* * *
Сизни севиш учун яратилганман –
Ташриф қоғозимда ёзилган шундай.
Уни қандай қилиб ўчириш мумкин,
Севгим дунёларга аён-ку кундай?
Мумкин эмас уни ўзгартирмоқ ҳам,
Шундай қилсам, умрим хароб бўлгуси.
Ёнишлар, куйишлар... барчаси бир пул,
Орзу-умидлар ҳам сароб бўлгуси.
Аммо сизнинг ташриф қоғозингизда
Нелар ёзилгани менга ноаён.
Нега сир тутасиз уларни мендан
Ва менга бепарво боқасиз ҳамон.
Яшайман туманли хаёллар ичра,
Қалбимда ғалати шубҳа, хавотир.
Балки сизнинг ташриф қоғозингизда
Ёзилган мен эмас, бошқа бировдир?
Мен овсар, оламга солганимча жар,
Юрибман сизга шеър, ғазаллар битиб.
Ростин айтақолинг, шундай бўлса гар,
Ташриф қоғозимни ташлайин йиртиб.
Сулаймон ШОДИЕВ
Уланиш учун:
https://t.me/ijod_bustoni