sehri21

4.6k 0 29 27 310

Ассалому алайкум

Жума  муборак, қадрдоним!

Сизга икки дунё саодатини тилайман.
Дуоларимизни Ўзи ижобат айласин!
Илоҳим, Аллоҳ  ризқимизни бутун, умримизни  хайрли,  турмушимизни баракали қилсин

Илоҳим,  Аллоҳ  барчамизни ёрлақасин!
Ўзи қалбимизга ҳаловат, жисмимизга қувват, турмушимизга барокат берсин!
Яратган  эгам  Ўзи  истаган  йўлларни бизга  очсин, истамаган  йўлларни  ёпсин!
Икки  дунёда ҳам  севимли бандалари  сафида  бўлишимизни  насиб этсин, иншаАллоҳ!


https://t.me/ijod_sehri21

8.9k 0 432 14 51

Allohumma solli 'alaa sayyidina Muhammad!
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
ЖУМА АЙЁМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН !

https://t.me/ijod_sehri21

5.6k 0 113 1 28

بِسْـــــــــــمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِـــــــــــيم
24.Yanvar.2025y. 24.Rajab.1446y
Toshkent vaqti bilan.
Juma ayyomingiz muborak bo‘lsin!
Sollallohu 'alayka yaa Rosulalloh!
                                                   
06:19  TONG Saharlik tugashi.

07:00  BOMDOD.

07:41  QUYOSH.

12:40  PESHIN.

15:48  ASR.

17:32  SHOM   Iftorlik vaqti.

18:49 XUFTON.


Masjidlarda jamoat namoziga takbir turli xil vaqtlarda tushiriladi.

  @Namoz_vaqti


Азизлар, биласиз, беш йилдан буён  беминнат хизматингиздаман. Ҳеч оғринмай, бетоб бўлсам ҳам, соғ бўлсам ҳам кўнглимга қил сиғмай турган бўлса ҳам, шодлигим тўлиб тошса ҳам сизга ҳикояларимни баҳоли қудрат тақдим этиб келдим.

Китоб чиқариш ҳаракатида эканимни биласиз. Шу чоққача ёзганларим бир сатр қораламайдиган блогерлар томонидан каналини ривожлантириш учун хизмат қилиб берди. Бир оғиз рухсатимсиз истаганча фойдаландилар. Индамадим.
Бу эса зиёнимга ишлади. Нашриёт билан шартнома тузиш арафасидаман. Бирорта янги қиссам йўқ. Ҳамма ўқиб бўлган ҳикояларимга харидор топиладими, йўқми? Шунинг учун "Йўқотишдан қўрқаман"  ва "Қанотсиз фариштам"  асарларимни асосий каналга жойламайдиган бўлдим. Бундан кейин ёзадиган учта ҳикоям ҳам ёпиқ каналдаги жуда кам сонли мухлисларим учун тақдим этилади.
Давомини ўқишни истаганлар ёпиқ каналга аъзо бўласиз, ёки яқинда нашр этиладиган китобимизни ўқийсиз.
Кейин ҳаммаси ўз ҳолига қайтади, иншааллоҳ.

Орада митти ҳикоялар, мулоҳазалар, билан ўртоқлашиб, кўнглимдан тўкилганини илиниб бораман.
Ҳозирча шунга мажбурман.

Мурожаат учун @Salxodjayeva_bot

Қўллаб-қувватламоқчи бўлсангиз,
ҳам @Salxodjayeva_bot га ёзинг.

5.1k 0 3 79 350

Бевафо болалар

Олдин айтиб қўяй, ўқувчиларимни қандай бўлса, шундайлигича, яъни борича яхши кўраман.
Кўп йиллик ўқитувчилик тажрибамда бир нарсани кузатганман. Мактабга янги ўқитувчи келса, бир-икки кун дарс берганидан кейин: "Ўқувчилар, аввалги ўқитувчимиз бизга буларни ўргатмаган эди, -дейишяпти",  ёки " Болалар оддий нарсаларниям билишмайди, аввалги ўқитувчиси ўргатмаган экан",— каби гаплар билан кириб келадилар.
Бугун ҳам келиним "Ойижон, ўқувчилар айтяпти, аввалги ўқитувчимиз бизга расм чизишни ўргатмас эди, мана энди сиздан ўрганяпмиз, деяпти, у киши маниям устозим бўладилар, институтгаям шу устозим тайёрлантирган, чизмачилик соҳасида ҳам тенги йўқ бўлганликлари учун  институтга ишга ўтиб кетдилар, ўргатмасликлари мумкин эмас", — деб қолдилар.

Келин-қизимга нимага деган бўлсам, айнан ёзаман.

Бундан анча йиллар олдин, ҳали репетиторлик у қадар ривожланмаган пайтда мактабимизда бир аълочи қиз бўларди. Ҳамма фандан аълога ўқир, инглиз тилидан фан олимпиадаси ғолиби эди. (устозининг тун-у кун ўтган қўшимча дарслари эвазига)
Шу ўқувчи мактабни битирган йили омади кулиб олийгоҳ талабаси бўлади. Иттифоқо, кўчада кўриб қолдим. Табрикладим, устозининг меҳнатини эътироф этдим.
  "Устозим менга ҳеч нарса ўргатмаган эканлар, ўқишга киргач билдим, ўзлариям унчалик яхши билмас эканлар! " Қани садоқат, қани миннатдорчилик!?

Қайсидир йили талабчан, ўз услубига эга устозларимиздан бири малака оширишга борадиган бўлди. Дарсларини бўлиб беришди. Деярли барчамиз шу синфга дарсга кирдик. Мен ҳам.

"Устоз, сиз яхши дарс ўтар экансиз, бизга энди ўзингиз киринг!" —деб қолди улар. Билишимча, бу болалар мендан бошқа дарсга кирган бешта ўқитувчига ҳам шу гапни айтган эканлар. Энг қизиғи, улар ҳақиқий устозлари қайтганда "Устозим, яхшиям ўзингиз қайтиб келдингиз, сиздан яхши ўқитувчи оламда йўқ экан, соғиндик",—деб кутиб олибдилар...

Бугун аввалги устози устидан шикоят қилган ўқувчи эртага сизнинг ҳам ортингиздан шу гапни айтади.
Аммо  садоқатли, устозини   улуғлаган  ўқувчиларни ҳам кўрдик, уларни ҳаётда ўз ўрнини топиб кетганига ҳам гувоҳмиз.

Ҳали ҳануз кимнинг шогирди йўқлаб турган бўлса, ўша шогирднинг ўзи яхши ва у яхши одамларнинг фарзанди эканлигига ишонаман.

Ким билади балки таълим-тарбия бераётганимизда ўқувчиларимизга садоқат ва вафодан ҳам дарс бериш лозимлигини  ёддан чиқариб қўйдикмикан?

Феруза Салходжаева

@ijod_sehri21

https://t.me/ijod_sehri21

11.9k 1 199 20 212

#Сабрием

Кечиккан Мумтозим ёхуд Капалак умри.

Муаллиф: Феруза Салходжаева
Ижрочи: Сабрием

@Sakiyna_official I 👈

https://t.me/ijod_sehri21


Forward from: 🌸ИЖОД СЕҲРИ 🌸 Феруза Салходжаева (Феруза Баҳодир қизи)
Умид

Мактабга олти ёшимда чиққанман. Маҳалладаги ўртоғимдан қолиб кетмаслик учун йиғлайверганман, ноилож адам раҳматлик гаплашиб, мактабга жойлаб келгандилар. Энди-энди биламанки, орадаги бир ёш ҳам муҳим экан. Дарсларни ўзлаштиришда қийналмаган бўлсамда, дугоналарим билан бўладиган мулоқотларда қийналганман, улар гаплашадиган мавзуларга унчалик тушунмасдим. Барибир, кичиклигим панд берар эди. Бунинг устига жудаям эркатой бўлганман. Кўп касал бўлардим, шунданми, ота-онам бошқа фарзандларига нисбатан кўпроқ авайлар эдилар. Отам раҳматлик уришиш у ёқда турсин, овозини баланд кўтариб гапирган одам эмасди. Ҳамиша эркалаб, (кап-катта бўлганимдаям) меҳр билан парваришлаб, жудаям хушмуомилалик билан, оғзимдан чиққанини муҳайё қилиб катта қилгандилар.
Уйда умуман оғир гап эшитмаганим учунми бегоналарнинг бир оғиз ёмон гапига мазам бўлмай қоларди. Аниқ эсимда. Қўлларимдан етаклаб Низомий номидаги педагогика институтига олиб келганлари. Талаба бўлганман, аммо институт остонасида туриб қалтиряпман. "Ўқишга кирмайман, Турбатга қайтиб кетаман",—дейман.
Дилфуза опам ҳам шу институтда 3-курсда ўқир эдилар. Танаффус бўлиб талабалар орасида опам кўриндилар. Биз билан саломлашиб бўлгач, ўртоқлари билан ҳазиллашиб, битта дугоналарини қувлаб, хуш-хандон зинадан юқорига кўтарилиб кетдилар.

—Ана, опангни кўрдингми? Эртага сен ҳам ўрганиб кетасан! Овутадилар отам бечора. Машинада йиғлаб ўтирганман "Кетиб қоласиз", —деб
Нимага одамлардан бунчалик қўрққанман, ҳалиям тушунмайман. Доим ёмон гап эшитиб қолишдан қўрқиб яшадим. Мана энди-энди танқидларга чидамли бўлдим, ҳаётда ҳамма ҳам хато қилишини , кейин қилган хатосини тузатиб яшашини ўргандим. Кўп нарсалар армон энди. Мен ҳар доим отамни соғиниб яшаганман (ёнларида туриб ҳам соғинаверардим). Отамнинг вафотидан кейин олтита фарзанд ҳаммамиз касал бўлиб қолдик.

Ўшанда илк бор институт остонасидан кириб кетаётанимда ўгирилиб қарасам, отам кулиб қараб турган эканлар.

Бугун қўрқсам, қийналиб қолиб ортимга қарасам, ҳеч ким йўқ...

Аллоҳнинг буюк инояти билан Жаннатга кирсам, иншааллоҳ, биринчи бўлиб отамни кўргани бораман. Кейин ҳечам ёнларидан кетмайман. Энди шу умид билан яшаяпман.

Феруза Салходжаева

@ijod_sehri21

https://t.me/ijod_sehri21

5.2k 0 20 25 401

Forward from: 🌸ИЖОД СЕҲРИ 🌸 Феруза Салходжаева (Феруза Баҳодир қизи)
Онаизор

Ўғлига қўнғироқ қилди
— Болам, яхшимисан?
— Она, ҳозир ўзим қайта телефон қиламан.
У томондан овоз келди
" Абонент бошқа йўналишга жавоб беряпти, илтимос, алоқада қолинг! "
Она қайта-қайта қўнғироқ қилди. Ўғли банд эди.  Юрагига ваҳима ўрнашиб қолган онаизор қўлини қиблага очди, ўғлини дуо қилди.
Яна қўлига телефонини олди.
Узун гудок кетди.  Хайрият!
—Ҳа, ойи!
—Сенга нимадир бўлган, тўғрисини айт, бўлмаса, ҳозир такси чақириб, ишхонангга бораман.
Ўғил онасининг одатини билади. Охири ёрилди. Маълум бўлишича, унинг навбатчилигида ишчилардан бирининг телефони йўқолган.

Онаизор тинчиди.

Бироз ўтиб яна ўғлига қўнғироқ қилди.
—Болам, йўқолган телефон қанақа экан?
—Вой тавба, сизга нима қизиғи бор, нима қиласиз телефон маркасини?
— Ўзимникини бермоқчи эдим ўша одамга.  Мен телефонни нима қиламан, болам. Сенга гап тегиб қолмасин!

Феруза Салходжаева

@ijod_sehri21

https://t.me/ijod_sehri21

5.1k 0 34 21 257

Forward from: 🌸ИЖОД СЕҲРИ 🌸 Феруза Салходжаева (Феруза Баҳодир қизи)
Ассалому алайкум, хайрли тонг, қадрдоним!

Тоғлар тоғларга суяниб юксалади, ирмоқлар ирмоқларга қўшилиб улкан дарёларга айланади. Инсон ҳам ёлғиз ўзи яшай олмайди. Оламда якка ўзи бўлса, унга эришган муваффақиятининг қизиғи ҳам бўлмайди. Одам одам билан тирик. Кўнгил фақат кўнгилдан сув ичади.
Атрофимиздагиларни қадрлайлик, уларни борича қабул қилайлик.
Замондошим, борлигингиз учун, раҳмат.
Хайрли тонг!
Кунингиз аъло кайфиятда ўтсин!

Феруза Салходжаева

@ijod_sehri21

https://t.me/ijod_sehri21

5.4k 0 184 12 106

Эълон

Ҳурматли, Қозоғистонликликлар, энди сизлар учун ҳам ёпиқ каналга уланиш имкони бор. Касби орқали тўлов қилишингиз мумкин.

Мурожаат: @Salxodjayeva_bot


Йўқотишдан қўрқаман

11-қисм

Марямнинг келинлик моллари Мардоннинг икки хоналик янги ижара уйини тўлдирган эди.
Янги келинлар тушган уйнинг аллақандай ифори бўлади. Духоба кўрпачаларнингми, оҳорли пардаларнингми, ёки гиламларнингми хуш ифори ҳаммага бирдек ёқади. Ёшлар ҳам бахтидан маст эдилар.

Иккиси ҳам ишга тушиб кетди. Меҳнаткаш, қобилиятли эди улар. Бир хил  касб эгаси бўлганлиги боис ҳам суҳбатлари тугамас, ойлик маошлари эса иқтидорлари қадар кўп эди. Пул жамғара бошладилар. Яхши ният билан. Бир йилга қолмай анчагина  миқдорда пул йиғилди. Улар уй олиш орзусида шу қадар жидду жаҳд қилар эдиларки, ҳамма нарсани унутган эдилар. Уйга ҳам қўшимча иш олиб келар,  биргалашиб катта-катта лойиҳалар, дастурлар яратар эдилар.
Баъзан жуда чарчаб кетсалар, шаҳар айлангани чиқар, шунда ҳам суҳбатлари иш мавзусида бўларди.
Чори билан Гулюз икки-уч ойда бир хабар олгани келар, шунда ижара уйга  улар билан бирга қандайдир  руҳ кириб келарди. Зерикарли ҳаётлари бирдан ўзгарар, дунёда ҳисоботу, дастурлардан ташқари яна қандайдир гўзал,  беташвиш ҳаёт борлиги кўзга ташланиб қоларди.
—Марямжон,-деди бир куни Гулюз
—Сен бундай кўп ишлама, бачам, энди она бўлиш ҳақида ўйла. Худо берса, сабр қилсанг, Мардонжон ўзи ҳам яхши пул топади, сен яхши бир дўхтирга кўрин, хўпми, бизга энди невара олиб келинглар!
Марям бир йил давомида мустақил бўлиб қолгани учунми, негадир қайнонасининг гаплари ёқмай қолганди , аммо беғубор, соддадил ойижониси юрса ҳам, турса ҳам  уни дуо қилаверади.
—Ёлғизим ўзидан кўпайсин!
Уч кун ўтмай ота-онасининг яна қишлоққа отланиб қолганини кўрган Мардон ҳар қандай сабаб қўллаб ҳам уларни олиб қололмади.
—Мол-ҳол қўшнига қолиб кетди, уй қаровсиз қолмасин, —баҳона қилди Чори.
Гулюз бу сафар ҳам янгилик бўлмаганидан кўнглини узиб-узолмай кетди. Дуо қила-қила кетди. Назарида, ўғли ҳам келини ҳам  уйга пул жамғариш умидида ишга шўнғиб, қадриятларни ҳам, меҳр-эътиборни ҳам унутиб бораётгандек эдилар. Шунча масофа босиб, болаларини кўргани келса-ю иккиси икки бурчакка ўтириб олганча аллақандай кўзойнак тақиб, компьютердан кўзини узмаса!
Марям ҳам аввалгидек илтифотли эмасдек. Ишдан келадию нари-бери бир нарсани қозонга солиб, яна ишга шўнғийди.

Гулюз қишлоққа қайтиб бориб ҳам кўнгли ғаш бўлиб юрди. Унинг назарида ўғлининг ҳаёти бундай бўлиши керак эмас эди. Ўлиб-тирилиб пул йиғаётган эр-хотин унинг кўзига қўрқинчли борган сари  қўрқинчли кўринаётганди. Бу ёқда қўшнилари неваралик бўлдими йўқми сўраб ҳоли-жонига қўймайди.

Чора қидирган одам, топади.

Гулюз энди кечалари таҳажжуд намозига турадиган, узоқ дуо қиладиган бўлди.

Чори ҳам кучдан қолиб бораётган, ҳам иш, ҳам мол-ҳол, томорқа,  яна уй ишлари билан чарчаб қолаётган эди.
Ўша куни ҳам ишдан чарчаб қайтди. Қандайдир хомуш эди у.
Гулюз дастурхонга ош  келтирган бўлди, иштаҳасиз эди эри.
—Нимадир бўлдими? —сўради у эрининг кўзига тикилиб.
—Озодни биласан..
—Ҳа, ҳа, тинчликми?
—Невараси бетоб бўлиб шифохонага тушибди. Юрагида иллат бор экан. Шуни ўғли бизнинг Мардондан кейин уйланганди, қара, болалик ҳам бўлган экан.
Гулюз тамомила бошқа нарсани ўйлаётганди
—Ҳозир яхшимикан болача?
—Операция қилиш керак экан. Пул излаб юрибди.

Гулюз жон ҳолатда Чорига гапира бошлади
—Жон дадаси, эрта бозор она-бола қўйни сотинг, пулини шуларга олиб бориб беринг. Дуо қилсин. Бизнинг Мардонжонга кўрганда кўз қувонадиган, аҳли мўмин фарзандлар берсин!

Феруза Салходжаева

Ҳикоянинг давомини ёпиқ каналда ўқишингиз мумкин
Мурожаат: @Salxodjayeva_bot


@ijod_sehri21

https://t.me/ijod_sehri21

5.9k 0 9 26 288

11—синф адабиёт дарслигида Фитратнинг "Абулфайзхон" драмаси берилган. Бугун ролларга бўлиб ўқидик. Ўқувчиларнинг актёрлик маҳорати бор деб айтолмайман, аммо ҳаракат қилдилар. Бу овозни эса ўзим учун ёзиб олдим. Ҳадемай нафақага чиқсам, ишлаб юрган кунларимни хотирлаб ўтирарман.Ўша кунларга етказсин. Истасангиз, тинглаб кўринг

https://t.me/ijod_sehri21


Отам жуда банд инсон эдилар.
Тадбиркорлик, жамоатчилик ишлари , адабий ҳаёт, ижод , жигарчилик...

Ҳамманинг кўнглини олишга интилардилар. Жуда банд инсон бўлсаларда Расулуллоҳ (с.а) суннатларига мувофиқ биз учта қиздан мунтазам хабар олиб турар эдилар.

Бир куни эрталаб  шошилиб уйдан чиқаётсам телефоним жиринглади. Отам!
—Ассалому алайкум, ада!
—Уйдамисан, болам? -дедилар алик олгач.
—Ҳа, энди ишга кетмоқчи эдим.
—Кетмай тур, Юсуфхўжани кўргани келяпман, сени ҳам кўриб кетай!
Турмуш ўртоғимнинг бироз тоби йўқ эди.
Хом сут эмган бандамизда,  барибир , ишимни ўйлайвердим, “Кеч қоладиган бўлдим",— деб.
“Кетаверсаммикан?“-деб
Доимгидек , деярли қайноқ нонлар кўтариб кириб келдилар.

Юзларидан нур таралар,  ўзлари ҳам бетобдек эдилар, назаримда. Фотиҳа ўқилди, бир пиёла чой ичиб куёвларидан ҳол- аҳвол сўрадилар, кўнгилни кўтарадиган гаплар айтдилар.
—Майли, ишингга бора қол!- узоқ дуо қилдилар ва хайрлашиб кетдилар.
Йўлда кетяпману , барибир “Кеч қолмадиммикан?“деб ишимни ўйлаб кетяпман...
Отам эса...Бир ҳафтадан кейин вафот этдилар!
Ишим жойида, жаннатмаконим йўқ! Дуогўйим йўқ! Мен аҳмоқ, нимага ўшанда кун бўйи ёнларида қолмадим. Нимага қизариб турган юзларидан беморликларини билмадим? Нимага кейинги пайтда машиналарини фақат шофёрлари ҳайдаётганига ҳам эътибор бермадим...
Нима,  отамнинг умри боқий деб ўйладимми? Адамлани охирги кўрганим шу бўлди...

Сиз армонда қолманг, отаси борлар...

Бугун ҳам ишга кеч қоладиганга ўхшадим. Ўйлаб кўрсам, ўшандан бери биринчи кечикишим экан. Ўғлимнинг  "Машинани қиздириб олай", деганига ҳам  кўнмай, ҳайдашни буюрдиму, бирдан  шу воқеа эсимга тушиб кетди. Кўнглим бузилиб, ўпкам тўлди, кейин,
—Ўғлим, шошмай юравер, ҳали вақт кўп экан,-дедим.

Иш деб қанча-қанча азиз дийдорлардан  воз кечдим экан...

Феруза Салходжаева

@ijod_sehri21

https://t.me/ijod_sehri21

6k 0 22 92 328
20 last posts shown.